Ўзбекистон | 10:35 / 19.07.2023
32742
5 дақиқада ўқилади

10 қаватли “дом” томида яна бир “участка” қурилмоқда. Ваколатли орган “чой дамлаш”га ярайдими?

Кўп қаватли уйда яшовчилар бундан норози. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси қонунбузарни огоҳлантириш билангина кифояланган. Масъуллар аввалроқ Янгиҳаёт туманида қурилган худди шундай “участка” тақдиридан ҳам бехабар. Ўзбошимчаликка қарши кескин курашиш чораси йўқми?

Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчасида қурилган янги 10 қаватли уйнинг том қисмида қурилган ноқонуний қурилма / Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчасида қурилган янги 10 қаватли уйнинг том қисмида қўшимча уй қуришмоқда.

Турар жойда яшовчилар бу масала юзасидан май ойи ўрталарида президентнинг виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат қилишган. Аммо мурожаат юзасидан ҳалигача ҳеч қандай расмий жавоб келмаган.

“10 қаватли “дом”имизнинг устида бир эмас, иккита уй қуриляпти. Уларни қураётганлар биз яшаётган турар жойнинг 10-қаватида яшашади. Ҳар шанба-якшанба дом олдига ғишт, қум туширишади. Кейин кран чақиртириб, қурилиш материалларини домнинг тепасига олиб чиқишади. Ўша ерда ишлаётганлар ўзларининг оддий ёлланма ишчи эканликларини айтишмоқда. Уйнинг эгаси эса йўқ. Афсуски, бизнинг уй тепасига чиқиб, вазиятни ўз кўзимиз билан кўришимизга йўл беришмаяпти.

Маҳалламиз фаоллари 10-қаватдан уй олган ва томдаям уй қураётган фуқаролардан бири билан телефон орқали суҳбатда қурилиш учун рухсати борлигини айтган. Турар жойни қурган пудратчи ҳам ноқонуний қурилма қурилаётганини оқлаб ўтирибди. Афтидан, “дом” тепасида уй қураётганлар уни рози қилишган ёки бошқача йўл билан ўзлари томонга оғдиришган деб ўйлаяпмиз.

Бу уйга етишимиз осон бўлгани йўқ. Ҳали пудратчи биз билан шартнома қилаётганда берган ваъдаларини тўлиқ бажаргани йўқ. Аксарият одамлар уйни қарз олиб ва ипотекага сотиб олишган. Ўзим юқори қаватлардан бирида яшайман. Уй пойдевори лойиҳа бўйича 10 қаватли иморатга мослаб қурилади. Тепадаги иккита уй оғирлик қилиб, пойдеворлар ёрилиши ёки том ўпирилиб бизнинг хонадонларимизга ҳам зарар етказишини истамаймиз”, дейди шу кўп қаватли уйда яшовчи, шахси сир қолишини сўраган фуқаро Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Мурожаатчиларнинг Kun.uz'га ёзишича, бу янги турар жой биносининг баъзи лойиҳалари (болалар майдончаси ва ҳ.к.) ҳали қуриб берилмаган.

Фото: Kun.uz

Фақатгина огоҳлантириш

Kun.uz Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчаси 112-уйнинг том қисмидаги қурилаётган иншоот қонунларга қанчалик мувофиқлиги юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясига мурожаат қилди. Инспекция “дом” тепасидаги қурилиш ноқонуний эканини тасдиқлади.

“Инспекция томонидан Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчаси 112-уй ўрганилганда, мазкур уйнинг 69-хонадони мулкдори томонидан кўп қаватли уйнинг том қисмига ўзбошимчалик билан яшаш учун қўшимча қурилма қурилаётгани аниқланди.

Шу боис инспекция томонидан ҳуқуқбузарга лойиҳа ҳужжатларидан четга чиққан ҳолда уйнинг том қисмида қурилаётган қурилмани бузиб, бинони аввалга ҳолатига қайтариш юзасидан бажарилиши шарт бўлган мажбурий кўрсатма берилди. Мулкдорга мажбурий кўрсатма талаблари белгиланган муддатга қадар бажарилмаган тақдирда, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли суд органларига юборилиши ҳақида огоҳлантирилди”, дейилади таҳририятга тақдим этилган маълумотда.

Фото: Kun.uz

Қурилма ноқонуний, бироқ...

Гапнинг очиғи, инспекциянинг бу вазиятдаги ҳаракатини оналар ёш боласини “Яна шу ишни қилсанг, “атата” қиламан!” деб қўрқитишига ўхшатиш мумкин. Тўғри-да, қонун бузилганми – бузилган. Қонунбузар аниқми – аниқ. Масъул идора шуни кўра-била туриб, жиддийроқ чора кўрмаётганини кўриб, “Қози суст бўлса, даъвогар муттаҳам бўлар” деган нақл хаёлга келади.

Узоққа бормайлик, шу йилнинг февралида ҳам Янгиҳаёт туманида кўп қаватли уйнинг том қисмида ноқонуний равишда уй қурилгани аниқланганди. Қурилиш вазирлигидан Kun.uz'га маълум қилишларича, бу масалада судга даъво аризаси киритилган ва суднинг ноқонуний қурилмани мажбурий бузишга доир ҳал қилув қарори чиққан. Ишнинг кейинги тафсилотлари вазирликка ҳам, унинг масъул инспекциясига ҳам маълум эмас. МИБдан сўраб олиш тавсия этилди.

Янгиҳаёт туманида кўп қаватли уйнинг том қисмида қурилган ноқонуний қурилма Фото: Kun.uz

Гапнинг индаллоси шуки, масъуллар кесиб-кесиб гапирмаса, қуруқ огоҳлантиришдан нарига ўтишмаса, бу каби бошбошдоқликлар ҳали кўп давом этиши, бундан эса фуқаролар жабр кўравериши турган гап.

Агар жиддийроқ чора кўриш учун ваколатлар етарли бўлмаса, ҳукуматнинг қонунчилик ташаббуси ваколатидан унумли фойдаланиб, амалдаги қонун ҳужжатларига шу каби вазиятда фуқаролар ва давлат манфаатини ишончлироқ ҳимоя қилиш имконини берувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини талаб қилиш мақсадга мувофиқ.

Йўқса, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳам, соҳанинг назорат инспекцияси ҳам “фақат кўк чой дамлай оладиган жин” бўлиб қолаверади.

Жамшид Ниёзов.

Мавзуга оид