Жамият | 02:17 / 23.08.2018
34216
11 дақиқада ўқилади

Данғара туман ҳокимлиги уч марта қарор ўзгартириб, тадбиркор аёлнинг ерини олиб қўймоқчи

“Қўли гул” деган таърифни эшитгансиз албатта? Мазкур мақоламиз айнан қуруқ қумлоқ ерни меҳнати билан  гулзорга айлантираётган тадбиркор аёлнинг мушкул ҳолатга тушиб қолгани ҳақида.

2010–йилдан гул етиштириш билан шуғулланишни бошлаган Шахноза Юсупова  тезда катта ютуқларга эриша бошлади. Орадан икки йил ўтиб, тадбиркор аёл Фарғона вилоятини 100 минг туп гул билан таъминлашга эришган. Кўчалар, хиёбонлар атрофи, ташкилот муассасалар атрофларига экилган анвойи гулларни етиштириш, ландшафт дизайни машаққати ва ундан роҳатланишни бошдан кечирган қаҳрамонимиз борган сари ўз ишини ривожлантириб борди. У ҳозир тажрибали ва  дунёнинг энг ноёб гулларини ўстиришни ҳадисини олган гулчи. 

Тадбиркор айни пайтда вилоятдаги 200га яқин хонадон эгалари билан томорқада гул етиштиришни йўлга қўйган. Мана сизга бугунги кун талабининг ижроси! Шахноза Юсупова аёл боши билан шунча хонадонда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишни ва керак бўлса касаначилик лойиҳасини юргазмоқда. Шу йили у 800 минг туп мавсумий гул кўчати етиштиришга эришибди. Даромади ҳақида батафсил сўрамадик. Баракасини берсин. Аниқ-ки, икки юз, уч юз миллион сўмдан ошиқ...

2015-йили Данғара туманининг ўша пайтдаги собиқ  ҳокими Шуҳратбек Абдусаломов тадбиркор аёлдан туман марказини обод қилишда ёрдам беришини сўрайди.

Ҳоким тадбиркорнинг уйига бориб туман марказидаги истироҳат боғи қурилиши мўлжалланган жойдан гул етиштириш учун ер майдони таклиф қилади.

Ҳоким:“Данғара туман, Муқимий кўчасидаги “Истироҳат боғи” ер майдони четидан  жой берамиз турли ноёб гуллар етиштириб, кейинчалик  кўргазмасини ташкил қилсангиз ҳамма томошага келади. Истироҳат боғининг гулзорларини ҳам ўзингиз ташкил қиласиз. Биргаликда боғни-боғ қиламиз”,- дея, 60 сотих ерга доимий фойдаланиш учун Қарор чиқариб ҳам беради.

Гул маданий ўсимлик. У ҳосилдор тупроқда ўсади. Ҳоким берган жой ахлатхонага айланган  қумлоқ ер экан. Грейдер билан текислаш, ерни ер қилиш ишларидан ташқари Шаҳноза Юсупова ориқ ва янтоқдан бошқа ўсимлик ўсмайдиган жойни икки йилда унумдор тупроқ ва чиринди ташиб эпақага келтирди. Биринчи йилни ўзида тадбиркор 25 машина гўнг, унумдор тупроқ ва чиринди келтириб солади. Бир “Камаз”да келтириладиган гўнг 600 минг сўм атрофида.  Гулзорга табиий иссиқхона ва бассейнлар, атрофига хом ғишт ва тунукадан девор қуради. Бу жараён жуда катта маблағ талаб қилиши эса ҳаммага аён.

Собиқ ҳоким орадан вақт ўтиб, тадбиркорни чақириб, Қарорини  ўзгартириб беришини айтади.  “Нега?” деган саволга ҳоким:  “Мен шу ердаманку, нимага хавотир оласиз?” дея жавоб берган.

