16:44 / 29.04.2024
10521

Ошхонада тайёрланаётган дронлар ва Очеретино учун жанг. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 795-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россияда 2024 йил 1 ноябрдан чақирув қоғозлари электрон шаклда юборилиши бошланади. Бундай чақирув қоғозларини олгандан кейин чақирув ёшидагилар мамлакатни тарк эта олмайди.
  • Буюк Британия мудофаа вазирлиги баҳоларига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан буён Россия ярадорлар ва ҳалок бўлганлар қўшиб ҳисобланганда 450 минг аскарини йўқотган.
  • Баварияда Украинанинг икки фуқароси ўлдирилди. Улар фронтда яраланиб, тикланиш жараёнини ўтаётган ҳарбийлар бўлишган. Қотилликда гумонланиб россиялик қўлга олинган.
  • Москва области маъмурияти эриётган қор остида дронлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
  • Украинадаги электр энергияси ишлаб чиқарувчи энг йирик ДТЭК компания маълумотига кўра, уруш бошланганидан буён Россия армияси Украина иссиқлик электр станцияларига қарийб 180 бор ҳужум қилган.

Кун кадри. Украинлар уй ошхонасида дрон йиғмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский феврал ойи бошида қўшинларнинг янги турини яратиш тўғрисидаги фармонини имзолаганди — бу Учувчисиз тизимлар кучлари. «Дронлар — пилотсиз тизимлар — ерда ҳам, осмонда ва денгиздаги жангларда ҳам ўз самарадорлигини намойиш этди. Украина дронлар эвазига Қора денгиздаги вазиятни чинакамига ўзгартирди. Қуруқликда штурмларни қайтариш — кўп жиҳатдан айнан дронлар иши эвазига бўлмоқда. Оккупантлар ва уларнинг техникалари ёппасига йўқ қилиниши ҳам дронларнинг иши», — деганди украинлар президенти (иқтибос New Voice нашридан), ўз телемурожаатида бу қарорга изоҳ бераркан. Снарядлар тақчиллиги шароитида украин ҳарбийлари пилотсиз учар қурилмалардан фаол фойдаланишга урғу қаратишмоқда ва улар орқали одатда артиллерия бажарадиган вазифаларни бажаришга ҳаракат қилмоқда.

Ишлаб чиқариш ҳажми чекланган снарядлардан фарқли ўлароқ, миллионлаб дронларни Украина ўзи импорт қилинадиган қисмлардан йиғиши мумкин. Ушбу фотода Киевдаги уч тадбиркор ошхонада ўтириб, You Tube’даги инструкциялардан фойдаланган ҳолда FPV-дронларни ясамоқда. 2024 йил 28 апрел
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA

Очеретино учун жанг

Россия қўшини апрел ойи охирида Донецк областидаги Очеретино посёлкасини эгаллаб олганди. РФ қуролли кучлари бир неча кун ичида фронтнинг Украина қуролли кучлари учун хавфли бўлиб турган мазкур участкасида қарийб етти километр илгарилашга эришди. Очеретинода мудофаанинг барбод бўлиши Украина қуролли кучлари бутун Донецк областида мағлубиятга учрашига олиб келиши мумкин.

Украинларнинг мудофаа вазирлигига яқин бўлган OSINT DeepState проекти 28 апрелга ўтар кечаси Россия қўшини Очеретино ҳудудининг 80 фоиз қисмини назорат қилаётгани, «посёлканинг қолган қисми саволли» эканини маълум қилди. Украинанинг «Хортица» қўшинлар гуруҳи расмийси Назар Волошин ҳам РФ қўшини Очеретинога ёриб киришга муваффақ бўлгани ва аҳоли яшаш манзилининг бир қисми устидан назорат ўрнатганини тан олган
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Business Insider версиясига кўра, РФ қўшини Украина қуролли кучларида ротация ўтказиш чоғидаги хатолик туфайли амалда ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан Очеретинога киришга муваффақ бўлган — посёлкадан шарқда турган 47-механизациялашган бригада ўрнини 115-механизациялашган бригада эгаллаши керак бўлган, аммо, 115-бригада ҳаракатланишда кечиккан ва ўз вақтида позицияларга етиб кела олмаган. «Россияликларнинг кескин олдинга силжиши алоҳида бўлинмалар шунчаки туёғини шиқиллатиб қолгани туфайли рўй берди. Умид қиламанки, улар десантчилар сифатида қайта тайёрланади», — дея ёзди Facebook саҳифасида 47-бригада командири Микола Мелник. Аммо, УНИАН нашри қайд этишича, 115-бригада вакили Вадим Черний Financial Times нашри билан суҳбатда бу айблов «ҳақиқатга тўғри келмаслиги», бўлинма «ўз позицияларидан чекинмагани»ни айтган.
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучларининг Донбассдаги мудофаа чизиғи

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский 28 апрел куни Россия армияси бутун фронт бўйлаб ҳужум қилаётгани ва айрим йўналишларда тактик ютуқларга эришгани ҳақида маълум қилди. Украин ҳарбийлари 2024 йил бошидан мудофаани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб, фронтнинг турли участкаларида мудофаа иншоотлари барпо этмоқда. «Аждаҳо тишлари» — бу тартиб бўйича ерга кўмилган пирамида кўринишидаги темир-бетон конструкциялар бўлиб, улар рақиб техникаларини тўхтатиши ёки ҳаракатини секинлаштириши кўзда тутилган — Россия қўшини фаоллик билан юриш қилаётган Донецк областида ҳам ўрнатилган.

Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA

Одесса яқинида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг позициялари

РФ қўшини мунтазам равишда Украина ҳудудлари бўйлаб ракета зарбалари йўлламоқда ва дронлар билан ҳужум қилмоқда. Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳар тонгда Россия дронлари уриб туширилгани тўғрисида хабар беради. Хусусан, 28 апрел куни, украин ҳарбийлари россияликлар «Шоҳид» типидаги тўртта камикадзе дрон ҳамда яна бешта бошқа пилотсиз учиш қурилмасини учиргани ҳақида маълум қилди. «Шоҳид»ларнинг барчаси ва «тури аниқланмаган» дронлардан биттасини уриб туширишга муваффақ бўлинган, деб хабар берган ҳаво кучлари қўмондони. РФ қўшини мунтазам равишда дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилаётган регионлардан бири — Одесса областидир. Украина қуролли кучлари бу ҳужумларга қарши курашиш учун бошқалар қатори ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг мобил комплексларидан ҳам фойдаланмоқда.

Мобил ПВО комплекси — пикап устига пулемёт ёки қўлда олиб юрилувчи зенит-ракета комплекси ўрнатиш орқали ясалади
Nina Liashonok / Укринформ / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Nina Liashonok / Укринформ / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг мобил комплекслари украин ҳарбийларига хайрия маблағлари ҳисобидан ҳам етказиб берилмоқда. Одесса области раҳбари Олег Кипер 2023 йил охирида ўз ҳудудида қўшимча мобил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тузилаётгани айтган, аммо пикапларни харид қилишда қийинчиликлар борлигини тан олганди
Nina Liashonok / Укринформ / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Nina Liashonok / Укринформ / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Мобил гуруҳлар таркибидаги жангчилар бошқа ишлар қаторида украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига юкламани камайтирмоқда, шунингдек ўзларидаги қуроллар бундай нишонларни уриб тушира олмаса ҳам, ракеталар тўғрисидаги маълумотларни оператив тарзда етказиши мумкин бўлади.
Nina Liashonok / Укринформ / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top