Трамп ёки Ҳаррис: Америка ва дунёни ким қашшоқроқ қилади?
Нафақат АҚШнинг, балки бутун дунёнинг ҳам фаровонлиги Америкадаги сайловлар натижасига боғлиқ. Америкаликларнинг кўпчилиги мамлакат бойлигини кўпайтиришни Трамп яхшироқ эплайди, деган фикрда. Иқтисодчилар эса, аксинча, Ҳаррисни қўллашмоқда ва Трампни жаҳон иқтисодиётига таҳдид деб билишади.
Ким ҳақ? 5 ноябр куни бўлиб ўтадиган оламшумул АҚШ президенти сайловларининг иқтисодий оқибатлари Ҳаррис ва Трамп командасининг иқтисодий дастурларига мутлақо алоқаси йўқми? BBC шу ҳақда таҳлилий мақола эълон қилди.
Нега иқтисодиёт сиёсатдан муҳимроқ?
Тарихий сайлов кампанияси сиёсий шовқин-сурон, ҳар икки томоннинг бир-бирини фашизм ва марксизмда айблашлари, Америка демократияси инқирози ва эҳтимолли фуқаролар уруши тўғрисидаги гап-сўзларга бой бўлди.
Иқтисодиёт ҳақида деярли оғиз очишмади. Бироқ у мазкур сайловлар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бунга иккита сабаб бор.
Биринчидан, АҚШдаги сайловчиларнинг энг муҳим талаблари рейтингида иқтисодий барқарорлик биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Америкаликлардан Трамп ёки Ҳаррис учун овоз бериш қарорига нима таъсир кўрсатмоқда деб сўрасангиз, уларнинг аксарияти биринчи ўринга иқтисодиётни қўяди. Қолган барча муаммолар: демократияга таҳдид, иммиграция, абортлар, қурол-яроғлар, Россия, Яқин Шарқ ва ҳоказолар кейинги ўринларда тилга олинади.
Иккинчидан, Америка аксирганда ривожланган давлатларнинг бурни оқа бошлайди, ривожланаётган давлатлар эса шамоллаб ётиб қолади. АҚШ — энг йирик иқтисодиёт ва сайёрамизнинг молиявий мотори, энг йирик савдо бозори ҳамда нефт ва газнинг энг йирик ишлаб чиқарувчисидир. Доллар эса жаҳондаги асосий захира ва ҳисоб-китоб валютасидир.
АҚШдаги муаммолар ундан кейинги иккинчи иқтисодиёт бўлган Евроиттифоқда ҳам таназзул юзага келтиради, Хитой ва бошқа ривожланаётган давлатларга ҳам оғриқли таъсир ўтказади. Буни АҚШда 2008 йилда содир бўлган молиявий инқироз яққол кўрсатиб берган, жаҳон ҳамон унинг асоратларидан қийналади.
Бузиш қуриш эмас
Трампнинг иқтисодий дастури Ҳаррис таклиф этаётганидан радикалроқ, бироқ Америка ҳукуматидаги тийиб туриш ва посанги тизимлари кескин ҳаракатларнинг олдини олади. Солиқлар ва бюджет харажатларини радикал пасайтириш учун Конгресс розилиги керак, қарор қанчалик радикал бўлса, розилик ҳам бир овоздан бўлиши керак бўлади.
Номзодлар ваъда қилиб ташлаган нарсалар, улар нимани реал ўзгартириши ва бу ишларни ким қилиши мумкинлиги ҳақида пастроқда гаплашамиз. Ҳозирча, Америка ва жаҳон иқтисодиётига нималар ҳар қандай иқтисодий дастурлардан кўра каттароқ таъсир ўтказа олиши борасида Нобел мукофоти олган иқтисодчиларнинг фикрларига қулоқ тутамиз.
