Жаҳон | 17:28 / 11.04.2021
24055
17 дақиқада ўқилади

Биринчи рақамли миллиардер. Жефф Безос бундай муваффақиятга қандай эришган?

«Агар қандайдир қизиқарли иш бошлаган бўлсангиз сизга албатта танқид тошлари отилади. Агар танқидни тўғри қабул қила олмасангиз, шунчаки қизиқарли ва янги ишга қўл урмаганингиз маъқул», деган эди Amazon компанияси асосчиси Жефф Безос.

Фото: Getty Images

Безоснинг бу фикри биздаги «ишлайдиган одам хато қилади» ёки «мевали дарахтга тош отилади», деган нақлга ўхшаб кетади. Ҳамиша ўз олдига юксак мақсадлар қўйган, фақат олдинга интилган, хато қилишдан чўчимаган Жефф Безос бугун дунёдаги энг бой инсонга, у асос солган Amazon компанияси эса интернет бозорининг етакчи компанияларидан бирига айланди.

Болалик йиллари

1964 йил 12 январда Нью-Мехико штатидаги Альбукерк шаҳрида Теодор (Тед) Йоргенсен ва Жаклин Гиз оиласида чақалоқ дунёга келади. Унга яхши ниятлар билан Жефф, деб исм қўйишади. Ёш оила шаҳардаги Сут-Ист-Ҳайт округидан ижарага уй олиб яшай бошлайди. Теодор мамлакат бўйлаб ўтказиладиган цирк томошаларида қатнашар, бироқ бу рўзғор тебратишга етмасди. Шу боис, Теодор дўконлардан бирига ишга киради. Бироқ ёш ота-она оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги барибир ўз таъсирини ўтказади. Ҳаётнинг паст-баланди, аччиқ-чучугига чидолмаган Теодор ичкиликка ружу қўяди, кечалари уйга келмайдиган одат чиқаради. Бундай ташвишлар, асабий зўриқишлар боис Жаклин болани олиб, ота-онасининг уйига қайтади.

Жефф Безоснинг ёшликдаги суратлари

Охир-оқибат оилавий муносабатга дарз кетади — Жефф ўн етти ойлигида Жаклин ва Теодор ажрашади. Боши очиқ ёш жувон бир неча йилдан кейин асли кубалик Мигел Безосни учратади. Мигел 1968 йилда Нью-Мехико университетини тамомлагач, улар турмуш қуриб, Жеффни бирга катта қилишади. Тўрт ёшли бола ўгай отанинг фамилиясига ўтади. Кейинчалик Безослар оиласи Ҳьюстон шаҳрига кўчади. Мигел шаҳардаги Exxon компаниясига ишга киради. Орадан бироз муддат ўтгач, уларнинг оиласида яна бир қиз ва бир ўғил – Кристина ва Марк туғилади.

Жефф ўн ёшга тўлганидагина Мигел Безос унинг ҳақиқий отаси эмаслигидан хабар топади. Унинг ҳақиқий отаси Теодор Йоргенсен орадан анча вақт ўтгач, яъни Жеффни бутун дунё танигандан сўнг, ёзувчи Брэд Стоун Безоснинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида китоб ёзаётганида ундан интервью олишга келганида ўғли миллиардер бўлиб кетганидан воқиф бўлади.

Компания нега Amazon деб номланган?

Безос аввал Ҳьюстондаги River Oaks мактабида, оиласи билан Майамига кўчиб ўтгач, ўша ердаги «Пальметто» мактабида ўқишни давом эттиради. Мактабда аъло баҳоларга ўқигани учун битирув кечасида хайрлашув сўзи унга топширилади. Қолаверса, у штат миқёсидаги нуфузли «Кумуш рицар» мукофоти билан ҳам тақдирланади. Жефф Безос 1986 йилда Принстон университетини ҳам имтиёзли диплом билан тамомлаб, оптик толали кабеллар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Fitel компаниясига ишга киради. Орадан бироз муддат ўтгач, Bankers Trust ташкилотида ишлай бошлайди. Шундан сўнг у D. E. Shaw ҳеж-фондида ўз фаолиятини давом эттиради. Мазкур компанияга Колумбия университетида фаолият кўрсатган профессор Дэвид Шоу 1988 йилда асос солганди. Бошқа фондлардан фарқли равишда бу ташкилот бозорни тадқиқ этишда математик усуллардан фойдаланар, шу боис молиячилар эмас, математик ва компьютер технологиялари бўйича мутахассисларни ишга қабул қиларди. Жефф эса бу соҳани чуқур биладиган мутахассислардан эди. Интилувчан Безос 1993 йилда компаниянинг вице-президенти даражасига кўтарилади. Бу пайтда у атиги 29 ёшда эди.

Жефф Безос ўз офисида. 1999 йил

Ўша пайтдан бошлаб интернет кенг оммалаша бошлади. Шу боис, Безосда онлайн-дўкон очиш ва бунинг учун компания тузиш ғояси туғилади. Жефф компанияни мамлакатнинг қайси шаҳрида рўйхатдан ўтказиш масаласида бироз ўйланиб қолади. Шунда Вашингтон штатидаги Сиэтл шаҳри яқинида истиқомат қилган унинг яқин бир дўсти Безоснинг компаниясига маблағ ажратиш, маҳаллий ҳуқуқшунос, банкир ва бошқа амалдорлар билан учраштиришни ваъда беради. Безос унинг таклифини қабул қилади ва 1994 йилнинг 6 июлида Cadabra компаниясига асос солади. Бу ном сеҳргарлар фойдаланадиган «абракадабра» сўзидан олинган эди. Бироқ кейинчалик Безос компанияга янада жарангдорроқ ном қўйишга қарор қилади. У ҳам худди Apple атамаси каби ҳамманинг эътиборини торта оладиган бўлиши керак эди. Шу боис, луғатни очиб, алифбодаги биринчи ҳарф билан бошланувчи сўзларга кўз югуртириб, охири «Амазонка» деган сўзга тўхталади. Амазонка Жанубий Америкада жойлашган дунёдаги энг серсув дарёнинг номи бўлиб, у бу атама компания учун ҳар жиҳатдан мос келади, деб ҳисоблайди. Сўз охиридаги «к» ва «а» ҳарфларидан воз кечиб, компанияни Amazon деб номлайди.  

Ҳаммаси китоб савдосидан бошланган

Ёш тадбиркор ҳали катта маблағга эга бўлмагани боис Сиэтл шаҳридаги гаражлардан бирида камтарона офис очади. У эшикдан қўлбола қилиб тайёрланган эски столлар ҳамда бир неча компьютер билан жиҳозланганди (ҳатто бугун ҳам компания офисида эшикдан ясалган столлардан фойдаланилади. Бу маблағни иқтисод қилиш учун эмас, балки ходимларга тежамкорлик ҳақида эслатиб туриш учун). Иш бошлаш учун дастлаб ота-онасидан 300 минг доллар маблағ олган Жефф одамлар интернетдан нималар харид қилиши мумкинлиги ҳақида бош қотира бошлайди ва энг зарур буюмлар рўйхатини тузиб чиқади. Бироқ Жефф улар ичидан энг яхшисини, унга фойда келтирадиганини танлаши лозим эди. Ва у узоқ мушоҳададан сўнг китобга тўхталади. Китоб сифати бузилмайдиган, у қадар оғир бўлмаган, буюртмачига етказишда ҳар жиҳатдан қулай маҳсулот эди. 1995 йилнинг 16 июлида Amazon.com сайти ишга туширилиб, буюртма қабул қилина бошланди. Сайт орқали илк харид ўша йили амалга ошади. Ўша пайтда Amazon’нинг маълумотлар базасида миллионлаб китобларнинг номлари бор эди. Бироқ компанияда китобнинг ўзи йўқ эди.  Компания интернет орқали буюртмаларни қабул қилиб, рўйхатни ҳамкорлик ўрнатган нашриётларга юборарди, улардан эса китобларни қабул қилиб оларди. Аста-секин иши юришиб буюртмалар борган сари ошиб бораверди. Компания ходимлари куни бўйи интернетда буюртмаларни рўйхатга олиш, кечаси эса омборхонада китобларни қабул қилиш, уларни компаниянинг махсус қутиларига жойлаш ва буюртмачиларга етказиш билан шуғулланарди. Буюртма қилиш учун сайтдаги нашрлардан кераклисини танлаш, кредит карта рақамини киритиш (телефон орқали операторга оғзаки айтиш имконияти ҳам бор эди) ҳамда етказиб берилган китоб учун тўловни амалга ошириш талаб этиларди.

Орадан кўп ўтмай, интернет-дўкон ҳафтасига қарийб 20 минг долларлик китоб сота бошлади. Рақобатчи китоб дўконлари орасида «ҳеч бир Интернет-дўкон, ҳақиқий китоб дўкони ўрнини боса олмайди», «Китоб дўконларини айланиб, улардан таралаётган исни ҳис қилгандек муҳитни ярата олмайди», деганлар ҳам топилди. Бироқ рақобатчиларнинг фикри ўзини оқламади. Икки йилдан сўнг, 1997 йилда Amazon.com тармоқлари АҚШнинг барча штатлари ҳамда дунёнинг 160та мамлакатига китоб етказадиган йирик компанияга айланади. Ўша йили унинг акциялари Нью-Йорк биржасида сотила бошлайди. 1999 йилда Жефф Безосни Time журнали «Йил одами» сифатида эътироф этади.

Безос 2000 йилда Blue Origin аэрокосмик компаниясига асос солди. 1998 йилда Google компаниясига 250 миллион доллар сармоя киритиб, унинг йирик акциядорларидан бирига айланади. 2013 йилда эса 250 миллион доллар эвазига The Washington Post нашриёт-уйини сотиб олади.

Жорий йилнинг март ойи ҳолатига кўра, Жефф Безоснинг бойлиги 182 миллиард долларга баҳоланмоқда. Унинг яқин таъқибчиси —Tesla ва SpaceX компаниялари асосчиси Илон Маскнинг бойлиги 164 миллиард долларни ташкил этади. Учинчи ўринда эса 157 миллиард доллар билан LVMH Moët Hennessy — Louis Vuitton компанияси раҳбари Бернар Арно бормоқда.     

Дунёда энг қиммат ажрим

Безос нафақат омадли, балки серқирра шахс, айни пайтда ўта камтар инсон. Жефф Безоснинг бугун юксак чўққиларни забт этиб, дунёдаги энг бой тадбиркорга айланишида ҳаёт йўлларида унга узоқ йиллар ҳамроҳ бўлган турмуш ўртоғи Маккензи Таттл (Безос)нинг алоҳида ўрни бор. Жефф қўлга киритган ютуқларда маълум маънода собиқ рафиқасининг маънавий кўмаги, қўллаб-қувватлаши муҳим рол ўйнаганини инкор этмайди. Безос D. E. Shaw компаниясида ишлаб юрган пайтлари шу ташкилотда ишлаган Маккензи Таттл (ҳозирда ёзувчи) билан танишиб қолади. 1993 йилда улар турмуш қуради.

Суҳбатлардан бирида тан олишича, Жефф Маккензини учратгунига қадар бир неча бор уйланиш ниятида гоҳ ўзининг хоҳиши, гоҳ яқинлари қистовига кўра қизлар билан учрашувларга чиққан. Бироқ ҳаммаси омадсиз якунланган. Кейинчалик маълум бўладики, ўз дунёқарашига мос, алоҳида сифатларга эга — санъатга ошуфта ва қобилиятли аёлни излаган.

Фото: radaronline.com

«Ҳаётимда мени иккинчи даражали одамлар қаторидан олиб чиқа оладиган, менга ғоя ва илҳом бера оладиган ва уни рўёбга чиқаришда кўмаклашадиган аёл зарур эди. Маккензи билан бир-биримизни бир оғиз сўз билан тушунамиз. У қобилиятли ва мен излаган аёл», дейди у. 

Бироқ чорак аср давомида бахтли ҳаёт кечирган, уч ўғил ва бир нафар қиз (асраб олинган)ни катта қилган мазкур жуфтлик 2019 йил айрим сабаблар билан ажрашишга қарор қилади. Ажрашиш Безосга қимматга тушди. Интернет нашрларининг ёзишича, бунинг натижасида Маккензи 38,3 миллиард доллар бойликка эга бўлди ва у дунёдаги энг бой аёллардан бирига айланди.

