Жамият | 13:08 / 07.04.2021
56962
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда туман ҳокимлиги биноси олдига қўйлар подаси ҳайдаб келинди. Чўпонлар яйлов талаб қилишган

6 апрель куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига бир гуруҳ одамлар ўз сурувини ҳайдаб келгани ва ҳокимдан яйлов талаб қилгани акс этган видеолар тарқалди.

Kun.uz мазкур ҳодиса юзасидан туман ҳокимлиги ахборот хизматидан изоҳ олди.

Нуробод туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Эркин Пардаев ҳодиса ҳақиқатан Нуробод тумани марказида содир бўлганини тасдиқлади. Унинг айтишича, Нуробод тумани ҳудуди жуда катта ва унинг асосий қисми яйловлардан иборат. 2020 йил 3 сентябрь куни президентнинг «Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган. Шундан сўнг қоракўлчиликни ривожлантириш учун туманда иккита кластер ташкил этилган ва уларга бўш турган яйловлар бириктириб берилган.

Кластерлардан бири ўзига тегишли ернинг бир қисмини ўзаро шартнома имзолаб, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларидан бирига берган. Шундан сўнг фермер хўжалиги билан одамлар ўртасида можаро келиб чиққан. Фермер хўжалиги ер учун пул тўлаётганини айтган. Одамлар ҳам ўз қўйларини ўша яйловларда боқишини билдирган.

«Шу пайтгача хоҳлаган жойида ўз қўй подасини боқиб келган одамлар яйловлар кластерларга бериб юборилганини ҳазм қила олмаяпти. Оқибатда энди низо чиқмоқда, қўйларини ҳайдаб ҳокимиятга келишди. Кластер ва у билан ишлайдиган фермер хўжалиги одамларни яйловлардан шунчаки қувиб юбормаяпти. Балки энди ўзаро шартнома тузиб белгиланган ҳудудларда қўйларини боқиши мумкинлигини айтяпти. Аммо шу пайтгача, ҳеч қаерга ҳеч қандай тўлов тўламасдан, яйловларда қўйларини боқиб келган одамлар бунга кўнишмаяпти», деди Эркин Пардаев.

Ҳодиса юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳам ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, Республика Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан «Самарқанд қоракўл кластер» МЧЖ корхонасига 151 минг гектар ҳамда «SP LUXE» МЧЖ қўшма корхонасига 197 243,4 гектар яйлов ер майдонлари ажратилган.

«SP LUXE» МЧЖ ва Нуробод тумани Қоракўлча массивида фаолият юритаётган «Соҳибкор Ҳожиакбар» фермер хўжалиги ўртасида 49 йилга 834 гектар яйлов ер майдонини ижарага олиш бўйича ўзаро шартнома тузилган. Шартномада  белгиланган ерда 1450 бош майда шохли молларни боқиш кўрсатилган бўлса-да, ушбу ер майдонида фермер хўжалиги раҳбари томонидан 4 мингдан зиёд чорва моллари боқилгани Қиличли маҳалласи фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган. Шу сабабли кластернинг 1450 бош қўйлари маҳаллий аҳоли томонидан 2021 йил 6 апрель куни соат 16:00ларда туман марказига ҳайдаб келинган.  

Шундан сўнг туман ҳокими, туман ички ишлар бўлими бошлиғи бошчилигида «SP LUXE» МЧЖ қўшма корхонаси иш бошқарувчиси ва фуқаролар иштирокида йиғилиш ўтказилган. Унда «SP LUXE» МЧЖ раҳбари ва «Соҳибкор Ҳожиакбар» фермер хўжалиги ўртасида тузилган шартнома бекор қилиниши мутасаддилар назоратига олинган.

Мавзуга оид