Ўзбекистон | 14:03 / 11.06.2024
71265
6 дақиқада ўқилади

Ҳисорак сув омбори. У қачон қурилган ва Қашқадарё учун нимаси билан муҳим?

Ҳисорак сув омбори СССР даврида қурилган бўлиб, Қашқадарё вилоятининг 4 та туманида аҳоли ва экин майдонларини сув билан таъминлайди.

Фото: Kun.uz

2024 йил 10 июн куни кечқурун ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган Ҳисорак сув омборининг тўғони ёрилгани ва катта миқдорда сув оқиб кетаётгани ҳақида ваҳимали хабарлар тарқалди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда сув омбори атрофида яшайдиган аҳоли ваҳимага тушиб, ўз уйларини тарк эта бошлагани акс этган видеолар пайдо бўлди.

Шунда зудлик билан Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов ҳамда Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев Ҳисорак сув омбори олдида туриб, ҳолат бўйича аҳолига видео мурожаат йўллади.

Мутасаддилар сув омборида жиддий ҳодиса юз бермагани, ваҳимага ўрин йўқлигини айтиб, аҳолидан ўз уйларини тарк этмасликни сўрашди.

Маълум бўлишича, 10 июн куни «Ҳисорак ГЭС» УК бошқармасига қарашли сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган.

Шундан сўнг ҳолат дарҳол Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олинган. Сув омборига ҳеч қандай шикаст етмаган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмган ва ҳалок бўлмаган.

Ҳодиса юз берган заҳоти авария оқибатини бартараф этиш мақсадида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилиб, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирларини бажариш ишлари бошлаб юборилган.

Сув омбори тарихи

Ҳисорак сув омбори Шаҳрисабз шаҳридан 35 км, Мироқи қишлоғидан 1,5 км масофада жойлашган. Унинг қурилиши 1977 йилда бошланган. Ушбу сув омборининг асосий сув манбайи Ҳисор тоғ тизмаларидан оқиб келувчи Оқсув дарёси ҳисобланади.

Сув омборини қуришдан асосий мақсад – куз, қиш ва баҳор пайтларида Оқсув дарёсининг суви беҳуда оқиб кетишининг олдини олиш ва уларни тўплаб ёзги вегетация даврида қишлоқ хўжалигида фойдаланиш бўлган.

Қурилиш 10 йилдан ошиқроқ давом этган ва сув омбори 1988 йилда битказилган. Синовлар ва тўғонни қўшимча мустаҳкамлаш ишларидан сўнг Ҳисорак 1990 йилда фойдаланишга қабул қилинган.

Сув омборининг лойиҳавий сув сиғими 170 млн метр куб бўлиб, у Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи ва Яккабоғ туманларида жойлашган 49 минг гектар экин ер майдонини суғориш имкониятига эга.

Бундан ташқари, сув омборининг суви тозаланиб ичимлик суви сифатида ҳам ишлатилади.

Ҳисорак сув омбори илк қурилганда унда ГЭС иншоотлари бўлмаган. Кейинчалик мустақиллик йилларида сув омборида бир йилда 80,9 млн кВт электр энергияси ишлаб чиқарувчи ГЭС қурилган ва у 2011 йилда фойдаланишга топширилган.

Ушбу ГЭСда иккита агрегат бўлиб, улар сониясига 45 метр куб сув ўтказиш қобилиятига эга.

Ҳисоракнинг тўғон конструкцияси ядроли, тош-тупроқ тўкмали бўлиб, баландлиги 138,5 м, узунлиги 660 метр, тўғон усти эни 16 метрни ташкил этади. Тўғоннинг устки қисми темир-бетон плиталар билан қопланган.

Ҳисорак ҳақидаги маълумотлар

Тўлиқ сув сақлаш ҳажми: 170 млн метр куб;

Тавсия қилинган сув сақлаш ҳажми: 161 млн метр куб;

Сув омборининг «ўлик сатҳи»: 8,4 млн метр куб;

Сув омбори юзаси ўлчами: 4,1 километр квадрат;

Узунлиги: 6,8 километр;

Эни: 600 метр (энг кенг жойда);

Максимал чуқурлиги: 130 метр;

Тўғон баландлиги – 140 метр;

Тўғоннинг узунлиги – 660 метр;

Тўғоннинг усти – 16 метр;

Ҳисоракдаги ГЭС қуввати – 45 кВт;

ГЭСнинг йиллик ўртача қуввати 80,9 млн кВт.ни ташкил этади.

Маълумот учун, 2021 йил 15–28 март кунлари Ўзбекистон элчихонаси ва АҚШ армияси ҳарбий муҳандислар корпуси (United States Army Corps of Engineers, USACE) билан эришилган келишув доирасида гидротехника иншоотлари хавфсиз фаолиятини мониторинг қилиш бўйича кўп йиллик амалий тажрибага эга бўлган америкалик мутахассислар, Сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси вакиллари билан биргаликда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган Ҳисорак ва Тўпаланг сув омборлари ҳолатини ўрганганди.

Ҳисорак сув омбори Қашқадарё вилояти учун жуда муҳим иншоот саналади. Вилоят қишлоқ хўжалиги учун ва ичимлик суви беришдан ташқари, сув омборининг атрофи воҳада сайёҳликни ривожлантириш уун жуда қулай жой ҳисобланади.

Сўнгги йилларда сув омбори яқинидаги Мироқи шаҳарчасида кўплаб дам олиш масканлари очилди. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан сув омбори қирғоқларида ҳам турли дам олиш жойлари, Ҳисоракда қайиқларда сайр қилиш, осма йўл ташкил этилди.

2024 йил 5 июн куни Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ана шу йиғилишда Шаҳрисабз тумани ва шаҳрида туризм кластери ташкил этилиши, 33 километрли Ҳисорак – Ғелон ва Ҳисорак – Сарчашма йўли кенгайтирилиб, таъмирланиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, сув омбор яқинидаги Мироқи шаҳарчасида ҳам қатор ишлар амалга оширилиши режалаштирилаётгани, хорижий инвесторлар томонидан Шаҳрисабз тумани Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари орасида 3 минг гектарли тоғ-чанғи мажмуаси ташкил қилиш бошлангани маълум қилинганди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид