Ўзбекистон | 07:37 / 05.09.2022
8603
3 дақиқада ўқилади

Айрим талаба хотин-қизлар контракт тўлови ҳокимликлар томонидан тўлаб берилади

Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар давлат ОТМларига контракт асосида ўқишга кирганида контракт тўлови Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тўлаб берилади.

Фото: Kun.uz

“Ҳуқуқий ахборот” каналида ёзилишича, бунда ҳар бир ҳудуддан ўқишга кирган 40 нафардан, иккинчи ва ундан юқори босқичларда таҳсил олаётган 110 нафар, жами 150 нафар хотин-қизлар учун тўрт йиллик контракт тўлаб берилади.

Бунинг учун ариза олий таълим муассасаси қабул комиссиясига берилиши керак.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан базавий тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш мақсадида талабгорларни танлаб олиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

а) кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар. Бунда кам таъминланган оила деганда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилган оила тушунилади;

б) ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, яъни етим ёки ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар;

в) ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, яъни боқувчисини йўқотган (турмуш ўртоғи вафот этган), вояга етмаган фарзандларни ёлғиз тарбиялаётган эҳтиёжманд аёллар.

Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синови (касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижаларига кўра давлат олий таълим муассасаларига базавий тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва 2-4-курсларда таҳсил олаётган, мезонларга мос келувчи хотин-қизлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб аризани ҳар йили 10 календар кун ичида олий таълим муассасаси қабул комиссиясига тақдим этади.

Олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан талабгорлар ижтимоий ҳолати тўғрисида маълумотлар (талабгор туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, ота-онаси ёки улар бири вафот этгани тўғрисида ўлим гувоҳномаси, турмуш ўртоғи вафот этгани тўғрисида ўлим гувоҳномаси нусхаси ва вояга етмаган фарзанди туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси) «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинади.

Ҳар бир давлат олий таълим муассасаси белгиланган мезонлар асосида талабгорлар рўйхатини таҳлил қилиб, келтирилган мезонлар асосида талабгорлар рўйхатини 5 календар иш кунида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳар йили 5 календар иш куни ичида талабгорлар рўйхати, талаб этилган ҳужжатлар (талабгор туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, ота-онаси ёки улар бири вафот этгани тўғрисида ўлим гувоҳномаси нусхаси, ёхуд турмуш ўртоғи вафот этгани тўғрисида ўлим гувоҳномаси нусхаси ва вояга етмаган фарзанди туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси) баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари ва ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари аниқ кўрсатилган ҳолда ёзма равишда доимий яшаш жойи бўйича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборилади.

Мавзуга оид