Жаҳон | 07:44 / 23.04.2020
19956
7 дақиқада ўқилади

Жазолаш юмшатилармикан: коронавирус қамоқ жазосига муносабатни ўзгартира оладими?

Жазолаш юмшатилармикан: коронавирус қамоқ жазосига муносабатни ўзгартира оладими?

Фото: РИА Новости

Коронавирус инфекцияси инсон жамиятларини ўзгартиради. Эҳтимол, пандемия чоғида фуқароларнинг катта қисми ўз уйида изоляцияланган мамлакатларда қамоқхоналардан фойдаланишни қисқартириш узоқ муддатли оқибатларга айланар…

«Новая газета» Санкт-Петербургдаги Олий иқтисодиёт мактаби илмий-тадқиқот университетининг катта илмий ходими, социология фанлари доктори Искандер Ясавеевнинг бу борадаги фикрларини келтирмоқда.

Озодликдан маҳрум этиш — қамоқхона ёки колонияга жойлаштириш — ҳамон бир қатор мамлакатларда қўлланилиб келинмоқда, гарчи криминологларнинг фикрича, алоҳида жуда кам ҳоллар истисно қилинса, махсус муассасаларга қамаш ҳеч қандай тарбиявий таъсирга эга эмас. Жиноятга қарши курашиш сиёсатга таъсир ўтказувчи омиллардан бири фуқароларнинг жиноятчилар ва жазога нисбатан талабларидир.

Россияда ҳуқуқбузарларга қарши жазоловчи муносабат кенг тарқалган ва «ўғри қамоқхонада ўтириши шарт», қабилидаги қараш шаклланиб бўлган. Озодликдан маҳрум этишни аксарият одамлар адолатли ва ўринли жазо деб билишади, қамоқхона ва колонияга муқобил бўлган озодликни чеклаш, мажбурий ишлар, ахлоқ тузатиш ишлари ва жарималар — жуда енгил жазо сифатида қабул қилинади.

Ҳокимият ҳам халқ ўртасида кенг тарқалган бундай жазолаш истагини жон-жон дея қабул қилиб, жиноятчиликка қарши кураш сиёсатига доир қарорларида, шунингдек, суд ҳукмларида уларни акс эттиради.

COVID-19 пандемиясининг оқибатларидан бири озодликнинг чекланиши бўлмоқда — дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ойлаб уйларини тарк этолмай қолишди. Ҳаттоки энг яқин дўконга бориш имкониятидан маҳрум этувчи бу чеклов борган сари оғир чора сифатида қабул қилинмоқда.

Яъни, коронавирус эркин ҳаракатланиш қадриятини янада ёрқинроқ кўринишда намоён этиб берди.

Шунинг учун тахмин қилиш мумкинки, инсонларнинг қамоқхонага тиқишдан кўра инсон озодлигини чеклашга бўлган муносабати ўзгаради — ўз яшаш жойини тарк этишга ёки маълум бир муддатга узоқлашишга нисбатан тақиқ қатъийлиги бўйича қамоқхонага жойлаштиришдан кам бўлмаган реал жазо сифатида қабул қилина бошлайди.

Қамоқхонадан воз кечиш имкониятини доимо излаш ёки ундан фойдаланишни ҳаддан ташқари қисқартириш зарурияти ҳақида етакчи криминологлар, жумладан, Финляндиядаги қамоқхоналар ислоҳотини амалга оширганлар ёзишган.

Финляндияда XX асрнинг иккинчи ярмида қамашни бошқа турдаги жазолар билан алмаштириш, қамоқ муддатини қисқартириш ҳисобига маҳбуслар сонини бир неча мартага қисқартиришга муваффақ бўлинган, бироқ бу жиноятчилик динамикасига умуман таъсир кўрсатмаган. Яъни, жиноятга қарши курашиш сиёсатини сезиларли тарзда юмшатиш жиноятчилик даражасини оширмаган.

Финляндия адлия вазири вазифасида ишлаган, ислоҳотларда муҳим рол ўйнаган криминология профессори Инкери Анттила хоним ўзининг қамоқхонани минималлаштириш ғоясини изчиллик билан ҳимоя қилиб келган.

Унинг фикрича, қамоқхона қонунчилик нормаларни бузувчиларни муҳокама қилиш қатъийлиги драмалаштиради. Лекин қамоқхонанинг асосий функцияси бўлмиш — жиноятчиликнинг олдини олиш учун, жазонинг муқаррарлиги таъминланган бўлса оғирлиги камроқ бўлган чоралар билан ҳам кифояланиш мумкин: «Агар потенциал ҳуқуқбузар қўлга тушиш эҳтимоли жуда катта эканлигини билса, бу ҳолатда енгил жазо ҳам унга кифоя қилади.

