Жамият | 12:22 / 03.08.2021
16992
3 дақиқада ўқилади

Ўртача маош 800 еврогача – Сербиядаги ўзбек йигити ҳикояси (фото)

- Сербияга кўчиб келганимизга унча кўп бўлмади. Аниқроғи 2 ой. Ҳозир пойтахт Белградда курьер сифатида ишлаб келяпман, дейди Шоҳрух Қодиров.

Бирлашган Араб Амирлиги

Сербияга келишдан олдин Дубайда бир йил ишладим. Бирлашган Араб Амирликларидан бу ерга келишимга бир нечта сабаблар бор. Биринчи ўринда дунё кезишга бўлган иштиёқ, гарчи Сербия Европа Иттифоқига кирмаса ҳам Европада жойлашган. Бу орқали қолган қитъа давлатларига осон бориш имкони мавжуд. Насиб қилса, ишдан таътил вақтлари албатта, яна бир нечта қўшни давлатларга саёҳат қилиб келиш ниятидаман.

Иккинчи сабаб айнан Сербиянинг ўзи. Бу бизнинг халқимиз учун анчагина нотаниш давлат. Яъни ўзбекистонликлар Сербия ҳақида кўп ҳам билишавермайди. Шахсан ўзим ҳам олдин бу давлат ҳақида деярли маълумотга эга бўлмаганман. Умуман Сербияда яшаш ва ишлаш мен учун жуда қизиқ туйилди.

Ҳозиргача Сербия ҳақида таассуротларим яхши. Серблар жуда очиқкўнгил, ёрдамга ҳар доим тайёр, меҳрибон халқ экан. Пойтахт Белград ўзининг 100 йил олдин қурилган биноларини қандай бўлса, шундай сақлаб қолган.

Лекин янги қурилиш ишлари ҳам фаол олиб борилмоқда. Буни суратларда ҳам кўришингиз мумкин.

Бу ерда 30 га яқин ўзбек йигити ишлаймиз. Ҳар куни эрталаб 9:00 дан иш вақтимиз бошланади. Кун давомида ўртача 20 тагача буюртмани манзилга элтиб берамиз. Асосан озиқ-овқат, кийим-кечак ва шу каби маҳсулотлар. Ҳафтада 1 кун дам олиш куни. Бу шанба ёки якшанба кунга тўғри келмайди. Мен учун одатда душанба дам олиш куни.

Бу ерда ресторан, кафелар жуда кўплиги учун чет элликлар асосан шу соҳаларда иш топиши осонроқ бўлса керак. Ойликлар жуда ҳам баланд эмас. Тахминан 400-800 евро атрофидаги ойлик ўртача маош ҳисобланади, чунки бу ерда яшаш нархи деярли Ўзбекистондаги шароит билан бир хил, баъзи нарсалар ҳатто арзонроқ. Ойлик харажатларни ҳам деярли Ўзбекистон билан бир хил қилиб қиёслашингиз мумкин.

Шоҳрух Қодиров
Сербия

Мавзуга оид