Иқтисодиёт | 17:19 / 27.01.2021
11830
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон илк марта ЕОИИ ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади. У Алмати шаҳрида ўтказилади

Йиғилишда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ички бозор фаолиятига тўсқинлик қиладиган тўсиқларни олиб ташлаш масалалари кўриб чиқилади. Тадбирда Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашиши режалаштирилган.

Фото: Артем Коротаев/ТАСС

2021 йил 5 феврал куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда ЕОИИга аъзо давлатлар Арманистон, Белорусия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ҳукумат раҳбарлари, Евросиё иқтисодий комиссияси ҳайъат раиси, шунингдек, ташкилотдаги кузатувчи давлатлар Молдова, Ўзбекистон ва Куба вакиллари ҳам қатнашиши режалаштирилган

Ҳукуматлараро кенгаш йиғилиши тор ва кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтиши белгиланган. Йиғилиш кун тартибига савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ички бозор фаолиятига тўсқинлик қиладиган тўсиқларни олиб ташлаш, шунингдек, иқтисодиётнинг айрим тармоқларида интеграцион салоҳиятни ривожлантириш масалалари киритилган.

Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари инновацион ва технологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рақамли экотизимларни ривожлантиришга бағишланган «Глобал иқтисодиётнинг рақамли келажаги» халқаро форумига ташриф буюришади. Форумга ушбу соҳанинг етакчи олимлари ва мутахассислари таклиф этилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, 2020 йил 11 декабр куни бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклидаги саммитида Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганди.

Аввалроқ, ЕОИИ билан ҳамкорлик бўйича 2021 йилга оид «Йўл харитаси» тасдиқланганлиги маълум қилинганди.

Мавзуга оид