Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москвада 7 ёшли қиз 88 минг долларни ташлаб юборди
Сочилиб кетган пулларнинг бир қисмини болалар топиб олган ва ёқиб юборишган, бир қисмини қушлар илиб кетган.
Фото: Владислав Шатило / РБК
Москва шаҳрининг Мешчан районида етти ёшли қизча ичида жами 88 минг доллар миқдоридаги 100 долларлик қоғоз пуллар солинган сумкани деразадан улоқтириб юборди. Россиядаги телеграм-каналлар, жумладан Mash, 112 ва РЕН ТВ манбалари, шунингдек, ТАСС агентлиги ёзишича, қизча онаси билан уришиб қолган ва ундан шу йўл билан қасос олишга қарор қилган.
Ҳавога сочилиб кетган пулларнинг бир қисмини ўсмирлар териб олишган. Телеграм-каналлар версиясига кўра, улар пулларнинг бир қисмини ўзларида қолдиришган, бир қисмини эса гулханда ёқишган. Кўчага тушган айрим купюраларни эса қушлар илиб кетган. «Ҳозир тумшуғида купюралар бўлган қарғалар ҳайратга тушган ўткинчилар боши узра учиб юрибди», – дея ёзади РЕН ТВ.
Mash маълумотига кўра, ўсмирлар 83 минг долларни ўзларида қолдириб, қолган пулни ёқиб юборишган. Улар топиб олинган пуллар ҳақида ота-оналарига айтишган, катталар эса пулларни қайтаришга қарор қилишган. РЕН ТВ нашри ёзишича, беш минг доллар «ҳавога учган», 83 минг доллар эгасига қайтарилган.
ТАСС ҳам ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига таяниб, 83 минг доллар топилганини хабар қилган. Аммо, агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, пуллар эгасига «барчасига ойдинлик киритилганидан кейин» қайтарилади. ТАСС ҳам купюраларнинг бир қисмини ўсмирлар ёқиб юборгани ҳақида ёзган, аммо банкноталарни қушлар илиб кетганига тўхталмаган.