Навбатдаги, яъни 2015 йил 31 декабрь кунги №1120 қарор: “Истироҳат боғи” ер майдонининг бир қисмида фуқаро Шаҳноза Юсуповага енгил конструкцияли гулхона қурилишига рухсат бериш ҳақида” дея чиқарилади.

Тадбиркорнинг уч йиллик меҳнатлари натижасида 60 сотих жойда яхшигина гул етиштиришга эришилди.

Собиқ туман ҳокими 2017 йил июнь ойининг 6 кунида №723 рақам остида энди янги қарор чиқаради. Қарор мазмуни эса бундай эди: “Данғара шаҳарчаси, Муқимий кўчасида жойлашган “Истироҳат боғи” ҳудудидан фуқароларга ер ажратиш тўғрисидаги қарорларни бекор қилиб, туман ҳокимлиги захира ерлар фондига қайтариш тўғрисида”.   Лекин, бу Қарор Шахноза Юсуповага узоқ вақт кўрсатилмайди.

2018-йилнинг мартида туманга Саидмурод Аминжонов ҳоким этиб тайинланди. Орадан вақт ўтиб, Шахноза Юсупова ўз гулхонасига келганида уни туман ҳокимлиги қулфлаб кетганини кўради. Бунинг сабабини билиш учун туман ҳокимлигига кирганида,  мавжуд Қарорга асосан унинг ери туман захира фондига қайтарилганини айтишади. Шунда у ўзи излаб 9 ой илгари чиққан ҳужжатни топган. Тадбиркорни ҳеч ким огоҳлантирмагани таажжубли ҳолат. Сабаби, у 60 сотих гулзорга бу йилги гул кўчатларини экиб бўлган эди. Оз эмас - 150 миллион сўмлик гул кўчатлари...

Шу йил июнь ойининг 25 куни Данғара туман ҳокимлиги тадбиркорга расмий “Огоҳлантириш хати” жўнатади. Унда тадбиркордан ер майдонидаги барча “ноқонуний қурилма”ларни ўз ҳисобидан бузиб олиб чиқиб кетиши сўралган.

Тадбиркор, ҳудудида катта маблағдаги гуллар бўлгани сабаб ҳокимлик томонидан бузилиш ишлари олиб бормаслигини сўраб Данғара туман маъмурий судига “дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақида” ариза беради.

2018- йил 1 август куни Данғара туман маъмурий судининг раиси Э.М. Ортиқов аризачи Шахноза Юсупованинг жавобгар Данғара туман ҳокимлигига нисбатан “Ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш” ҳақидаги шикоят аризаси бўйича иш олиб бориб, аниқланган омиллар бўйича ажрим қилади. Суд иш ҳолатларидан кўринишича, дастлабки ҳимоя чоралари қўлланмаса, суднинг ҳал қилув қарори ижроси  қийинлашишига ва бажарилмай қолишига сабаб бўлиши мумкинлиги сабаб, дастлабки ҳимоя чоралари қўллашни лозим топади.

“Данғара туман ҳокимлиги томонидан Ш. Юсуповага тегишли бўлган Данғара шаҳарчаси, Муқимий кўчасидаги 0,60 га ер майдонига қурилган биноларни бузишга таъқиқ қўйилсин” дея ажрим қилади суд.

Бироқ 15 август куни тадбиркорга гулхонасининг деворларини бузишаётгани ҳақида хабар қилишади. У келганида Данғара туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Маъруфжон Холмирзаев  бошчилигидаги гуруҳ атрофдаги деворларни тепа қисмини бузишга киришган эди. Шахсий мулкни бузилаётганини кўрган тадбиркор ва унинг онаси аввалига мутасаддига тўхтатишни талаб қилишади.  Сўнг тадбиркор Шахноза Юсупова туман мутасаддисининг машинасига тош билан зарба бера бошлайди. Шунда девор бузиш иши ҳам тўхтайди.

