Жамият | 12:22 / 08.12.2024
4114
8 дақиқада ўқилади

Икки хил муносабат остида қолган авиаспоттерлар: уларга яратилаётган имкониятлар ва муаммолар

Бугун халқаро фуқаролик авиацияси куни. Биз ушбу соҳада меҳнат қилаётган минглаб инсонларни касб байрамлари билан муборакбод этамиз. Аммо бугунги ҳикоямизда авиаторлар эмас, уларни кузатувчилар — авиаспоттерлар ҳақида гаплашамиз.

Учувчилар, стюардессалар, аэропортларда самолётларга техник хизмат қилаётганлардан ташқари авиация оламида шундай инсонлар борки, улар ўзларининг қимматбаҳо вақтини темир қушлар — самолётларни кузатишга сарфлашади. Уларни споттерлар деб аташади.

Споттерлик касби Иккинчи жаҳон урушига бори тақалади. Ўшанда Британияда кўнгиллилар душман самолётларини дурбинда кузатиш, йўналишини аниқлаш ва ҳарбийларга хабар бериш билан шуғулланишган. Кейинчалик ҳарбий соҳада турли локаторлар ва радарлар ихтиро қилингач, бунга зарурият йўқолган.

Аммо вақт ўтиши билан енгил фотоаппаратлар ўйлаб топилгач, споттинг мароқли бир машғулотга айланди. Дунёда юз минглаб одамлар самолётларни кузатиш ва суратга олиш билан шуғулланишади.

Авиаспоттинг шунчаки ҳобби эмас. Бу самолётлар, уларнинг моделлари ва йўналишлари ҳақида чуқур билимни талаб этувчи бир санъат турига айланиб бўлган.

Самарқанд халқаро аэропортида Air Marakanda авиакомпанияси ташаббуси билан учинчи бор расмий споттинг тур ўтказилди.

Кузги споттинг турга руспубликамизнинг барча гўшаларидан 40 га яқин споттерлар таклиф этилди.

Споттерлар учиш-қўниш майдончасига чиқиш олдидан анъанавий тарзда текширилди. Сўнгра улар билан хавфсизлик қоидалари ва споттинг этикаси бўйича йўриқнома-суҳбат ўтказилди.

Споттерларнинг иш қуроллари кўп эмас: яхши профессионал фотокамера, дурбин, смартфон ёки ноутбук. Смартфонда турли иловалар орқали самолётларнинг ҳаракатлари кузатилади. Самолёт аэропортнинг ўзида, уча бошлаганда ёки қўнаётганда суратга олинади.

Биз аэропортга келган ёш споттерларни саволга тутдик. Айтиш жоизки, улар яқиндан бошлаб бу соҳага қизиққан. Уларнинг орасида ҳали мактабда ўқиётган ёшлар ҳам кўплиги кишини қувонтиради.

Ҳа, споттерлик — буткул янги соҳа. Девор остида яширинча суратга тушириб, ҳуқуқ-тартибот органлари билан турли машмашалар келиб чиққан бўлса, ҳозир аэропортларнинг ўзи споттинг турлар ташкил қилиб беришмоқда. Табиийки, бу соҳага бўлган қизиқиш самолётга меҳр қўйган ёшлар ўртасида ортиб бормоқда.

Биз Самарқандда кузги споттинг турни уюштирган масъуллар билан ҳам гаплашдик.

«Бу бизнинг аслида учинчи бор ташкиллаштирилаётган расмий авиаспоттинг тадбиримиз. Биринчиси 2023 йилда, иккинчиси шу йилнинг май ойида ўтказилган, ўшанда баҳорги споттинг ўтказилганди, энди эса ноябр ойидан куз-қиш жадвалига ўтдик ва ўзимизнинг учинчи споттингимизни ташкиллаштирдик.

Рухсора Мавлянова

Биринчи споттинг туримиз катта ажиотаж билан ўтди, адашмасам, 50 га яқин споттерлар иштирок этишди.

Хориждан ҳам меҳмонлар келишган, айниқса МДҲ давлатларидан, профессионал споттинг билан анчадан буён шуғулланиб келаётган Россиядан ҳам кўп споттерлар келишди.

Шунингдек, биз раҳбарият билан келишиб индивидуал споттинглар ҳам ташкиллаштирамиз», — дейди Air Marakanda матбуот котиби Рухсора Мавлянова.

Ўзбекистонда икки йилдан сал кўпроқ ишлаётган Air Samarkand авиакомпанияси PR директори Олег Иванов ҳам бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бунгача Россияда ишлаганман. Россияда споттинглар анчадан буён ўтказилади. Эслашимча, энг биринчилари 12 йилча аввал ўтказилган. Бу машғулотнинг Ўзбекистонга кириб келгани жуда яхши, чунки Россияда ҳозир споттинг тақиқланган. Бу ерда эса аксинча гуллаб-яшнамоқда, шу сабаб россиялик ва МДҲ давлатларидан меҳмонлар шу ерга келишмоқда. Сизга кўпроғини айтаман: яқинда бизга германиялик ва бошқа европалик споттерлар келишди.

