Ўзбекистон | 22:02 / 29.08.2024
5756
2 дақиқада ўқилади

Президент Жамоат хавфсизлиги университетини кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев офицер ва талабалар билан мулоқотда дуал таълимни кенг жорий қилиш, ўқув дастурини бугунги хавф-хатарларга мослаштириб бориш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон президенти, Қуролли кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Жамоат хавфсизлиги университетини бориб кўрди.

Ушбу маскан малакали кадрларни мақсадли тайёрлайдиган олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Ўқув юртининг асосий вазифаси чуқур ўқитиш, жанговар ва жисмоний тайёргарликни ошириш орқали жамоат хавфсизлигини самарали ташкил этишга қодир малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборат.

Қайд қилинишича, университетга 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб талабалар қабул қилинган. Бакалавриатда 15, магистратурада 8 йўналиш бор. Бугунги кунда бакалавриатда мингдан ортиқ курсант, махсус йўналиш, сиртқи таълим ва магистратурада яна шунча ёшлар таълим оляпти. Уларга жами 209 нафар ўқитувчи, профессор ва фан докторлари сабоқ бермоқда.

Сўнгги йилларда университетнинг ўқув бинолари капитал таъмирланди. Спорт мажмуаси ва ўқув-услубий ситуацион маркази янгидан қурилди. Ҳар бири 300 ўринга мўлжалланган 6 та ётоқхона замонавий ҳолатга келтирилди. Давлат раҳбари ушбу шароитларни кўздан кечирди.

Президент офицер ва талабалар билан мулоқотда дуал таълимни кенг жорий қилиш, ўқув дастурини бугунги хавф-хатарларга мослаштириб бориш бўйича кўрсатмалар берди.

Университетнинг янги спорт мажмуаси ҳам кўздан кечирилди. Икки қаватли мажмуада бассейн, тренажёр ва кросфит зали, бокс, кўпкураш майдонлари ташкил этилган. Катта спорт залида гимнастика, мини-футбол, гандбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси билан бирга баландлик тайёргарлиги ва эвакуация машғулотларини ўтказиш мумкин.

Маънавият ва маърифат марказида 500 ўринли тадбирлар зали, ҳарбий оркестр жамоасининг шуғулланиши учун алоҳида хона, ватанпарварлик музейи, психологик марказ жойлашган. Давлат раҳбари уларнинг ижодий чиқишларини кузатди.

Мавзуга оид