Жаҳон | 12:37
3100
10 дақиқада ўқилади

Фуқаро авиацияси тарихидаги энг йирик ҳалокатлар

Фуқаро авиацияси тарихида 2001 йилда АҚШда содир этилган терактлар энг кўп одам ҳалок бўлган ҳодиса сифатида биринчи ўринда туради. Ўшанда тўртта самолёт олиб қочилган ва уларнинг иккитаси Ню Йоркдаги эгизак биноларга олиб бориб урилганди. Яна бир самолёт далага қулаб тушган, бошқаси Пентагон биносига урилган.

20-асрнинг иккинчи ярмида фуқаро авиацияда хизмат қилувчи янги турдаги самолётлар пайдо бўлгандан сўнг парвозлар сони кескин кўпайди.

Авваллари узоқ масофаларга боришда поезд ёки кемалардан фойдаланган одамлар энди вақт тежаш учун самолётларда уча бошлашди.

Техника ўз оти билан техника. Исталган самолётда техник носозлик кузатилиши ёки улар ҳавода бир-бири билан тўқнашиб кетиши мумкин.

Фуқаро авиацияси ривожланган сайин бундай ҳодисалар кўпаяди. Қуйида энг кўп одам қурбон бўлган авиаҳалокатлар ҳақида маълумот берамиз.

Форс кўрфазида уриб туширилган самолёт

1988 йил 3 июл куни Теҳрон-Дубай йўналишида парвоз қилаётган Iran Air авиакомпаниясига тегишли Airbus A300 самолёти Форс кўрфази тепасида уриб туширилади.

Оқибатда, самолёт бортида бўлган 290 кишининг барчаси ҳалок бўлади. Суриштирувларда самолётга Форс кўрфазида турган АҚШ ҳарбий кемасидан учирилган зенит ракетаси билан зарба берилгани ойдинлашади.

АҚШ ҳарбийлари йўловчи самолётини Эроннинг F-14A Tomcat қирувчи самолёти билан адаштиришган эди.

Америка томони бир неча йил ўз айбини тан олмайди ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули тўлашдан бўйин товлаб келади.

Охир-оқибат, 1996 йилда АҚШ ҳукумати самолёт америкалик ҳарбийларнинг айби билан уриб туширилганини тан олади ва Эрон томонига қурбонларнинг яқинлари учун 61,8 млн доллар товон пули тўлаб беради.

Донецк осмонида уриб туширилган самолёт

2014 йил 17 июл куни Амстердам–Куала-Лумпур йўналишида парвоз қилаётган Malaysia Airlines авиакомпаниясига қарашли Boeing 777 Донецк шаҳри яқинида уриб туширилади. Оқибатда, самолёт бортида бўлган 298 киши ҳалок бўлади.

Ўша пайтда Донецк атрофида Россия армияси қўллаб турган айирмачилар ва Украина армияси ўртасида жанговар ҳаракатлар бўлиб турганди.

Ҳалокатдан сўнг томонлар самолётнинг уриб туширилишида бир-бирини айблайди. Кейинроқ самолётга Россияга тегишли “Бук” зенит-ракета тизими билан зарба берилгани ойдинлашади.

202 йил Ҳаага округ суди самолётни уриб туширишда Донецк халқ республикаси айирмачилар қўмондони бўлган Игор Гиркинни айбдор деб топади.

Бозор билан тўқнашиб, ёниб кетган самолёт

1996 йил 8 январ куни Конго Демократик Республикаси пойтахти Кинсаша шаҳридаги аэропортдан Moscow Airways авиакомпаниясига қарашли Ан-32 юк самолёти парвозни бошлайди.

Самолёт ҳавога кўтарила олмагач учувчилар уни тўхтатишга қарор қилишади. Улар тезликни пасайтириб, тормоз тизимини ишга туширишади.

Бироқ соатига 200 км тезликда ҳаракатланаётган Ан-32 бошқарувни йўқотади. Самолёт аввалига учиш-қўниш йўлагидан ўтади, сўнг аэропорт ҳудудидан чиқиб, унинг ёнидаги одамлар билан гавжум бўлган бозорга кириб кетади.

Ан-32 одамларни босиб, янчиб ўтади ва бозор қурилмаларига урилиб, ёниб кетади. Оқибатда, самолёт бортида бўлган учувчи ва бозордагилардан 297 киши ҳалок бўлади. Яна 250 киши турли даражада жароҳатланади. Экипажнинг 4 нафар аъзоси тирик қолади.

Суриштирувларда аниқланишича, самолётнинг ҳавога кўтарила олмаганига унга меъёрдан ортиқ юк ортилгани сабаб бўлган.

Яъни максимал парвоз оғирлиги 27 тоннагача бўлган самолёт 34 тонна оғирлик билан парвоз қилишга уринган. Оқибатда, самолёт ҳавога кўтарила олмаган.

Парвоз вақтида ёниб кетган самолёт

1980 йил 19 август куни Saudi Arabian Airlines авиакомпаниясига қарашли Lockheed L-1011 TriStar самолёти Саудия пойтахти Ар-Риёддан Жидда шаҳрига парвоз қилиш учун ҳавога кўтарилади. Самолётда 287 нафар йўловчи ва 14 нафар экипаж аъзолари бор эди.

Шу пайтда унинг юкхонасида ёнғин юз беради ва ундан чиққан тутун самолёт салонига ҳам кира бошлайди. Учувчилар дарҳол ортга қайтиб, самолётни Ар-Риёд аэропортига қўндиришга қарор қилишади.

Бу пайтда олов салон ичига ҳам ўтган ва барча тутундан заҳарланганди. Шу сабабли самолёт қўнгандан сўнг ҳеч ким люкларни ичкаридан очмайди. Қутқарувчилар уларни ташқаридан очишга уринади. Бироқ бу осон бўлмайди.

Қутқарувчилар люкларни очиш учун 25 дақиқа вақт сарфлайди. Люклар очилгандан сўнг самолёт салонидаги олов баттар аланга олади.

Оқибатда самолёт бортида бўлганлардан ҳеч ким тирик қолмайди ва 301 нафар одам ҳалок бўлади.

Денгизга қулаб тушган самолёт

1985 йил 23 июн куни Air-India авиакомпаниясига қарашли Boeing 747 самолёти Монреал-Лондон-Деҳли-Бомбей йўналишида парвоз қилиш учун осмонга кўтарилади.

Бир неча соат парвоз қилганидан сўнг самолёт радарлардан йўқолади. Кўп ўтмай унинг қолдиқларини Ирландиянинг Корк шаҳридан 176 км узоқликда, денгиздан топишади.

Суриштирувларда самолётнинг ҳалокатига портлаш сабаб бўлгани ва оқибатда унинг бортида бўлган 329 кишининг барчаси ҳалок бўлгани аниқланади.

Кўп ўтмай самолётдаги портлашни сикхларнинг террорчи гуруҳларидан бири ўз зиммасига олади.

Ўша куни Air-India авиакомпаниясига қарашли яна бир Boeing 747 самолётида портлаш ускунаси ишлаб кетади. Экипаж уни дарҳол Япониянинг Нарита аэропортига қўндиради.

Йўловчиларни эвакуация қилишга улгуришади. Бироқ ускуна портлаши туфайли аэропортдаги икки нафар юк ташувчи ҳалок бўлади.

Францияда қулаб тушган самолёт

1974 йил 3 март куни Истанбул-Париж-Лондон йўналишида учаётган Turkish Airlines'га қарашли McDonnell Douglas DC-10-10 Франция пойтахтидан ҳавога кўтарилади.

Бир неча дақиқадан сўнг McDonnell Douglas 3 500 метр баландликка чиққач бирданига самолёт юкхонасининг эшиги очилиб кетади.

Ундан кирган кучли шамол двигателлар ва самолётнинг бошқарув тизимини ишдан чиқаради. Экипаж бошқарувни йўқотади. McDonnell Douglas Эрменонвил ўрмонига қулаб тушиб, парчаланиб кетади.

Оқибатда, самолёт бортида бўлган 346 кишининг барчаси ҳалок бўлади. Суриштирувларда самолёт юкхонасининг эшигига ўрнатилган қулф носоз бўлгани аниқланади.

Икки самолётнинг тўқнашуви

1996 йил 12 ноябр куни Ҳиндистон осмонида Kazakhstan Airlines ва Saudi Arabian Airlines авиакомпанияларига қарашли икки самолёт ўзаро тўқнашади.

Чархи Дадри шаҳри тепасида Чимкент-Деҳли йўналишида учаётган Ил-76ТД ва Boeing 747 самолётлари бир-бирига урилиб кетади.

Суриштирувларда диспетчер Ил-76 учувчиларига 4 500 метр баландликни эгаллашни буюради. Бироқ улар диспетчерни тушунмайди ва пастлашда давом этади.

Шунда Ил-76 Саудияга қарашли йўловчи самолёти билан тўқнашади ва оқибатда ҳар икки самолётда бўлган 349 киши ҳалок бўлади.

Ўшанда Саудия самолётида 312 киши, Қозоғистонникида 37 киши бўлган. Улардан бирон киши тирик қолмаган.

Япониядаги ҳалокат

1985 йил 12 август куни Japan Air Lines авиакомпаниясига қарашли Boeing 747 самолёти Токио-Осака йўналишида парвоз қилиш учун ҳавога кўтарилади.

Орадан 12 дақиқа ўтгач самолётнинг дум қисмидан бир парчаси узилиб кетади ва салондаги босим кескин пасаяди.

Учувчилар кучли овозни эшитиб самолёт шассиси узилиб тушди деб ўйлашади ва фавқулодда қўниш учун ортга қайтишга қарор қилишади.

Бироқ самолёт бошқарув чамбараги ишдан чиқади ва Boeing 747 ўша атрофдаги тоғга бориб урилади. Оқибатда, унинг бортида бўлган 520 киши ҳалок бўлади. Мўъжиза туфайли 4 киши омон қолади.

Суриштирувларда самолёт 1978 йилда сифатсиз таъмирлангани ва шу сабабли унинг дум қисмида носозлик кузатилгани аниқланади.

Испанияда икки самолёт тўқнашуви

1977 йил 27 март куни Испаниянинг Теренрифе оролида жойлашган аэропортда фуқаро авиацияси тарихидаги энг даҳшатли ҳалокатлардан бири содир бўлади.

Ҳалокатдан бироз аввал KLM авиакомпаниясига қарашли Boeing 747 самолёти парвозга шайланади ва учиш-қўниш йўлагида ҳаракатни бошлайди.

У тезлик олаётганда Pan American авиакомпаниясига қарашли Boeing 747 учиш қўниш йўлагига тушганди. Икки самолёт учиш-қўниш йўлагида ўзаро тўқнашади. Оқибатда, ҳар икки самолёт бортида бўлган 583 киши ҳалок бўлади.

Ўшанда KLM авиакомпаниясига қарашли самолётда бўлган 248 кишининг барчаси, Pan American авиакомпаниясига қарашли самолётда бўлган 396 кишидан 335 киши ҳалок бўлади. 61 киши тирик қолади.

Суриштирувларда KLM авиакомпаниясига қарашли Boeing 747 экипажи диспетчернинг самолётни учиш-қўниш йўлагидан олиш ва бироздан кейин парвоз қилиш ҳақидаги буйруғини тушунмагани маълум бўлади.

11 сентябрдаги терактлар

2001 йил 11 сентябрда АҚШнинг бир нечта шаҳрида террористик хуруж содир этилди. Террорчилар самолётларни эгаллаб олиб, уларни турли биноларга олиб бориб уришди. Оқибатда кўплаб одамлар ҳалок бўлди.

Жумладан, American Airlines ва United Airlines авиакомпанияларига қарашли Boeing 767 самолётлари Ню Йоркдаги эгизак осмонўпар биноларга урилади.

Оқибатда, ҳар иккала самолётда бўлган 157 йўловчи ва эгизак бинолар қулаши туфайли у ерда бўлган одамлардан 2 500 киши ҳалок бўлади.

Ана шу ҳодиса фуқаро авиация тарихида энг кўп одам ҳалок бўлган ҳодиса сифатида қайд этилган.

11 сентябр куни жами 4 самолёт эгаллаб олинган ва улардан бири Пентагон биносига урилган, бошқаси Пенсилвания штатида далага қулаб тушганди.

Бу икки самолёт қулаши оқибатида 233 киши ҳалок бўлади. Гарчи расмий маълумотлар самолётларни террорчилар олиб қочган деган версияни илгари сурса-да, айримлар бу ишни Америка махсус хизматлари уюштирган деган версияни ҳам илгари сурган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид