Ўзбекистон | 17:34 / 02.01.2021
95607
8 дақиқада ўқилади

2021 йилда ер, сув солиқларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тушунтирилди

Молия вазирлиги 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига киритилган асосий ўзгаришларни маълум қилди.

Фото: Pinterest

Молия вазирлиги юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига 2021 йил 1 январдан киритилаётган ўзгаришлар тўғрисидаги ахборот хабарини Давлат солиқ қўмитаси, ҳудудий бошқармалар ва қуйи бўғин ташкилотларга юборди.  

Ер солиғи бўйича

Юридик ва жисмоний шахслар учун ер солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматига нисбатан белгиланган 0,95 фоиз солиқ ставкаси сақлаб қолинади.

Бунда мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналари учун мева-сабзавот маҳсулотлари эгалланган ерлар бўйича, шунингдек, деҳқон хўжаликлари учун солиқни суғориладиган ва суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғининг базавий ставкаси ва ер участкасининг сифат характеристикасини ҳисобга оладиган тузатиш коэффициентларидан келиб чиқиб ҳисоблаш тартиби бекор қилинмоқда.

Ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгилангани каби солиқ ставкасини белгилаш билан солиқни қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматидан келиб чиқиб тўлашга ўтказилмоқда.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ органлари ер участкасининг жойлашган жойи бўйича қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматини аниқловчи органлар маълумотига асосан солиқ солинмайдиган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни чегирган ҳолда ер солиғи ҳисобланади.

Жисмоний шахсларга якка тартибда уй-жой қуриш ва яшаш уйларини ободонлаштириш учун берилган томорқа ер участкаларига, якка тартибда уй-жой қуриш билан банд бўлган ер участкаларига жисмоний шахслар учун белгиланган солиқ ставкаси қўлланилади.

Солиқ кодексида юридик ва жисмоний шахслар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ҳудудлар кесимида (мутлақ миқдорда) базавий солиқ ставкаси белгиланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкасининг аниқ миқдори қуйидаги тартибда аниқланади:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари кенгашлари солиқ кодекси билан белгиланадиган солиқ ставкалари асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман ва шаҳарлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкасига 0,5 дан 2,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилайди;

туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари кенгашлари томонидан белгиланган, Тошкент шаҳри бўйича эса Солиқ кодексида белгиланган ер солиғи ставкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида 0,5 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритади.

Бунда, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашлари алоҳида ер участкаларига, шунингдек, туристик зоналарда жойлашган жисмоний шахслар фойдаланишида бўлган 1 гектардан ортиқ ер участкасига ер солиғини 3 бараваргача миқдорда оширувчи ставкасини белгилаш ҳуқуқига эга.

Туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашлари 2021 йил учун ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органларига қишлоқ жўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ставкаларини 2020 йилнинг 31 декабрига қадар тақдим этадилар.

Ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ставкаларини 5 кун давомида юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғини ҳисоблаш учун мазкур солиқ ставкаларини солиқ тўловчиларга етказиши шарт.  

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда. Солиқ ставкалари 15 фоизга, иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари учун эса 30 фоизга индексация қилинишини ҳисобга олган ҳолда Солиқ кодексида белгиланмоқда.

Бунда, солиқ ставкалари коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун 2020 йил даражасида сақлаб қолинмоқда, қишлоқ хўжалик ерларини суғориш учун фойдаланилган сув ҳажми қисми ва балиқларни ўстириш (етиштириш), шу жумладан, деҳқон хўжаликлари учун ягона солиқ ставкаси 1 куб метр учун 40 сўм миқдорида белгиланмоқда.

Электр станциялари учун солиқ ставкалари коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун белгиланган ставкалар билан тенглаштирилмоқда. Коллектор ва дренаж тармоқларидан ишлатиладиган сув ресурслари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Қишлоқ хўжалигида, шу жумладан, балиқчилик хўжаликларида сувдан фойдаланувчи шахслар учун солиқ базасини аниқлаш тартиби қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўзгартирилмоқда:

  • сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли соҳасидаги ваколатли орган ҳар йили қуйидагилар томонидан ишлатилиши кутилаётган сув ресурслари ҳажми тўғрисида маълумот тақдим этади;
  • жорий солиқ даврининг 10 декабридан кечиктирмай қишлоқ хўжалигида, шу жумладан, балиқчилик хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланувчи юридик шахсларга солиқ базасини аниқлаш учун;
  • деҳқон хўжаликлари бўйича солиқни ҳисоблаш учун-солиқ органларига сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш жойи бўйича ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 20 январидан кечиктирмай.

Сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирувчи балиқчилик хўжаликлари солиқ базасини табиий ва сунъий сув объектларидан олинган ва ушбу сув объектларига қайтариб қуйиладиган сув ҳажми, бундан коллектор-дренаж тармоқларига қайтариб қуйиладиган сув ҳажми мустасно, ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб аниқлайдилар.

Қишлоқ хўжалигида, шу жумладан, балиқ етиштиришда сув ресурсларини ҳисобга олиш воситалари мавжуд эмаслиги ва фойдаланиладиган сув ресурсларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлашнинг имкони бўлмаган тақдирда, солиқ базаси сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан тасдиқланган сув ресурслари истеъмолининг нормативларига кўра аниқланади.

Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш(ўстириш), шу жумладан, деҳқон хўжаликларида сув ўлчаш ускуналари мавжуд бўлганда, солиқ ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда, сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланадиган, фойдаланилган сув ҳажмига қўлланилади.

Ишлаб чиқариш жараёнида сувни махсус ускуналарни(трубиналарини) совитиш учун ишлатиладиган солиқ тўловлар солиқ базасини табиий сув объектларидан махсус ускуналарни совитиш учун олинган ва табиий объектларга қайтариб қуйиладиган сув ҳажми ҳисоби ёки сувдан махсус фойдаланиш рахсатномаси мавжуд бўлганда қўлланилади.

Солиқ солиш объекти ва солиқ ставкаси турли хил бўлган бир неча турдаги фаолият билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар бундай фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари шарт ва тегишли солиқ ставкалари бўйича солиқ тўлаш тартиби киритилмоқда.

Масалан, солиқ тўловчининг асосий фаолият тури савдо бўлиб, унинг автотранспорт воситаларини ювиш шохобчаси мавжуд. Бу ҳолатда солиқ тўловчи бу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритади ва солиқ ҳисоблайди:

  • савдо фаолияти учун фойдаланган сув ҳажми бўйича солиқ ставкаси 1 куб метр учун 182 сўм(ерусти сув ресурслари) ва 1 куб метр учун 221 сўм(ерости сув ресурлари).
  • автотранспорт воситаларини ювиш учун сув ҳажми бўйича солиқ ставкаси 1 куб метр учун 1 990 сўм.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда. Қуйидаги фойдали қазилмалар учун 5 фоиз миқдорда, бироқ 1 куб метр учун 7500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда:

  • қурилиш қумлари, қум-шағал аралашмаси, қумтошлар, қурилиш майда тошлар (карбонат жинслари), қурилиш майда тошлар(гранитлар, порфиритлар ва слануц жинслари).

«Навоий кон-металлургия комбинати» ДУК ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ учун олтин, кумуш, палладий ва мис бўйича солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорда белгиланмоқда.

Бошқа фойдали қазилмалар бўйича солиқ ставкалари 2020 йил даражасида сақлаб қолинмоқда.

Мавзуга оид