Биз барчамиз умумий превенцияга (огоҳликка) қамоқхонадан фарқли санкциялар воситасида эришишга интилишимиз лозим. Қамоқхонага қамаш учун зарурият бўлганда эса қисқа муддатга озодликдан маҳрум этишдан фойдаланишимиз керак».

«Қамоқхона керак, — дейди Анттила, — фақатгина бошқа мос муқобил топилмаган ҳолатгача.

Гарчи қамоқхоналарни жазо тизимидан йўқотиб бўлмаса-да, ундан фойдаланишни қисқартириш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак. Жамият қамоқхонага жойлаштиришга муқобил бўлган янгиликларни ахтариши, қамоқхоналардан фойдаланиш эса минимумга туширилиши керак.

Фото: РИА Новости

Озодликдан маҳрум этилиш билан боғлиқ бўлмаган барча санкциялар умумий превенция нуқтаи назаридан жуда юмшоқ жазо эканлиги борасида қатъий туриб олганлар санкцияларнинг реал қатъийлиги доимо ўзгариб туриши хусусидаги фактни инобатга олишмайди (Инкери Анттиланинг «Қатағонсиз назорат?» эссесидан).

Коронавирус инфекцияси пандемияси шароитида, эҳтимол, санкциялар қатъийлигининг айнан шундай ўзгариши рўй бераётган бўлса не ажаб?

Атрофдагилар учун хавфли бўлмаган ҳуқуқбузарларни соғлиғидан мосуво қилиб, оиласи билан алоқалардан узиб, мустақил қарор қабул қилиш кўникмасдан маҳрум қилиб нега қамоқхона ва колонияларга жойлаштириш керак, ҳолбуки, озодликни чеклаш ва ўз турар жойи ҳудудини маълум муддатга тарк этмаслик каби бошқа жазо чораларидан фойдаланиш мумкин-ку, деган саволни пандемия янада билинарли ва аҳамиятли қилиб қўймоқда.

Мишел Фуко ўзининг «Назорат қилиш ва жазолаш. Қамоқхонанинг туғилиши» китобида XVII ва XVIII асрларда рўй берган ўлат эпидемияси қамоқхона интизоми механизмининг ривожланишига таъсирини ёритади. Агар мохов касаллиги яккалаб қўйишни пайдо қилган бўлса, ўлат — муҳит бўйича қатъий бўлиш ва назоратни.

Умид қилиш мумкин, 2020 йилги коронавирус инфекцияси пандемияси бошқа йўналишда — зўравонлик билан боғлиқ бўлмаган жиноятлар учун қамоқхоналардан фойдаланишдан воз кечиш ҳаракатига ёрдам беради.

Фото: РИА Новости

Бу нафақат маҳбусларни боқиш учун сарфланадиган (коронавируснинг иқтисодий оқибатлари туфайли тақчил бўлиб қолган) бюджет маблағларининг каттагина қисмини тежайди, шунингдек ҳуқуқбузарлар ва уларнинг оилаларга етказиладиган кераксиз азоблардан жиноятчилик даражасини оширмасдан халос қилади. 

Россия учун эса COVID-19 эпидемияси «қамоқхоналар мамлакати» сафидан чиқиб, мўътадил жиноятчиликка қарши кураш сиёсатига ўтиш учун имконият бўлиб қолиши мумкин.

Россиядаги тергов изоляторлари, қамоқхоналар ва колонияларда айни пайтда 517 минг киши сақланмоқда.

Аҳолиси сони турлича бўлган давлатларни таққослаш учун криминологлар 100 минг аҳолига маҳбуслар сонидан фойдаланишади. Бу кўрсаткич бўйича ҳам, маҳбуслар сони бўйича ҳам АҚШ ҳисобланади: у ерда 100 минг фуқарога 655 нафар маҳбус тўғри келади.

Россия 100 минг кишига 359 маҳбус билан жаҳонда 10-ўринни эгаллайди. АҚШ ва Россиядан ташқари маҳбуслар сони кўп бўлган «қамоқхоналар мамлакати» рўйхатида Сальвадор, Туркманистон, Таиланд, Руанда, Куба, Панама, Коста-Рика ва Бразилия бор. Бу мамлакатларда маҳбуслар сонининг кўплиги жиноятчилик даражаси баланд эканлиги билан эмас, жиноятчиликка қарши курашиш сиёсати қатъий эканлигини билан боғлиқ.

Криминологик тадқиқотлар жиноятчилик даражаси ва маҳбуслар сони ўртасида алоқа йўқлигини кўрсатмоқда.

Лекин постсовет давлатларининг барчасида (Беларусь ҳисобга олинмаса), аҳоли таркибида маҳбуслар улуши Россияга нисбатан жуда кам. Масалан, ҳар 100 минг аҳолига Қозоғистонда 157, Сербияда — 156, Украинада — 147 маҳбус тўғри келади.

Мавзуга оид