Қаршидаги собиқ «Эҳтиёт қисмлар бозори» ҳақиқий эгасига қайтарилмаяпти: 14 йиллик сарсонгарчилик қачон барҳам топади?
Қашқадарё вилояти марказида оилавий тадбиркорлар ўзлари қурган мулкка эгалик қила олишмаяпти. Бу ҳақда Қашқадарёда минглаб ишчи ўринлар яратган тадбиркор ўн ака-ука Сафаровлар оиласи номидан ишончли вакил Чори Сафаров таҳририятга мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, Сафаровлар оиласига тегишли мулк суд қарорларига асосан шу жойда ижарада турган давлат улушига эга ташкилот Қарши шаҳар — «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖга ноқонуний тарзда олиб берилган. Мулк эгаси бўлмиш Сафаровлар эса 13 йилдирки уни қайта қўлга кирита олмасдан сарсон бўлишмоқда.
Келинг, ҳаммасига бир бошидан ойдинлик киритамиз.
2001 йил 12 январда Қарши шаҳар ҳокими Ю.Қараевнинг қарори билан шаҳарнинг Жайхун кўчасидан «Чори-С» фирмасига (раҳбари — Сафаров Чори Беғамович) «Қурилиш материаллари бозори»ни лойиҳалаштириб қуриш учун 3,8 гектар ер ажратилади.
Чори Сафаров ўзига ажратиб берилган ерда қурилиш материаллари сотишга ихтисослашган бозор қурилишини бошлайди ва у тўлиқ битмасдан, 2001 йилнинг 16 июль куни нотариус орқали акаси Эркин Сафаровга №848-сонли ҳадя шартномаси орқали ҳадя қилади.
Эркин Сафаров бозорни тўлиқ қуриб битказади ва қурилиш материаллари сотишга мўлжалланган бозорни автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш учун мослаштиради. Сўнгра 2004 йил 15 апрелдаги олди-сотди шартномасига кўра, Эркин Сафаров эҳтиёт қисмлар (қурилиш материаллари) бозорини укаси Сафаров Тўлқинга сотади. 2004 йилда бозорга муддатли фойдаланиш ҳуқуқи билан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилади.
2004 йилда имзоланган ижара шартномасига кўра, Қарши шаҳридаги «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ Тўлқин Сафаровга тегишли «Анвар-Осиё» хусусий корхонаси билан ижара шартномаси имзолайди ва ойига 300 минг сўм ижара ҳақи эвазига, Қарши шаҳри Жайхун кўчасида жойлашган «Эҳтиёт қисмлар бозори»нинг бино ва иншоотларидан фойдалана бошлайди.
Шу ўринда бир ойдинлик: «Ихтисослаштирилган автомобиль бозори» МЧЖ қандай ташкилот эди? У 2003 йил 2 декабрда ташкил топган бўлиб, устав жамғармасининг 51 фоизи (1 млн 387 минг 200 сўм) Қарши шаҳар ҳокимлигига тегишли, 49 фоизи эса (1 млн 332 минг 800 сўм) Сафаров Эркин Беғамович томонидан нақд пул киритиш эвазига шакллантирилган. Юридик манзили: Қарши шаҳри, «Ўзбекистон овози» кўчаси, 2-уй.
Бозор бино-иншоотларидан фойдалангани учун «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ Т.Сафаровга тегишли хусусий корхонага 2004 йил апрелдан 2006 йилнинг апрелгача ижара ҳақини ойма-ой тўлаб борган.
2006 йил апрелда ака-ука тадбиркорлар Сафаровларга нисбатан тергов ишлари олиб борилади ва ўз ўзидан, «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ директори ҳам ўзгаради. Шу ойдан «Эҳтиёт қисмлари бозори» эгаси Т.Сафаровга бозор учун ижара ҳақи тўлаш тўхатилади.
Боз устига, гарчи ваколати бўлмаса-да, Қарши шаҳар ҳокимлиги бировнинг номида турган мулкни тортиб олиш учун фуқаролик судига даъво аризаси киритади.
