Жамият | 19:03 / 03.09.2015
14203
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат санъат музейидан ўғирлаб кетилган суратлар Россиядан ортга қайтарилди

Ўзбекистон махсус хизматлари шов-шувларга сабаб бўлган Ўзбекистон давлат санъат музейидан суратларнинг ўғирлаб кетилиши билан боғлиқ жиноий иш ҳақида янги тафсилотларни маълум қилишди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистон давлат санъат музейнинг собиқ раҳбари Мирфайзи Усмонов музейнинг бошқа ходимлари билан тил бириктирган ҳолда асл нусхаларни сохталари билан алмаштириш орқали давлатга 47,5 млрд сўмлик зарар келтирган. 68 мингга яқин суратларни инвентар текшириш натижасида 178та картина сохталаштирилгани, 2тасининг йўқолгани аниқланди.

Жумладан, жиноий гуруҳ музей фондидаги 7та суратни Россия фуқароси Таир Таировга 5,1 минг АҚШ долларига пуллагани маълум бўлди.

Россия Федерациясида кўрилган чора-тадбирлар натижасида А.Николаевнинг “Мева кўтарган қиз”, Н.Караханнинг “Ҳовуздаги қиз”, О.Татевосьяннинг “Балиқ овида”, “Чойхона”, “Ургут йўлида”, М.Зоммернинг “Тоғ дарёси бўйлаб ўтган кўприк” ва “Кабобхона” картиналари музейга қайтарилди.

Мазкур жиноий иш юзасидан музейнинг 13 ходими тегишли жазога тортилди.