«Иқтисодиёт гуллаб-яшнаши учун муҳим шартлардан бири — қонун устуворлиги ҳамда иқтисодий ва сиёсий аниқлик. Трамп унисини ҳам, бунисини ҳам таҳдид остига оляпти», — дейишган овоз бериш жараёнидан олдин Нобел олган йигирмага яқин иқтисодчилар жамоавий очиқ хатда.
Замонавий иқтисодиёт асослари — истеъмол ва инвестициялардир. Ноаниқлик инсонларни камроқ харжлашга, бизнесни эса лойиҳаларни кейинроққа қолдиришга ва одамларни ишдан бўшатишга мажбурлайди. Қонун устуворлиги ва демократик институтлар Ғарбда хусусий мулк сақланишини кафолатлайди – буни хатга имзо қўйган олимлардан бири, 2024 йилда иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотини қўлга киритган Дарон Ажамўғли илмий исботлаган.
Трамп иқтисодчилар учун ноаниқлик тимсолидир. У аввалги сайловларда мағлубиятга учраганини ҳамон тан олмаган ва жорий кампания даврида бир неча бор радикал ўзгаришларни ваъда қилган. Митингларда у тилга олган нарсалардан қай бири реалликка айланиши ҳам номаълум. Лекин бу номаълумлик ҳам аниқликка заррача ҳисса қўшмайди.
Трамп нималарни ваъда қилмоқда?
Трамп солиқларни кенг миқёсда пасайтириш, ижтимоий харажатларни қатъий кесиш, давлат томонидан тартибга солишни қисқартириш ва Байденнинг «яшил» қонунларини бекор қилиб, барча нетфчилар ва газчилар учун чекловларни олиб ташлашни ваъда қилмоқда. Яна у кўп нарсаларни ваъда қилмоқда, лекин улар амалга ошиши учун консерватив икки партияли Сенатда ваъдалари сонига тенг ўзига ўхшаш радикал ўзгариш тарафдорлари зарур бўлади.
Лекин бир нарсага шубҳа йўқки, Америка ва жаҳон иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган иккита сайловолди ваъдасини амалга ошириш учун Трампга президентлик ваколати етарли бўлади.
Биринчиси — Хитой ва Европа билан савдо уруши. Трамп бу урушни янада авж олдирмоқчи. Оқ уйга биринчи келишида у барча Хитой маҳсулотларига 25 фоизлик бож ўрнатган, Европанинг қатор товарларига божларни оширганди. Хитой ва Европа Иттифоқини жазолаб бўлмади, чунки ҳаммаси учун америкалик истеъмолчилар товон тўлашди.
Энди Трамп янада кескинроқ ҳаракат қилишни мўлжаллаяпти ва божларни 60 фоизгача кўтармоқчи, бирйўла АҚШга Хитойнинг қўшни Мексикада жойлашган фабрикаларида ишлаб чиқарилган машиналар ва бошқа товарларни олиб киришни чеклаб қўймоқчи, бу эса Шимолий Америкада ҳам эркин савдога нуқта қўяди. Боз устига, Трамп Европага ҳам импорт тарифлари билан таҳдид қилмоқда, шунингдек, ишлаб чиқаришни АҚШдан олиб чиқиб кетаётган маҳаллий компаниялар ҳамда халқаро ҳисоб-китобларда доллардан воз кечмоқчи бўлган мамлакатларга ҳам мушт дўлайтиряпти.
Bloomberg Economicsʼдаги америкалик иқтисодчилар Трампнинг божлари 2028 йилда ўтказиладиган кейинги президентлик сайловларигача ЯИМнинг 0,8-1,3 фоизи миқдорида иқтисодий зиён келтириши мумкинлигини ҳисоблаб чиқишди. Бу улкан пуллар: Америка ЯИМи айни пайтда 30 трлн долларга тенг, ХФВ прогнозларига кўра, 4 йилдан сўнг 34 трлн долларга етади.