Олег Иванов

Яъни, Ўзбекистонга ва унинг ўсиб бораётган авиациясига тобора қизиқиш ортиб бормоқда ва жаҳон споттингига кирмоқда. Бошқа давлатларда аэропортларда махсус жиҳозланган майдонлар бор. Боз устига, Франкфурт ва Дюсселдорф каби йирик аэропортлар споттерлар учун аэропорт бўйлаб экскурсиялар ҳам уюштиришади. Бу жуда қизиқ, умид қиламанки, бизда, Ўзбекистонда ҳам эртами-кечми, барча қулайликларга эга махсус майдончалар ташкил қилинади. У ерга споттерлар ҳар куни келиб, аэропорт ишини яқиндан кузатиш ва ишлаш имкониятига эга бўлишади.

Нима бўлганда ҳам, ҳозир йилига бир неча бор споттинг турлар ўтказилмоқда, улар тобора кўпроқ одамларни жалб қилмоқда. Мен, айниқса, улар сафида ёшларнинг, айниқса мактаб ўқувчиси бўлган ўсмирларнинг кўплигидан хурсандман. Болалар жуда яхши суратларни олишмоқда. Улар мени ҳайратга солмоқда. Улар авиация ҳақида жуда яхши билимга эга. Биз 10-12 ёшимизда самолётлар ҳақида бунча нарса билмаганмиз», — дейди Олег Иванов.

Споттерлар ҳамжамияти ўзларининг топилмалари ва тажрибалари билан ижтимоий тармоқлар ва махсус форумлар ва телеграм гуруҳларда бўлишишади.

Республикамизда донғи чиққан споттер Рустам Маннанов билан суҳбатлашдик.

Рустам Маннанов

Унинг ҳикоя қилишича, ҳозир Ўзбекистондаги споттинг билан шуғулланаётганлар сони 70 га яқинлашган. Рустамнинг ўзи ҳам икки йилдан буён споттинг билан жиддий шуғулланаётганини айтиб берди.

Соҳадаги мураккабликлар ҳақида ҳикоя қилар экан, гарчи аэропортлар ва авиакомпаниялар бу соҳани жон-жаҳди билан ривожлантиришга уринишмоқда. Ҳаттоки Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 январдаги 43-сонли «Авиаспоттингни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Унга кўра 2022 йилнинг 1 майидан бошлаб Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортларида, 1 июлдан бошлаб қолган барча халқаро аэропортлар ҳудудида авиаспоттинг билан шуғулланиш учун кузатиш майдончалари фаолиятини таъминлаш Транспорт вазирлиги зиммасига юклатилган.

Айни пайтда ҳукумат қарори бажарилмасдан қолмоқда. Таниқли авиаспоттерларга оғзаки равишда рухсат берилган бўлса ҳам, ҳали ҳануз споттерлар билан боғлиқ машмашалар юзага келмоқда (Уларнинг энг охиргиси таниқли авиаспоттер Муҳаммадрасул Муҳиддинов билан рўй берган. У ишлаётган чоғда икки бор ППХ ходимлари келиб тинтувдан ўтказишган — Ш.Ш).

Ўтган Тошкент халқаро аэропорти панжараси ортида туриб самолётларни суратга олган мактаб ўқувчиларини ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари уларнинг техника ресурсларини олиб қўйиб, 6 нафар болани алоҳида автомашиналарда олиб кетган. Uzbekistan Airports ёш ҳаваскорларни қўллаб-қувватлашини билдирган эди.

Айни пайтда, Тошкент халқаро аэропортини ўраб турувчи деворларга фото ва видеога олиш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантирувчи эълонлар ёпиштириб чиқилган.

Рустам Маннонов ҳуқуқ-тартибот органлари ва авиаспоттерлар ўртасидаги тушунмовчиликлар тўлиқ бартараф бўлиши учун ҳам, споттерларга аэропортларда қонуний ишлаш майдончалари яратилиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Умуман олганда, авиаспоттер вазият аввалгидан анча яхши томонга ўзгаргани. Uzbekistan airports ва Air Marakanda ҳукуматнинг ўша қарорига биноан расмий споттинг турлар ўтказаётгани, республика ва хориждан споттерларни жалб қилиб, ишлашга шароит яратаётганини ҳам қайд этди.

Чунки споттинг — шунчаки ҳобби эмас, аллақачон бутун дунёдаги самолётларни севувчи инсонларни бирлаштириб турадиган эҳтиросга айланиб бўлган.

Агар сиз авиация олами ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз ёки бу кўнгилга хуш ёқувчи ҳамжамиятнинг аъзоси бўлишни хоҳласангиз споттерларга қўшилинг.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.
Монтажчи: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид