Ўзбекистон | 10:56 / 18.08.2024
6552
1 дақиқада ўқилади

1-курсга кирганлар ётоқхона учун ариза бера олмаётгани сабаби маълум қилинди

Регламентга мувофиқ дастлаб имтиёз ва устуворликларга эга талабгорлар талабалар турар жойларига қабул қилинади. Шундан сўнг умумий рўйхатдаги талабалар учун ётоқхонада ортиб қолган ўринлар сонига нисбатан навбат асосида тақсимланади.

Фото: samdu.uz

2024 йил 17 август куни 2024/2025 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг якуний натижалари (мандат) эълон қилинди. Шу муносабат билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 1-курсга тавсия этилганларга алоқадор муҳим хабарни эълон қилди.

Маълумки, талабаликка тавсия этилганлар давлат олий таълим муассасаларининг талабалар турар жойига жойлашиш учун Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали онлайн ариза юбориш имконияти яратилган.

Бироқ айни пайтда 1-курсга тавсия этилганлар тўғрисидаги маълумотларни “Талабалар турар жойи ахборот тизими”га юклаш ишлари олиб борилаётганлиги боис талабалар томонидан ариза юбориш хизмати ҳозирча ўз ишини бошламади.

Қайд этилишича, мазкур ишлар тез орада якунига етказилгандан сўнг, 1-курсга тавсия этилганлар ариза юборишлари мумкин бўлади. Бу ҳақида қўшимча маълум қилинади.

Мавзуга оид