Дарё ўзанларидаги қум-шағал ўрнига муқобил хомашё базаси яратилади
Экологик мувозанатни тиклаш мақсадида дарё ўзанларини қазишга мораторий жорий этилган. Шу муносабат билан, республика бўйича 135 та қум-шағал участкалари аниқланиб, аукционга чиқарилмоқда. Олмалиқдаги комбинатда йиғилган уюмлар муқобил қум-шағалга айлантирилади. Норуда конлар бўйича назоратни кучайтириш мақсадида маркшейдерлар жалб этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш индустрияси ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор ўтказди.
Қурилишда яширин иқтисодиёт даражаси юқори
Мамлакатимизда сўнгги 7 йилда қарийб 100 миллиард долларлик қурилиш ишлари бажарилди. Президент таннарх, сифат ва қурилиш маданияти энг долзарб масала бўлиб қолаётанини қайд этди.
Йиғилишгача 400 га яқин ишлаб чиқарувчи, қурувчи ва лойиҳа ташкилотларининг фикри ўрганилди. Уларнинг кўпчилиги соҳадаги бюрократия ва ортиқча харажатлар, маҳсулотлар таннархи ва сифатига эътироз билдирган.
Тадбиркорларга тўғри шароит яратиб берилса, уларнинг ўзи шаффоф ишлашдан манфаатдор. Тадбиркорлар рейтинги жорий қилингандан кейин, 11 мингта қурувчи ва ишлаб чиқарувчи қуйи ўриндан юқори ва ўрта ўринга кўтарилди. Улардаги 90 мингта иш ўрни “соя”дан чиқди, ўртача ойлик 1,4 баробар ошди. Лекин соҳада яширин иқтисодиёт юқорилигича қолаётгани қайд этилди.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда эришилган натижалар
Қайд этилишича, сўнгги 7 йилда қурилиш материаллари соҳасига 9 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингга яқин янги корхона ишга тушди, 94 мингта доимий иш ўрни яратилган.
Ишлаб чиқариш 2 карра ўсди, йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган корхоналар 150 тадан ошди. Сўнгги беш йилда қурилишлар ҳажми ҳам 2 баравар кўпайди.
Шу билан бирга, 650 миллион долларлик янги маҳсулотларни ўзлаштириш ҳисобига қурилишдаги импорт улушини 31 фоиздан 25 фоизга туширишга эришилди. Қурилиш материаллари экспорт бозори ҳам 58 тага етди, хорижда 20 дан ортиқ савдо омборлари, 50 дан зиёд савдо дўконлари очилди.
Янги йўналишлар
Салоҳияти, маҳсулотига бозорда талаб юқори бўлган ушбу соҳа учун бу кўрсаткичлар камлиги кўрсатиб ўтилди. Биргина қўшниларимизнинг ўзи бизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган 2 миллиард долларлик қурилиш материалларини бошқа давлатлардан импорт қиляпти.
Бизда ҳалигача лак-бўёқ, гулқоғоз, ПВХдан қувур ва фитинглар, пол қопламаси, пардозбоп тош, сантехника каби ишлаб чиқариш йўлга қўйилган товарлар импорт бўлмоқда.
Базальт хомашёси қайта ишланиб, қурилишда кенг қўлланаётгани ҳисобига янги уй-жой ва ижтимоий объектларда энергия сарфи 20 фоизгача камайгани таъкидланди.
Бироқ қурилишда базальтдан ташқари қуёш нурини қайтарувчи ойна, фибро толали панель, вермикулит аралашмаси каби материалларни ишлатиб, энергия сарфини яна 2 баравар қисқартириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳозир қурилишда талаб юқори бўлган қуёшни қайтарувчи индий, алюминий ёки рух плёнкаси билан қопланган махсус ойналар ишлаб чиқариш ҳалигача йўлга қўйилмаган.
Бу борада Қувасойдаги “Кварц” корхонаси 20 миллион доллар инвестиция киритиб, йиллик 5 миллион квадрат метр бундай ойна ишлаб чиқариш ташаббусини билдирмоқда. Президент бу лойиҳани маъқуллаб, мутсаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Яна бир мисол – биноларнинг фасад қисмида фибро толали панелдан фойдаланиб, энергия сарфини яна 10 фоизга камайтириш мумкин. Муҳими, фибро толали панеллар нархи оловга чидамли бошқа фасад қопламаларига нисбатан 20 фоизгача арзон. Бу маҳсулотни ишлаб чиқаришда асосий компонент ҳисобланган – цемент ва бойитилган қум ўзимизда етарли.
Мутасаддиларга бундай энергия тежамкор замонавий қурилиш материаллари лойиҳаларини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
“Саноат ипотекаси” асосида автоклав газобетон, фиброцемент панель, геотекстиль, базальт каби янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича 170 миллион долларлик 7 та лойиҳани ишга тушириш топширилди.
Энергия тежамкорлик
Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш икки йилда 1,2 карра ошган бўлса-да, кўрилган чоралар ҳисобига энергия сарфи 1,3 баробар, энергия сиғими 1,6 баробар камайди.
Бугунги кунда илғор хорижий корхоналар ишлатиб бўлинган иссиқлик энергиясидан қайта фойдаланиш орқали электр ишлаб чиқариш технологиясини фаол қўлламоқда.
Мисол учун, Навоийдаги “Қизилқумцемент” печларни, иссиқлик алмашиш ускуналарини реконструкция қилиб, йилига 37 миллион киловатт соат электр иқтисод қилди.
Мутасаддиларга энергия сарфи юқори бўлган 34 та корхонада 1 ноябргача энергоаудитни якунлаб, йилига 300 миллион киловатт соат электр энергияси иқтисод қилишни таъминлаш топширилди.
Қурилиш материаллари уюшмаси қошида Корея намунаси асосида синов лабораториясини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.
Лабораторияда энергия самарадор, юқори қўшилган қийматли иссиқлик сақловчи материаллар, санфаянс, лак-бўёқ, керамика, ПВХ маҳсулотлари ҳамда хомашё сифатини текшириш йўлга қўйилади.
Муқобил хомашё: ОКМК чиқиндилари – қум-шағал ўрнида
Экологик мувозанатни тиклаш мақсадида дарё ўзанларини қазишга мораторий жорий этилган. Шу муносабат билан муқобил хомашё базасини яратиш бўйича топшириқ берилган.
Республика бўйича 135 та қум-шағал участкалари аниқланиб, ҳозиргача улардан 40 таси аукционга чиқарилди. Қолган 95 та участкаларни аукционга чиқариш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш топширилди.
Йил якунигача Олмалиқ комбинатида йиғилган уюмларни қайта ишловчи саноат майдонини ташкил этиб, йилига қўшимча 3 миллион куб метр қум-шағал етказиб бериш йўлга қўйилиши белгиланди.
Давлат раҳбари жойларда норуда конлардан ноқонуний ёки самарасиз фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини қайд этди. Ўтган йили 6 миллион куб метр ноқонуний қазилма аниқланиб, улардан 17 миллиард сўм қўшимча солиқ ундирилган.
Маркшейдер мутахассислар етарли бўлмагани учун ер қаъридан фойдаланувчиларнинг атиги 36 фоизи мониторинг қилинмоқда. Назоратни кучайтириш мақсадида норуда қазилмасидан тушумнинг 3 фоизи Солиқ қўмитаси жaмғapмacигa йўналтирилади. Қўмитага бунинг ҳисобига ҳар бир ҳудудда камида 2 та маркшейдерни жалб қилиш, замонавий видеокузатув ва ўлчаш ускуналарини ўрнатиб, таъсирчан назоратни таъминлаш топширилди.
Президент қурилиш материаллари тармоғида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот қилди. Мутасаддиларга айтилган фикр ва ташаббусларни пухта ўрганиб, тегишли таклифларни киритиш топширилди.
Мавзуга оид
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
16:12 / 05.11.2024
Янгийўлда “дом” қурилиши ишлар сифатсиз бажарилгани учун тўхтатилди
15:03 / 27.10.2024
Тошкентда қурилиш ташкилоти электр тармоғини узиб юборди
14:36 / 24.10.2024