Ишни ўрганиб чиққан Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди 2007 йил 10 июлда ҳал қилув қарори чиқаради ва унга кўра:
1. Сафаров Эркин Беғамович Қарши шаҳар «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқарилади.
2. 2004 йил 15 апрелда Сафаров Эркин ва Сафаров Тўлқин ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилади ва тарафлар дастлабки ҳолатга келтирилади. Яъни, кўчмас мулк Сафаров Эркинга қайтарилади.
3. «Эҳтиёт қисмлари» бозори номини «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» номи билан қайта кадастр ҳужжатлари тайёрлаш мажбурияти юкланади.
Яъни, суд қарорида фақат бозор номини «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» деб ўзгартириш айтилмоқда, лекин уни худди шу номдаги «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖга ўтказиб бериш ҳақида бирор гап бўлмаган. Кейинги ҳужжатларда эса айнан шундай талқин қилинмоқда.
Юқорида суд ҳал қилув қарорида кўчмас мулк Эркин Сафаровга қайтарилиши кераклигини белгилангани айтилди.
Бироқ, суднинг бу ҳал қилув қарорини нотўғри талқин қилиб, бозор бино ва иншоотлари Қарши шаҳрининг мутлақо бошқа манзилида асос солинган «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖга 2013 йилда расмийлаштириб берилган.
Ҳолбуки, 2007-2013 йиллар мобайнида Эркин Сафаровнинг рафиқаси М.Йўлдошева бир неча бор Кадастр давлат қўмитаси ва Қашқадарё вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати ДУК идорасига мулкни қайта расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилади. Бироқ, давлат идоралари томонидан Э.Сафаровнинг ўзи паспорти билан келиб, қурилиши тугалланган «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори»ни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасини имзолаб, ушбу далолатномани тасдиқлаш тўғрисидаги Қарши шаҳар ҳокимлигининг қарорини тақдим этиши керак, деб жавоб берилади.
Эркин Сафаров эса таъқибда эди…
Юқорида таъкидланганидек, 2013 йил 11 июнда Жайхун кўчасида жойлашган «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» шу номдаги кўчмас мулкда ижарада туриб келган МЧЖга расмийлаштириб берилади.
Расмийлаштириш учун эса ўша ФИБ Қарши туманлараро судининг 2007 йил 10 июлдаги ҳал қилув қарори ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2013 йил 24 майдаги №02-03-1311 сонли хати ҳуқуқий асос бўлган.
Давлат кадастри давлат қўмитасининг №02-03-1311 сонли хатда нима ёзилганига эътибор қаратамиз.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Т.Абдуллаев Қашқадарё вилоят «Ермулккадастр» хизмати ДУК бошлиғи Ў.Абдураҳмоновга буюряпти:
Эркин Сафаров «Ихтисослаштирилган автомобиль бозори» МЧЖга бозорни расмийлаштирмасдан, уни укаси Т.Сафаровга сотиб юборган эмиш. ФИБ Қарши туманлараро судининг 10.07.2007 йил қарорига кўра, ўша олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас, деб топилган экан ва бозор номи «Ихтисослаштирилган автомобиль бозори» деб ўзгартирилиши кўзда тутилган экан. Шулардан келиб чиқиб, суд қарори ижросини таъминлаш учун объект «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖга расмийлаштириб берилиши керак. Қойил!
Орадан 5 йил ўтгач, худди шу раҳбар Ч.Сафаровга йўллаган 2018 йил 23 январь кунги хатида шундай дейилган:
Қашқадарё вилояти «Ермулккадастр» давлат корхонасининг мурожаатига асосан қўмитанинг 24.05.2013 йилдаги 02-03-1311-сонли жавоб хатида ФИБ Қарши туманлараро судининг 10.07.2007 йилдаги ҳал қилув қарори ижросини таъминлаш учун мазкур объектни «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ номига белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиб бериш лозимлиги ҳақидаги хулосага ҳолатлар тўлиқ ўрганиб кўрилмаслиги туфайли вужудга келгани ва мазкур хат ўз кучини йўқотган, деб топилгани, объектни давлат рўйхатидан ўтказиш қайта кўриб чиқилиб, белгиланган тартибда чоралар кўрилиши ҳақида кўрсатма берилгани ҳақида баён қилинган.
