Россиянинг Суриядаги базалари: улар ёпилса, нима бўлади?
Асад режимининг қулаши билан, Россиянинг Яқин Шарқдаги ҳарбий мавжудлиги сўроқ остида қолмоқда. Хўш, Сурияда РФнинг қандай кучлари мавжуд, уларнинг таркиби ва вазифаси қандай эди? Рус ҳарбийларининг Суриядан кетиши қандай минтақавий лойиҳаларга замин яратади? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида ушбу саволларга профессор Фарҳод Каримов жавоб берди.
— Суриянинг қайси нуқталарида Россия ҳарбий кучлари мавжуд ва уларнинг таркиби қандай?
— 2015 йилда Суриянинг Россияга қилган мурожаати ортидан Россия махсус қонун қабул қилади ва ўша йилнинг август ойида Россия ўзининг ҳарбий базасини Туркиянинг Ўртаер денгизи билан чегарадош ҳудудларга юборади.
Аввалдан Тартус портида собиқ cовет иттифоқидан мерос ҳарбий база бор эди. Шу орқали Россия минтақада Башар Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлаган, геосиёсий мақсадларда ушбу портдан фойдаланаётган эди. Яъни минтақада мавжуд бўлиш Ғарбий ва Шимолий Африкадаги ҳамкорлар билан ўзига хос таянч нуқтаси вазифасини бажарган.
2016 йил охирига келиб, Россия ва Эроннинг қўллаб-қувватлови асосида ҳозирги Ҳалабгача бўлган ҳудудлар расмий Дамашққа қайтарилган эди.
Россиянинг Суриядаги ҳарбий базаларидан ташқари, ўнлаб кичик ҳарбий пунктлар ҳам русларга фойдаланиш учун топширилган.
Асосий ҳарбий нуқталар иккита – Тартус порти ва Латакиядаги Ҳмеймим ҳарбий ҳаво базаси. Айрим маълумотларга кўра, Асадни қўллаш мақсадида учтадан бештагача крейсерлар, хусусан Москва крейсери ҳам ушбу портга келтирилган.
Россия 2015-2024 йиллар оралиғида Сурияга С-400, С-300 ва С-200 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юборган. Шунингдек, Ҳмеймимдаги ҳарбий ҳаво кучлари ихтиёрига Су-24, Су-25, Су-30, МИГ-31ва Ил-20 каби турли жанговар самолётлар жойлаштирилган.
Булардан ташқари, бир нечта фрегатлар, ҳатто айрим пайтларда Россия флоти учун муҳим авиаташувчи Пётр I номидаги йирик ҳарбий кема Ўртаер денгизига, Тартус портига навбатчилик учун чиқарилган.
Шунингдек қуруқликдаги дивизиялар учун собиқ иттифоқ давридан қолган Т-55 ёки Т-62, Т-72 танклари билан бир қаторда, Россиянинг 2015 йилдан кейин Сурияга ҳарбий ёрдами доирасида келтирилган Т-90 танклари ҳам мавжуд эди.
2018 йилдаги ҳарбий ҳаракатлар бўйича ҳисоботда Россия Мудофаа вазирлигининг Сурияда доимий равишда 7–7,5 минг нафар аскарлари бўлгани, умумий амалиёт даврида эса 62 мингдан ортиқ ҳарбийлар иштирок этгани айтилган.
— Россия минтақадан кетса, бу қандай лойиҳалар рўёби учун йўл очади?
— 2000 йилда Қатар томонидан таклиф этилган Қатар–Туркия газ қувури лойиҳаси ОАВда тез-тез тилга олинмоқда. Қатар атрофидаги денгизда аниқланган катта газ захираларини Саудия, Ироқ ва Сурия орқали Туркия, сўнгра Европага чиқариш режалаштирилган эди. 2000 йилда беқарорлик гирдобида қолган Сурия томонидан қатор эътирозлар билдирилганидан кейин, Иордания билан чегарадош ҳудудлар орқали Ўртаер денгизига чиқариш масаласи ҳам бор эди. Ёки бўлмаса Иорданиянинг ғарбий ҳудудлари орқали Туркияга чиқариш варианти ҳам мавжуд эди.