 

Биз Данғара туман ҳокимлигида бўлиб, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Иқболжон Усмонов ва қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари вазифасини бажарувчи Маъруфжон Холмирзаевлар билан суҳбатлашдик.    М. Холмирзаев тегишли қарорга асосан тадбиркорнинг ери туман захира фондига олинганини ва  туман ҳокими буйруғи билан бузишга киришилганини билдирди.  Ўша ерда режага асосан истироҳат боғининг чархпалаги (карусели) қурилишини айтди.

Тадбиркорга ақалли бошқа жойдан ер майдони ҳам таклиф қилинмабди(оғзаки айтилган эканлиги ҳақида маълумот бор. У ҳам чўл ҳудудидан ). Компенсациянику қўяверинг.

 Туман ҳокими Саидмурод Аминжонов билан телефон орқали суҳбатлашганимизда мутасадди ҳам  тегишли қарорга асосан тадбиркор ер эгаси эмаслигини билдирди.   

Тадбиркорнинг гулзорига бордик. Кўп йиллик меҳнат эвазига барпо қилинган гулзорда турли гулларга ишлов бераётган ишчи аёллар билан суҳбат қурдик. Ойликлари 1 миллион 200 минг сўм экан. Парваришланаётган мавсумий гулларни кўриб ҳавасингиз келади. Озгина майдондаги гулнинг ўртача нархи ҳисоблаганимизда 100 миллион сўм атрофида чиқди.

Фақат гулхонани девори бузилгани чатоқ бўлибди. Қўй-моллар кириб гулларга анча зарар етказган. 

Шахноза Юсупованинг бошқа гулзорларини ҳам кўрдик. Оддийгина қилиб айтганда: “Лол қолмай илож йўқ..”        

  Хулоса

Туман ҳокимлигининг маъмурий суд ажримига эътибор бермаслиги ғалати ҳолат. Ахир, суд тадбиркорга тегишли мулкни бузишга таъқиқ қўйган-ку? Тадбиркорнинг шахсий мулки дахлсиз. Юртимиздаги тегишли қонун ва қоидаларга асосан ҳокимлик томонидан бузилишига йўл қўйилганига ажабландик. Ахир ҳокимият туманда қонун устиворлигини тарғиб қилиб, амалда кўрсатувчи орган-ку?

Нега ҳокимлик ҳали бирор аттракционга қозиқ қоқилмаган истироҳат боғининг бир бурчагидаги гулхонани бузишга бел боғлаганини ҳам тушуниш қийин.   

 “Маълум суммадаги маблағ ва меҳнат сарф қилган тадбиркор билан ҳеч ким ҳисоблашмайди? Ахир, истироҳат боғида дунёнинг энг ноёб гулларидан гуллар кўргазмаси бўлса, ўзгача ландшафт дизайн ва  шаршаралар қилсак дегандим. Пул сарфлаб қурсанг, ҳоким қарорини ўзгартираверса. Суд ажримини писанд қилмасликни эса алоҳида таъкидлаш лозим ”, дейди тадбиркор.

Чархпалак ҳамма истироҳат боғида бордир.. Лекин, Шахноза Юсупованикидек ноёб гуллар ҳамма жойда йўқ. Ҳокимлик шу жиҳатга эътибор берса бўлар эди.

Ҳозирча, туман ҳокимлиги ва ишбилармон аёл ўртасидаги низоли ҳолат давом этмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур масалани ўз ваколатлари  доирасида ўрганиб чиқишади, деган умиддамиз.

Ўйлаймизки, Данғара туман ҳокимлиги шароитдан келиб чиқиб, тадбиркор  фаолиятга тўсқинлик эмас, ёрдам беришга киришади. Муаммоли ҳолат икки томон учун ҳам ижобий якун топишидан умидимиз бор.

Воқеалар ривожини кузатамиз... 

                                                                                                 Элмурод Эрматов,
                                                                                                  KUN.UZ мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид