Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 октябр куни «БРИКС плюс» саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.

РФ президенти Владимир Путин раислигида ўтказилган тадбирда ХХР раиси Си Жингпинг, ЖАР президенти Сирил Рамафоса, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Эрон президенти Масъуд Пизишкиён, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Ветнам бош вазири Фам Мин Тин, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, шунингдек, Александр Лукашенко, бошқа бир қатор давлатлар, халқаро ташкилотлар ва молиявий тузилмаларнинг раҳбарлари ҳамда юқори даражали вакиллари иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, инклюзив ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, шунингдек, глобал ва минтақавий сиёсатнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон президенти «БРИКС плюс» форматидаги учрашувлар глобал ривожланишнинг долзарб масалаларида кенг мулоқот ва очиқ муҳокамалар учун муҳим эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари бугунги кунда дунё жадал бўлиниб бораётганини, инсонларга улкан азоб-уқубатлар, оғир изтироб ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишлар келтираётган уруш ва можаролар сони ортаётганини афсус билан қайд этди.

– Жаҳон иқтисодиёти ва савдосининг парчаланиб бораётгани тенгсизлик, технологик узилишлар ва протекционизмни кучайтирмоқда. Мамлакатлар ўртасида янги тўсиқлар вужудга келмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундай шароитда тенг ҳуқуқлилик, блоклардан холилик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, суверенитетга ва ўзининг мустақил тараққиёт йўлига эга бўлиш ҳуқуқига ҳурмат каби тамойилларга асосланиб ҳаракат қилаётган БРИКС ўзини кўп томонлама ҳамкорлик ва шерикликнинг нуфузли ва ривожланиб бораётган тузилмаси сифатида намоён этмоқда.

Ўзбекистон етакчиси ўзаро алоқаларнинг бундай модели БМТнинг марказий ролини сақлаган ҳолда жаҳон тартиботининг бугунгидан кўра адолатлироқ янги архитектурасини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлиши мумкинлигига ишонч билдирди.

Геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплардан холи бўлган, конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш бўйича янграган даъватлар қўллаб-қувватланди.