Ўзбекистон | 16:21 / 11.11.2024
6191
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди

“Сафиа” қандолат уйининг Юнусобод туманида ўрнатилган станцияси маълумотлари халқаро ҳаво сифатини кўрсатувчи IQAir платформасида кўринмаяпти. Қандолат уйи масъули Kun.uz’га станцияда техник носозлик бўлгани, тез орада тузатилишини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Юнусобод туманида ўрнатилган “Сафиа” қандолат уйининг ҳаво сифати станцияси маълумотлари халқаро ҳаво сифатини кўрсатувчи IQAir платформасида кўринмай қолди. Ташкилот масъули Kun.uz мухбирига станция ишламай қолганини маълум қилди. “Станциямизда техник носозлик бўлди. Уни тузатишга ҳаракат қиляпмиз”, – деди у.

Ходим станция 1 ҳафтача олдин бузилганини қўшимча қилди.

Станциянинг IQAir’да кўринмай қолгани ҳақида блогер Никита Макаренко ҳам ёзди. “Юнусободдаги ифлос ҳаво муаммоси радикал усулда ҳал қилинди. 3 ноябр куни муаммо кўтарилди. 5 ноябр куни рекорд рақамларни ёзаётган “Сафиа” станцияси ўчириб қўйилди”, – деган у.

Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрга ўтар кечаси Юнусободдаги “Сафиа” станцияси Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишини рекорд даража – 780 мкг/м3 ташкил қилаётганини кўрсатган эди. Кейинги кунларда ҳам бу станцияда ҳаво сифати шаҳардаги энг ёмон ҳаво кўрсаткичини кўрсатиб келаётганди. Шундан кейин Экопартия пойтахт атрофидаги 631 та иссиқхонанинг ярмидан кўпи кўмир, баъзан резина шиналар ва бошқа ёнувчи воситалардан фойдаланаётганини маълум қилганди ҳамда муаммога Эковазирлик ва Бош прокуратурадан тезкор чоралар кўришни сўраб, депутатлик сўрови киритишини билдирганди.

Мавзуга оид