Work-life balance — иш ва ҳаёт мувозанати

Безос ҳар бир ишга навбат билан ёндашишни хуш кўради. «Мен ҳар бир ишга навбат билан ёндашаман. Агар дўстларим ёки оилам билан тушлик қилсам — овқатланаман. Агар электрон почтамга назар ташласам — ўқийман. Бирор иш қилаётган бўлсам бошқа бир нарсага чалғишни хоҳламайман», деганди Безос.

Ҳар бир инсон икки хил ҳаёт йўлидан бирини танлайди. Биринчиси — хавфсиз, қулай ва бир маромдаги ҳаёт йўли. Иккинчиси эса таваккалчилик асосига қурилган, тажриба, юқорилаш ва пасайишдан иборат мураккаб ҳаёт йўли. Безос иккинчи тоифага мансуб инсонлардан.

Жефф 1994 йилда D.E.Shaw» компаниясида вице-президент лавозимида ишларди. Бу ҳар жиҳатдан қулай ва даромадбоп иш эди. У келажагини ана шу ишга бағишласа ҳам бўларди. Бироқ кунлардан бир кун у ташкилот раҳбарига ишдан бўшамоқчилигини, интернет-дўкон очиш ниятида эканини айтганида, раҳбар унга «Бу чиндан ҳам яхши ғоя. Фақат у сен каби иш ва мавқега эга бўлмаган инсонлар учун яхши бўлиши мумкин. Наҳотки шундай ишингни ташлаб кетмоқчисан?» дейди ва унга яхшилаб ўйлаш учун вақт беради. Жефф эса рафиқаси билан маслаҳатлашиб, ишдан бўшашга қарор қилади.

Безос нима учун бу қарорга келганини шундай изоҳлайди: «...интернет имкониятлари кенглигини англагач, менинг ҳаётимни айнан у бутунлай ўзгартира олишини тушундим. Фақат унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш талаб этиларди. Агар бу йўлда мағлуб бўлганимда ҳам бу соҳада ўзимни синаб кўрмаганимга нисбатан ўзимни ўзим камроқ койиган бўлардим».

Агар Amazon компанияси касодга учрагудек бўлса, Жефф нима иш қилган бўларди, деган саволга унинг ҳамиша иккита жавоби бор. Биринчиси: «Катта эҳтимол билан дастурчи бўлардим. Менга ҳаммасини нолдан бошлаш муаммо эмас». Иккинчиси: «Менда бармен бўлишга етарлича қобилият бор. Яхши бармен бўлишимга ишонаман. Менга коктейл тайёрлаш ёқади, бунга санъаткорона ёндаша оламан...»

Безос — work-life balance (иш ва ҳаёт мувозанати) концепцияси тарафдори: «Мен бу жумлада «мувозанат»дан кўра «уйғунлик» деган сўзни маъқул деб ҳисоблайман. Иш ва шахсий ҳаёт бир-биридан мустақил бўлиши ва бир вақтнинг ўзида бир-бирини тўлдириши керак. Агар уйда бахтли бўлсам, бу ишда яхши ходим, яхши раҳбар бўлишимга туртки бўлади. Борди-ю, ишда ўзимга нисбатан талабчан бўлиб, самарали ишлашга ҳаракат қилсам, бу менинг оилада яхши ота ва турмуш ўртоқ бўлишимга ёрдам беради».

Фото: Getty Images

Жефф Безос эришганлари билан чекланмоқчи эмас

Компания офиси АҚШнинг Сиэтл шаҳрида жойлашган бўлиб, бугунги кунда унинг тизимида 540 мингдан зиёд киши ишламоқда. Аввалига компания фақат китоблар сотиш билан шуғулланган бўлса, 1998 йилдан мусиқалар ёзилган дисклар, ўша йилнинг ноябр ойидан видеомаҳсулотлар сота бошлади. Кейинчалик маҳсулотлар қамрови кенгайиб, MP3-ёзувлар, дастурий таъминот, видеоўйинлар, электроника воситалари, кийим-кечак, мебел, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ўйинчоқларни ҳам онлайн тарзда сотишга ўтилди. 2007 йилда компания китобларни электрон тарзда ўқиш мумкин бўлган махсус Kindle, 2010 йилдан бошлаб смартфон орқали масофадан туриб бошқариш имконияти мавжуд бўлган Amazon Echo деб номланган цилиндр шаклидаги «ақлли карнай», 2014 йилдан Fire Phone смартфонини ҳам ишлаб чиқара бошлади.