Қатар бу лойиҳани амалга ошириш учун 10 млрд доллар инвестиция киритишини маълум қилган эди. 2008 йилда Сурия ҳудудидаги Россиянинг манфаатлар нуқтайи назаридан Асад томонидан ушбу лойиҳа рад этилган ва тўхтатилган эди. Шундан кейин бу масала кўтарилмаган, лекин ҳозирда бу лойиҳа яна қайта тикланиш эҳтимоли бор.
Лекин 2008-2024 йилларда Қатар Европага ўзининг газини Қизил денгиз орқали Ўртаер денгизига етказиш ва сиқилган газ кўринишида экспорт қилиш тизимини жорий этди. Ҳозирда бу лойиҳанинг долзарблиги ва аҳамияти бирмунча камайган.
Иккинчи лойиҳа қувури эса Иордания орқали айнан ҳозирги кунда Исроил эгаллаб олган Сурия ҳудудларидан ўтади. Ушбу лойиҳанинг келажаги ҳали номаълум бўлиб турибди.
Ҳозир Сурия орқали ташиладиган газга эҳтиёж, яъни буюртманинг йўқлиги, иккинчиси ҳали Суриянинг ҳам ўзига хос ноаниқлиги муҳим аҳамиятга эга. Чунки Сурия бугунги кундаги вақтинчалик ҳукумат томонидан тўлиқ назорат қилинмаяпти: мамлакатнинг муҳим шарқий қисми курдлар назорати остида. Бундан ташқари, ҳали оппозиция кучлари ўртасида якуний келишув мавжуд эмас.
Шунингдек, Европа давлатлари энергетик қарамлик нима эканини Россия босими сабаб ҳис қилишди, Яқин Шарқдан келувчи қувурлар эса Туркия орқали ўтади, бу эса Туркияда Россия каби Европага босим воситаси шаклланади дегани. Европа Туркияга ўзига хос энергетик қарамлик вужудга келишидан хавфсирайди.
— Руслар минтақадан кетиб, нималарни йўқотади?
— Россияда “Таҳрир Аш-Шом” ташкилотининг тан олиниши ва террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқарилиши бўйича бир қатор чақириқлар бўлди. Бу ерда қандай сиёсий вазият бўлмасин, ҳеч бўлмаганда Москва учун муҳим Тартус портини сақлаб қолиш масаласи кун тартибига чиққан.
Бу – Россиянинг Сурияда мавжудлиги, унинг Ўртаер денгизи, Яқин Шарқ минтақаси ва ҳаттоки Ғарбий Африкагача бўлган ҳудудлардаги манфаатлари, геосиёсий жараёнларга таъсир қилиш имкониятларини сақлаб туришга хизмат қилади.
Россия Яқин Шарқдан сиёсий субъект сифатида чиқиб кетадиган бўлса, бу унинг бошқа ҳудудлардаги, жумладан, Шарқий Европа ва Украинадаги позицияларига ҳам катта таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки музокараларга киришда у ўзига хос қийинчиликларга дуч келиши ва манфаатига зид бўлган талабларни қабул қилишига мажбур бўлиши мумкин. Шунинг учун Россия Сурия ва бошқа минтақаларда қолиш имкониятларини қидирмоқда.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:25
Россия ҳарбийлари яна беш асирни ўлдиришда айбланди
08:47
АҚШ Молия вазирлиги Сурияга қарши санкцияларни вақтинча юмшатди
22:12 / 06.01.2025
Илҳом Алиевнинг авиаҳалокат ҳақидаги баёноти кремлеботлар ҳужумига учради
20:44 / 06.01.2025