Демак, бозорни МЧЖга расмийлаштириб бериш учун асос бўлган иккинчи ҳужжат ҳам йўққа чиқди. ФИБ Қарши туманлараро судининг 10.07.2007 йилдаги ҳал қилуви қарорига кўра бозор Э.Сафаровники, унга 10.07.2007 йилдаги ФИБ Қарши туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан расмийлаштириб берилиши керак.
Шуларни ҳисобга олиб, Сафаровлар оиласи аъзолари суд томонидан белгиланган жазони ўтаб бўлгач, ҳамда уларга нисбатан таъқиб тугагач, 2016 йилда биз ўрганаётган объектдан 10.07.2007 йилдаги ФИБ Қарши туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖни кўчмас мулкдан мажбурий тартибда чиқаришни сўраб, ФИБ Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритади.
Раислик қилувчи Қ.Боймуродов раислигида ўтган Қаршидаги суд масалани холис ҳал қилиш ўрнига, даъвогарнинг даъво талаблари бўйича даъво қилиш муддати ўтган деб топади.
ФИБ Қашқадарё вилоят судининг апелляция инстанциясида ҳам Э.Сафаровнинг даъво талаблари рад этилган.
Сафаровлар оиласи югур-югурни кучайтиргач, иш Олий судгача етиб боради. Лекин Олий суд судьялари ҳам кўриниб турган фактни тан олмасдан, ҳужжатларда чалкашликларга йўл қўяётганига нима дейсиз?
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2017 йил 12 сентябридаги ажримида шу судлов ҳайъатининг 2017 йил 30 майдаги ажрими асослантирувчи қисмининг 12-хатбошисида «Қурилиш материаллари бозори» номини «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ деб номлаб, давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурияти юклатилгани нотўғри кўрсатилгани, яъни суднинг юқорида қайд этилган «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» жумласи ўрнига «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ деб жумла нотўғри ёзиб кетилгани акс этган.
Ажрим қисмида 12-хатбоши «Қурилиш материаллари бозори» номини «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ деб номлаб», деган жумлалар «Қурилиш материаллари бозори» номини «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» деб номлаб», деб тузатиш киритилиши ва ўқилиши кўрсатилган.
Бироқ бу ажрим ижро учун қабул қилинмайди. Бу орада Чори Сафаров бир неча марта Олий судга қатнайди. 2018-2019 йиллар давомида Олий суд унга «2018 йил 17 апрелдаги ажримда батафсил жавоб берилгани» ҳақида хатлар билан жавоб қайтаради. Бир йил давомида берилган жавоб хатларида кўрсатилган Олий суднинг 2018 йил 17 апрелдаги ажрими аслида бўлмаганини тан олувчи Олий суднинг 2019 йил 25 март кунидаги 12-522-18 сонли жавоб хати Чори Сафаровга маълумот учун юборилади.
Ахир бу нимаси?! Нега Олий суд фуқаро Ч.Сафаровга аслида мавжуд бўлмаган ажримни рўкач қилиб жавоблар беради?
Шундан сўнг Олий суд томонидан Ч.Сафаровга 2019 йил 29 март куни 45569-xq/19-сонли жавоб хати юборилади ва унга Олий суднинг 2018 йил 21 сентябрдаги ФИБ Қарши туманлараро судининг 08.07.2016 йилдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиш бўйича асос мавжуд эмас, деган мазмундаги ажрими илова қилинади.
