Ўзбекистон | 08:30 / 01.10.2024
2853
2 дақиқада ўқилади

Уч йилда 2 мингдан ортиқ фуқаро ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонованинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги уч йилда 2 мингдан ортиқ инсон ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. 

Сурайё Раҳмонова Фото: Youtube / Xushnudbek Xudoyberdiyev

Ўзбекистонда сўнгги уч йилда 2 мингдан ортиқ инсонлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бу ҳақда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова «Лолазор» подкастида айтиб ўтди.

Омбудсманнинг сўзларига кўра, ота-оналикдан маҳрум қилиниш ҳолатининг энг кўпи уларнинг жиноятлар содир этиши ёки болага нисбатан ота-оналик мажбуриятини бажара олмаганлик, шунингдек, касалликлар билан боғлиқ.

Маҳрум қилиниш ҳолатларнинг мутлақ катта қисми — 86 фоизига ота-оналик мажбуриятларини бажармаганлик, 14 фоизи эса болаларини ташлаб кетганлик, уларга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказганлик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик моддаларига берилиши ёки боласи ёки эри (хотини) ҳаёти-соғлигига қасддан жиноят содир этиш сабаб бўлган.

Болалар омбудсмани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлган ота-оналар фарзандларининг кейинги тақдири ҳақида сўзлаб, уларнинг асосий ҳомийси давлат бўлиши ҳақида тушунтириш берди.

«Ота-оналикдан маҳрум қилинди дегани, боланинг тўлиқ ижтимоий мажбуриятлари давлат зиммасига ўтади деганидир. Давлат унинг асосий ҳомий, васийси ҳисобланади. Васийлик ва ҳомийлик органлари боланинг қонуний вакили сифатида ўртага чиқади. Бу органлар ҳам ҳозирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилган. Улар туманларда оилаларга энг яқин васийлик функциясини бажарадиган ижтимоий ёрдам кўрсатадиган асосий бўғинлардир», — деди у.

Келтирилишича, етим ва ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларнинг тоифасига кирувчи болалар барча ижтимоий ҳуқуқлар билан таъминланади. Шу жумладан уларнинг ёши етгандан сўнг уй-жой билан таъминланишини назорат қилиш ва кўмаклашиш болалар омбудсмани вазифасига киради. 

Мавзуга оид