Иккинчи ваъда — мигрантларни депортация қилиш. Америкадан нолегал мигрантлар чиқариб юборилиши АҚШни яна бир неча юз миллиард, ҳаттоки триллион доллардан мосуво қилади, деб ҳисоблашмоқда иқтисодчилар.
Bloomberg Economics Трамп ғалаба қозонган шароитда мигрантларга қарши курашнинг учта сценарийсини моделлаштирган: 1) чегараларни ёпиш ва бошқа ҳеч кимни қўймаслик; 2) бирйўла яқинда келган нолегал мигрантларни чиқариб юбориш; 3) қачонлардир рухсатномасиз келган мигрантларнинг барчасини, агар улар ҳужжат қилган бўлса ҳам чиқариб юбориш.
«Ишчилар қанча камайса, ЯИМ ҳам шунчаки камаяди, — деб ёзишмоқда улар. — Яқинда келган мигрантлар депортация қилинувчи иккинчи сценарийда 2028 йилга бориб иқтисодиёт ҳажми бу иш амалга оширилмаганидан кўра 3 фоизга камроқ бўлади. Бу ҳолда аҳоли сони жуда тез қисқармайди ва аҳоли жон бошига ўртача даромад камаяди».
Бошқача айтганда, америкаликлар камбағалроқ бўлишади.
Ҳозирча иммиграция давлат фойдасига ишлаяпти ва ковид пандемиясидан сўнг инфляция ва кредитлар қиймати ошиб бораётганига қарамасдан, АҚШнинг Европа ва бошқа ривожланган давлатлардан тезроқ ўсишини таъминлаб келмоқда.
Конгресснинг бюджет офиси ҳисоб-китобларига кўра, яқинда рўй берган рекорд даражадаги мигрантлар оқими 2023 йилдан 2034 йилгача АҚШ ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 7 трлн долларга оширади ва давлат хазинасига қўшимча 1 трлн доллар даромад келтиради.
Нега Ҳаррис иқтисодиёт борасида Трампга ютқазяпти?
Ҳаррис ҳозир ҳам вице-президент сифатида ҳокимият тепасида, агар сайловларда ғалаба қозонадиган бўлса, ундан солиқ ва бюджет сиёсатида айрим ўзгаришлар билан ўрта синф учун қулай, бойлар учун ёқимсиз бўлган партия сиёсатини давом эттиришини кутишмоқда.
Унинг сайловолди дастурида ўрта синф учун солиқлар туширилиши, кичик бизнес ва стартапларни қўллаб-қувватлаш, арзон тураржойлар ва тиббий хизматлар тилга олинган.
Байден даврида Америка иқтисодиёти рецессияга тушиб қолишдан қутилди ва прогнозларга зид тарзда ишонч билан ўсиб бормоқда, бироқ унинг вице-президенти Ҳаррис иқтисодий сайловолди фронтида ҳимояланишга мажбур бўлмоқда, чунки америкаликлар Трамп даврида яхшироқ яшаганмиз, деган фикрда.
Бунга асосий сабаб ковидгача жаҳон аҳолиси паст ставкалар ва барқарор нархларга кўникиб қолган эди. Бутун бир авлодлар учун ковиддан кейинги 10 фоизлик инфляция ҳаётида биринчи бор дуч келган шок бўлди.
Улар буни бутун умрга эслаб қолишди ва энди фурсат туғилиши билан Байден ва Ҳаррисга «Трамп вақтида бунақаси бўлмагани»ни эслатишмоқда.
«Нимадан кўпроқ таажжубланишни ҳам билмайсан киши: Америка иқтисодий ўсишда юқори инфляцияга дучор бўлмасдан ривожланган давлатлардан анча ўзиб кетганигами ёки Байденни бунинг учун мақташмаётганига?» — деб ёзган иқтисодчи Пол Кругман ва АҚШ ҳамда еврозона иқтисодиётларининг ўсиш графигини илова қилган.
Унинг Нобел лауреатлари элита клубидаги ўнлаб ҳамкасблари очиқ хатда Ҳаррисни қўллаб-қувватлашган.
