Жамият | 18:28 / 28.05.2021
13358
10 дақиқада ўқилади

«Реклама тўғрисида»ги янги қонуннинг мантиқсизликларини санашда давом этамиз: ҳуқуқбузарликлар учун санкциялар ҳуқуқ тизимимиз учун нонсенс

Реклама соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун МЖтКда маъмурий жарималар мавжуд бўлгани ҳолда «Реклама тўғрисида»ги янги қонунда ҳам ушбу ҳуқуқбузарликлар учун алоҳида жарималар белгиланиши кутилмоқда. Ҳуқуқ соҳаси билимдонлари буни мантиқсизлик, деб ҳисоблашмоқда.

Янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинди. Аммо қонун лойиҳасидаги айрим чекловлар жамоатчилик томонидан салбий қабул қилинди.

Шунингдек, ушбу қонуннинг яна бир жиҳатига ҳам саволлар бисёр.

Хусусан, қонун лойиҳасининг 46-моддасида реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун айбдорларга молиявий санкциялар қўлланиши кўрсатилган.

Жумладан, ушбу моддада реклама фаолияти субъектлари ҳисобланувчи юридик шахсларга қуйидаги ҳолларда ва миқдорда молиявий санкция қўлланилиши таклиф этилмоқда:

  • ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиш тақиқланган маҳсулотлар тўғрисида реклама тарқатганлик учун – БҲМнинг 100 баравари (24 млн 500 минг сўм);
  • нотўғри, ахлоқсиз, қиёсий ёки яширин реклама берганлик, шунингдек, аксилреклама беришдан бош тортганлик учун – БҲМнинг 70 баравари (17 млн 150 минг сўм);
  • энергетик ичимликлар, алкоголли ичимликлар, тамаки ва никотинли маҳсулотлар, чилим ва электрон сигареталар, пиротехника, қурол ва ҳарбий буюмлар рекламасига қўйилган талабларни, шунингдек, ташқи рекламани жойлаштириш тартибини бузганлик учун – БҲМнинг 50 баравари (12 млн 250 минг сўм);
  • дори воситалари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, шунингдек, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламаси ҳамда вояга етмаганлар билан боғлиқ рекламага қўйилган талабларни бузганлик учун – БҲМнинг 30 баравари (7 млн 350 минг сўм).

Модданинг давомида молиявий санкцияларни қўллаш суд томонидан, уларнинг айбдорлиги тан олинган ва санкция ихтиёрий равишда тўланган тақдирда ваколатли орган томонидан амалга оширилиши кўрсатилган.

Қонунда айбдор юридик шахсларга жавобгарлик белгилашнинг нимаси ёмон, дейиш мумкин. Бироқ, худди шундай ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик ҳам ўрнатилган бўлса-чи?

МЖтК 178-1-моддасида реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик мавжуд.

Хусусан, ушбу моддада фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан:

  • нотўғри реклама берганлик;
  • ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик;
  • аксилреклама беришдан бош тортганлик;
  • реклама қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима жазоси назарда тутилган.

Кўриб турганингиздек, қонун лойиҳасининг 46-моддасида МЖтК 178-1-моддасидаги ҳуқуқбузарликларнинг деярли барчаси тилга олинган.

Айнан бир ҳуқуқбузарлик учун 2 марта жавобгарликка тортиш қанчалик тўғри бўлади?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 8-моддасида одиллик принципи ҳақида сўз юритилган бўлиб, унда ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги таъкидланади. Ушбу принцип МЖтКнинг 3-моддасида ҳам тилга олинган. Яъни ҳеч ким битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун 2 марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Гарчи лойиҳада молиявий санкция фақат юридик шахсларга нисбатан қўлланиши айтилган бўлса-да, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш жисмоний шахслар томонидан ҳам содир этилиши мумкин. Бунда ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортишда 2 хил стандарт шаклланиб қолмайдими? Яъни агар жисмоний шахс ҳуқуқбузарлик қилса, унга маъмурий жавобгарлик қўлланиб, ҳуқуқбузарлик юридик шахс томонидан содир этилса, уни ҳам молиявий санкцияга тортиб, ҳам мансабдор шахсини маъмурий жавобгарликка тортиш қанчалик адолатдан бўлади? Бу битта ҳуқуқбузарлик учун битта чўнтакни икки марта “қоқиш” бўлиб қолмайдими?

Ҳар бир ташкилот ўзига ваколати берилган соҳа бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, унга янги-янги жавобгарликларни киритаверса ва Олий Мажлис уни шу ҳолида қабул қилаверса, эртага қонунларимизда турлича жавобгарликлар ва улар учун жазолар белгиланишидай нохуш тенденция шаклланиб қолмаслигига ким кафолат бера олади?

Агар депутатларимиз шуни тўғри деб ҳисоблашса, марҳамат, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун МЖтК ва ЖКда маъмурий ва жиноий жавобгарликлар назарда тутилган бўлса-да, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга худди шу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун аниқ миқдорларда молиявий санкциялар ҳам белгилайлик. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар мавжуд бўлса-да, “Рақобат тўғрисида”ги қонунда ҳам худди шу ҳуқуқбузарлик учун янгича турдаги жавобгарлик кашф қилайлик.

Соҳавий қонунлар аслида муайян соҳадаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилади. Ушбу қонунлар жазоловчи характерда бўлмайди. Уларда нари борса, қайси ҳаракатлар қонунга зид экани ва ушбу ҳаракатлар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши айтилади холос.

Соҳавий қонунлар “болта кўтарган” қонунлар ҳисобланмайди, яъни улар жазоларни ўзида ифода этмайди. Соҳавий қонунларни бузганлик учун жазолар ўша қонунларнинг ўзида эмас, балки МЖтК ёки ЖК каби саноқли махсус қонунлардагина акс этади.

Раззоқ Алтиев

Ушбу масалада юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Раззоқ Алтиевнинг фикрлари билан қизиқдик.

Бу бизнинг романо-герман ҳуқуқ тизимимиз учун нонсенс. Бу англо-саксон ҳуқуқ тизимининг элементи ҳисобланади, яъни ушбу ҳуқуқ тизимида битта қонуннинг ўзида ҳам тартибга солувчи ҳам императив нормалар (санкциялар) акс этади.

Қонунларимизга бундай нормаларнинг киритилаётгани англо-саксон ҳуқуқ тизими элементларининг бизнинг ҳуқуқ тизимимизга аралашиб кетаётганини ифодалайди. Фикримча, бу одиллик принципига зарба бериш ҳисобланади. Айтайлик, мен юридик шахс тузиб, ўзим унинг ишларини юритиб тадбиркорлик қиляпман. Ушбу ҳолатда, табиийки, фирманинг зарари менинг ҳам зарарим ҳисобланади. Кунлардан бир куни мен реклама соҳасида қонун бузилишига йўл қўйдим. Шунда битта қилмиш учун мени мансабдор шахс сифатида маъмурий жаримага тортишади ва фирмамни ҳам қонун бўйича жаримага рўпара қилишади. Бу нотўғри ёндашув.

Бу ерда (қонун лойиҳасида) “реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади” деган жумла билан кифояланиш керак эди” – дейди Раззоқ Алтиев.

Ҳуқуқшунос Нуриддин Муродов ҳам мазкур масалада ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Нуриддин Муродов

Н.Муродовга кўра, ушбу лойиҳани тайёрлаган ташаббускор ташкилот қонун лойиҳасини тайёрлашнинг юридик техникаси, қонун нормаларини талқин этишдаги умумий асосларни ва амалдаги қонунларда юридик мақом берилган айрим тушунчаларни қўллашга доир талабларни эътиборга олмай қуйидаги хатоларга йўл қўйган:

1. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосан “Жарима” маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор шахсдан давлат ҳисобига пул ундиришдир. Жарима миқдори ушбу Кодекс 25-моддасига асосан белгиланади.

2. Молиявий санкция – шундай ҳуқуқий таъсир чорасики, у солиқ қонунчилиги бузилган ҳолатда суд томонидан қўлланилади.

“Жарима Ўзбекистон Республикаси МЖТК ҳамда ЖКда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда қўлланилса, молиявий санкция Ўзбекистон Республикаси ИПК асосан иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик фаолияти субъектларига солиқ қонунчилигини бузган ҳолатларда қўллайдиган ҳуқуқий таъсир чорасидир.

Демак, ушбу таклиф биринчидан, бир ҳуқуқбузарлик доирасида икки хил жазо турини таклиф қилаётганлиги билан нотўғри бўлса, иккинчидан, мазкур таклифнинг жаримага оид қисми эса, Ўзбекистон Республикаси МЖтК 178-1-моддаси доирасига киритилмасдан нотўғри йўлдан кетилгани билан изоҳланади.

Шунингдек, жаримани (санкцияни) кучайтириш учун асос етарли бўлиши, бу борадаги кўрилаётган зарар ёки зиён миқдори асосланиши ҳамда тадбиркорлар манфаати ҳам эътиборга олиниши, рекламага дахлдор тадбиркорлик субъектлари фаолиятига нисбатан тирноқ орасидан кир қидирмаслик, улар фаолиятига ҳеч бир тарзда зарар етказиб қўймаслик, тўсиқ бўлмаслик каби масалалар ҳам эътиборга олиниши муҳимдир” – дейди ҳуқуқшунос.

Тошкент давлат юридик университети Хусусий ҳуқуқ факультети декани, юридик фанлар доктори Бахшилло Ходжаев ушбу масалада қуйидагича фикр билдирди:

Бахшилло Ходжаев

“Ушбу қонун лойиҳасига санкцияларнинг киритилиши иккита муҳим ҳуқуқий принципга зид ҳисобланади. Биринчи принцип – бу одиллик принципи. Яъни битта ҳуқуқбузарлик учун фақат битта жавобгарлик қўлланиши керак. Иккинчиси, айнан рекламага тааллуқли махсус ҳуқуқий принцип ҳисобланиб, “free commercial speech doctrine” (“тадбиркорнинг эркин нутқи доктринаси”) деб аталади. Бу доктринага кўра, тадбиркор тижорат нутқида эркин ҳисобланади.

Шу ўринда молиявий санкцияларга ҳам тўхталиб ўтсак. Молиявий санкциялар солиқ қонунчилигида қўлланилиши керак. Чунки, солиқ тўлаш тадбиркорнинг бурчи ҳисобланади ва буни ихтиёрий равишда бажармаса, давлат санкция қўллашга мажбур бўлади. Реклама эса тадбиркорнинг эркин фаолияти ҳисобланади. Шунинг учун ҳам реклама соҳасида юридик шахсларга молиявий санкцияларни қўллаш мақсадга мувофиқ эмас”.

Кўриб турганингиздек, ҳуқуқ соҳаси билимдонлари ҳам қонунда молиявий санкциялар акс этишини ёқламаяпти. Шунча нуқсонлари бор қонун депутатларнинг биринчи ўқишидан қандай қилиб ўтиб кетгани эса алоҳида муҳокама мавзуси ҳисобланади.

Аббос Салайдинов
ҳуқуқшунос

Мавзуга оид