Ўзбекистон | 18:57 / 30.03.2016
13878
4 дақиқада ўқилади

ЎзМУда “Миллий ва умуминсоний маданиятлар уйғунлиги: назария ва амалиёт“ мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди

Ёш авлод маънан камол топишида миллий қадриятлар ва маданиятнинг ўрни беқиёс.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Маданият саройи кичик залида “Миллий ва умуминсоний маданиятлар уйғунлиги: назария ва амалиёт“ мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Унда республикамиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этдилар.

ЎзМУ ахборот хизматидан хабар беришларича, Ижтимоий фанлар факультети “Маънавият асослари ва диншунослик” кафедраси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуман “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда “Таълимда менежмент ва маркетингнинг ижтимоий-психологик жиҳатларини ишлаб чиқиш ва миллий маданиятни умуминсоний маданият билан уйғунлаштириш” мавзусидаги амалий грант доирасида ўтказилди.

Конференция Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларининг ижодий ишларидан ташкил топган “Санъатда миллий қадриятлар уйғунлиги” мавзусидаги кўргазма билан очилди.

Айтиш жоизки, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш тинчлик ва барқарорликни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, инсон, унинг хуқуқ ва эркинликларини олий қадриятга айлантириш, янги авлодни соғлом ва маънавий баркамол қилиб вояга етказишга хизмат қилади. Соғлом бола тарбиясида оила, маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг роли ошириш масалаларини илмий мунозаралар асосида ёритиш мазкур анжуманнинг асосий мақсадларидан биридир.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимизда 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиши юртимизда соғлом она ва соғлом бола масаласи давлат сиёсатининг устувор масаласига айланганлигини кўрсатади. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларимиз жаҳон миқёсида тан олинмоқда. Бу эзгу ишлар оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом муҳитни кучайтириш, уларнинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш ғояси мужассам. Соғлом бола дейилганда, нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам соғлом ва баркамол авлодни тасаввур қиламиз.

Юксак миллий маданият, маънавият ҳар бир даврда жаҳон халқларини бир-бирига яқинлаштирувчи асосий восита бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай бўлиб келмокда. Миллий-маънавий маданиятимизни минтақавий ва умуминсоний қадриятлар билан яқинлаштириш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг сермазмунлиги ва кўпқирралилиги билан жамиятимиз ҳаётида ўз аксини топмоқда. Ўзбекистон Республикаси илм-фан, адабиёт ва санъат арбобларининг ушбу соҳадаги ишлари жаҳон халқлари томонидан ҳозирги кунда эътироф этилиб, юксак баҳоланмоқда. Миллий ва умуминсоний маданиятни уйғунлаштириш, унинг энг яхши намуналарини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш ёш авлодни маънавий тарбиялашнинг асоси бўлмоғи лозим.

Анжуман доирасида “Маънавият асослари ва диншунослик” кафедрасининг профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган янги ўқув-услубий адабиётлар тақдимоти ҳам намойиш этилди. Шунингдек, анжуманга тақдим этилган мақолалар тўплами чоп этилди.

Сермазмун маърузалар, интерфаол суҳбатлар, кўргазмалар барчада катта таассурот қолдирди.