«Ҳар биримизнинг у ёки бу иқтисодий сиёсатга ўз нуқтайи назаримиз бор, лекин умуман олганда биз Ҳарриснинг иқтисодий дастури миллатнинг саломатлигини мустаҳкамлайди, иқтисодиёт барқарорлигини оширади, инвестициялар кириб келишига ва янги иш ўринлари яратилишига, мамлакатимизда ижтимоий адолат ўрнатилишига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. У Доналд Трамнинг мутлақо самарасиз иқтисодий дастуридан анча яхши», — дейилади хатда.
Кўрпага қараб оёқ узатиш
Трамп ва Ҳаррис сайловолди ваъдаларидан қай бирини амалга ошира олиши уларнинг нафақат ўз гапига жавоб бера олиш қобилиятига, шунингдек, 5 ноябр кунги сайловда америкаликлар сенаторларнинг учдан бир қисмига қайта овоз берадиган ва кучлар тақсимоти ўзгариб кетиши мумкин бўлган Сенат розилигига ҳам боғлиқ.
Лекин ҳозирдан кафолатлангани шуки, 5 ноябр куни бўлиб ўтадиган сайлов натижалари қандай тугашидан қатъи назар, Америка центни центга улаб яшай бошлайди.
Трамп ҳам, Ҳаррис ҳам ЯИМнинг 100 фоизига тенглашаётган АҚШнинг гигант қарзини қисқартириш, тақчиллиги иқтисодиёт ўсишининг тинчлик вақтидаги эмас, кризис ва уруш даврига хос бўлган бюджетдаги туйнукларни ёпиш ҳақида лом-мим дегани йўқ.
Бу ҳақда америкаликларга сайлов олдидан халқаро валюта фонди раҳбари Кристалина Георгиева эслатиб ўтган эди.
«Қуёш чарақлаб турганда аслида чакка ўтказадиган томни алмаштиришнинг айни фурсати. Бироқ доим тақчиллик ва қарз муаммосини кейинга қолдириш хоҳиши бўй кўрсатади», — деганди у.
Георгиеванинг эслатишича, АҚШ қарзи ва бюджети тақчиллиги аввал ҳам юқори бўлган, бироқ сўнгги йилларда муаммо чуқурлашган, чунки Оқ уй қўшимча равишда пандемия ва инфляция кўринишидаги иккита кризисга қарши курашишга мажбур бўлган.
«Энди иқтисодиёт ишончли ўсишга қайтганидан сўнг, тўхташ ва бу трендга чек қўйиш керак», — деган у, шу ондаёқ сиёсий жиҳатдан буни амалга ошириш жуда мураккаб бўлиши, чунки харажатларни қисқартириб, солиқларни оширишга тўғри келишини тан олган.
Трамп ва Ҳарриснинг дастурларида бу борада ҳеч нарса ёзилмаган.
Тўғри, Трамп агар ғалаба қозонадиган бўлса, ўзининг асосий ҳомийси Илон Маскни давлат маблағларини иқтисод қилиш бўйича бошлиқ қилиб қўймоқчи. Маск эса давлат бюджетининг учдан бир қисмини кесиб ташлаш билан таҳдид қилмоқда. Лекин бунинг учун Конгресснинг розилиги талаб этилади, у эса ижтимоий харажатларни қисқартириш масалаларида анъанавий консерватив карашларга эга.
Мавзуга оид
21:40 / 04.11.2024
Трамп ниманинг эвазига ғолиб бўлиши мумкин? Ҳаррис-чи? Йилнинг асосий сайлови учун батафсил превю
16:14 / 04.11.2024
Камала Ҳарриснинг президентлигидан нима кутиш мумкин? Трампникидан-чи?
11:50 / 04.11.2024
Орбан: Трампнинг ғалабаси Европани Киевга ёрдамни ўзгартиришга мажбур қилади
10:10 / 04.11.2024