Ўзбекистон | 12:38 / 11.02.2021
9523
3 дақиқада ўқилади

Авлоний институти қайта ташкил этилди. Бу институт фаолияти аввалгисидан қандай фарқ қилади?

Президент қарори билан Авлоний номидаги малака ошириш институти илмий текшириш институтига айлантирилганидан сўнг институт фаолиятида қандай ўзгаришлар рўй бергани ҳақида институт ректори Аюбхон Ражиев Kun.uz’га берган интервьюсида сўзлаб берди.

«Фарқи катта. Авваллари малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳисобланган, яъни халқ таълимининг раҳбар ходимлари, мутахассислари ва ўқитувчиларнинг малакасини оширадиган институт бўлган.

Жорий йилнинг 25 январ куни президентимизнинг 4963-сонли қарори имзоланди. Бу қарор билан эндиликда Авлоний номидаги институт Илмий тадқиқот институтига айлантирилди. Аввалги функцияси сақланган ҳолда, асосий функция сифатида халқ таълими муаммоларини ва истиқболларини белгилайдиган, муаммоларни илмий тадқиқ қиладиган институтга айланмоқдамиз.

Умуман олганда функционал вазифаси тубдан фарқ қиладиган институтга айланмоқда. Шу билан бирга, ҳудудларда 14та малака ошириш марказлари бор, мен бежиз юқорида малака ошириш функцияси ҳам сақлаб қолинди демадим, сабаби, президент қарори билан 14та ҳудудий марказлар учта йўналишда Авлонийга боғланди. Булар илмий, методик ҳамда ўқув йўналишида. Уларнинг фаолиятини бевосита мониторинг қилиш, ташкил этишда услубий ёрдам бериш каби ишларни биргаликда амалга ошириш имконига эга бўлдик.

Асосий мақсад - малака оширишни енгил ва осон жараёнга айлантириш. Қўрқинчли, йиқилса қандайдир чора кўриладиган тизим эмас, ўқитувчида кўникмани ошириш эҳтиёжи пайдо бўлдими, бориб, ўша платформага кириб, ўзига тегишли бўлган материални топиб, ўқиб, уни сертификатга айлантириш имкониятига эга бўлиши керак.

Аюбхон Ражиев 

Тан олиш керак, бу гапларни амалга ошириш осон иш эмас. Бу йиллар давомида тўпланиб келган муаммолардир. Хусусан, мазмун ва мазмундаги муаммолар ҳақида гап кетганда, буни бир бинони 6 ой ичида қуриш билан тенглаштирмаслик керак. Мазмунни ўзгартириш учун аввало мазмунни ярата оладиган мутахассисларни шакллантира олишимиз керак.

Йиллар мобайнида бундай мутахассисларимизнинг кўникмалари пасайиб кетган. Китоб ёзгин, методик қўлланма яратгин, жозибадор малака ошириш курсларини яратгин десангиз, аксарият мутахассисларимиз қийналишмоқда. Аввало шундай бошлашимиз керак ва бу йилларни талаб этади. Шу фурсатдан фойдаланиб, Kun.uz’нинг муштарийлари орасида ўқитувчилар, таълим соҳаси фидойилари бўлса, мана шу гапларимни эшитаётган бўлишса, қарс икки қўлдан чиқади, яъни биз улар томон бир қадам боссак, улар ҳам биз томон бир қадам босишлари керак. Яъни биз берган малака ошириш курсларини чин дилдан ўқишлари, ўз устида ишлашни бошлашлари керак. Айнан бир парча қоғоз сертификат учун эмас, ўзи фидойи сифатида ўз устида ишлаб бориши - биз учун ютуқ ҳисобланади», деган у.

Мавзуга оид