Фото: AP

Amazon — биринчилардан бўлиб интернет имкониятларидан самарали фойдалана олган компания. Бугун Amazon.com онлайн савдоларни амалга ошириш учун йирик майдон, унинг сайти энг оммавий сайтлардан бирига айланди. Компания нафақат ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот, балки турли компания, корхона, дўконлар билан тузилган шартномалар асосида уларнинг маҳсулотларини сотишдан ҳам катта фойда кўради. Мижозлар дўконма-дўкон юриб, вақтини бекорга сарфламай, ўтирган жойидан сайтга кириб исталган буюмига буюртма бериши, қисқа фурсатларда уни харид қилиши мумкин. Сайтда мебел, электроникадан тортиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг расми, кўрсаткичлари, нарх-навоси жойлаштирилган. Компаниядан маҳсулот харид қилиш учун аввал сайт рўйхатидан ўтилади, кейин харид қилмоқчи бўлган буюм номи ёзилиб, сўнг кредит карта рақами, манзил номи киритилади. Компания харид расмийлаштирилганидан сўнг мижознинг картасидан маблағни бирданига эмас, балки маҳсулот мижозга етказилганидан сўнг ечиб олади. Компания сайтига исталган киши ўз муаллифлигидаги китобнинг электрон нусхасини жойлаштириши мумкин. Фақат китоб нархи 2 доллардан кам, 9 доллардан юқори бўлмаслиги лозим. Компания ҳар бир сотилган электрон китобдан тушган маблағнинг 70 фоизини муаллиф ҳисобрақамига ўтказади. Бундан ҳам компания, ҳам сайтга китобини жойлаштирган муаллиф фойда кўради.

Amazon’нинг Австралия, Бразилия, Канада, Буюк Британия, Германия, Япония, Франция, Италия, Польша, Испания, Ҳиндистон ва Хитойда филиаллари фаолият кўрсатади.

Компания маҳсулотларни сақлаш, қадоқлаш ҳамда уларни етказиш бўйича замонавий логистика тизимини йўлга қўйган. Унинг буюртмаларни амалга ошириш пункти одатий омборхоналардан анча катта. Бу ерда буюртмалар йиғилади, сараланади, қадоқланади ҳамда сўралган манзилга етказилади. Amazon 180 омборхона, 28та маҳсулотларни саралаш маркази, 59та маҳаллий етказиш пункти, Prime Now лойиҳаси доирасида маҳсулотни икки соатда етказиб берувчи 65та станцияга эга. Бундан ташқари, компания тизимида 4 мингдан зиёд юк машиналари, ижара асосида эса 20 самолётдан фойдаланилади. 2012 йилда Amazon робот ишлаб чиқаришга ихтисослашган Kiva Systems компаниясини 775 миллион долларга сотиб олди. Бугунги кунда компания тизимида 100 мингдан зиёд ана шундай роботлардан фойдаланилмоқда. Улар омборхоналардаги ишни енгиллатиш имконини бермоқда. Маҳсулотлар узоқ манзилларга самолёт ва кемалар воситасида етказилади.

Фото: Win McNamee/Getty Images

Интернет-дўконга асос солиб, дунёдаги энг бадавлат инсонга айланган Жефф Безос эришилган муваффақиятлари билан кифояланиб қолмоқчи эмас. У ўз олдига янги ва юксак мақсадлар қўйган. Жефф яқин келажакда коинот сайёҳлигини ташкил этиш, оддий одамларни коинотга олиб чиқиш ҳақида бош қотирмоқда. Унга тегишли Blue Origin компанияси бирданига олти нафар йўловчини 100 километр баландликка қадар олиб чиқа оладиган New Shepard деб номланган фазовий кемалар ишлаб чиқариш устида иш олиб боряпти. Яқин келажакда ана шу лойиҳа ҳам амалга ошиб, оддий одамлар коинот бўйлаб саёҳат қилса ажаб эмас.

Шаҳзод Ғаффоров тайёрлади.

Мавзуга оид