Олий суд ўзининг 2017 йил 12 сентябрдаги ажримида 10.07.2007 йилдаги ФИБ Қарши туманлараро судининг ҳал қилув қарорида МЧЖ деган жумла йўқлигини кўрсатиб ўтган бўлса-да, орадан бир йил ўтиб — 2018 йил 21 сентябрдаги ажримида 10.07.2007 йилдаги ФИБ Қарши туманлараро судининг ҳал қилув қарорида аслида ёзилмаган савдо комплекси МЧЖ деган жумлани бор деб кўрсатган. Олий суднинг ўз ажримларини бир-бирига зид чиқариши замирида нима ётибди?
Чори Сафаров бу орада 5 марта Олий суд раиси К.Комилов, шунча марта унинг ўринбосарининг шахсий ва сайёр қабулларида бўлади. Олий суд масъуллари масалани тинглаб, чиндан ҳам ажримда хатога йўл қўйилганини оғзаки тан олса-да, ФИБ Қарши туманлараро судининг 08.07.2016 йилдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиш бўйича ҳеч қандай чора кўрмасдан тадбиркор Ч.Сафаров мурожаатларига мантиқан тўғри келмайдиган, бири иккинчисини инкор этувчи жавоб хатлари бериб келган.
Бу орада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Қарши шаҳар «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ раҳбари Б.А. ва бошқалар 2015–2018 йиллар ва 2019 йилнинг 10 ойи давомида бозорда фаолият юритувчи хўжалик юритувчи субъектлардан ундирилган 3,5 миллиард сўм ижара тўловларининг 1,3 миллиард сўмини ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида ишлатиб, талон-торож қилгани аниқланади.
Мазкур ҳолат юзасидан Б.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани хабар қилинди.
Қашқадарё вилоят давлат солиқ бошқармаси Ч.Сафаровга берган маълумотларга кўра, 400дан зиёд савдо нуқтаси бўлган «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖда 2015 йилда бор-йўғи 8 нафар тадбиркордан 31,2 млн, 2016 йилда 13 тадбиркордан 38,4 млн, 2017 йилда 21 тадбиркордан 106,7 млн, 2018 йилда 21 тадбиркордан 127,8 млн, 2019 йилда 139 тадбиркордан 676,5 млн сўм ижара ҳақи ундирилган.
Тадбиркор Ч.Сафаров 2019 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Н.Йўлдошовнинг Қашқадарёда ўтказган сайёр қабулида бўлиб, минглаб ишчи ўринлари яратган 10 ака-укадан иборат бўлган тадбиркор Сафаровлар оиласини уй-жойлари ва хусусий мулклари қонунбузарлар томонидан ноқонуний эгаллаб олингани бўйича мурожаат қилиб, тадбиркорлар оиласига тегишли хусусий мол-мулклар қонун доирасида олиб берилиши ва қонунбузарларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўрайди.
Бугунги кунда Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан тадбиркор Сафаровлар оиласи мурожаатлари бўйича тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Сафаровлар оиласини қизиқтираётган масала нима сабабдан ФИБ Қарши туманлараро судининг 10.07.2007 йилдаги ҳал қилув қарори Олий суд ва ФИБ Қашқадарё вилоят ҳамда ФИБ Қарши туманлараро судлари томонидан нотўғри талқин қилинаётганидир.
Нега энди устав фондида назорат пакети Қарши шаҳар ҳокимлигига қарашли бўлган МЧЖга бировнинг номидаги мулк тортиб олиб берилиши керак? Бу мулк учун ҳеч қандай компенсация ва бошқа тўловлар тўланмасдан? Хўш, Қашқадарёдаги бу ишларнинг замирида кимларнинг манфаатлари ётибди? Бу борадаги кузатувларни давом эттирамиз.
Шухрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz махсус мухбири.
Мавзуга оид
20:11 / 20.07.2024
Қарши аэропорти яқинида ёнғин содир бўлди
07:43 / 27.04.2024
Ўзганинг сир сақланиши лозим бўлган видеоларини тарқатмаслик эвазига пул талаб қилган аёл ушланди
22:32 / 20.04.2024
Қаршида DAMAS автомобилида 25 нафар болани ташиган ҳайдовчи аниқланди
23:02 / 16.04.2024