Нуротада ИИБ бошлиғи секторида содир этилган ўғриликлар 7 ойдан бери очилмаяпти
Навоий вилояти Нурота туманининг Қадоқ маҳалласида 2020 йилнинг декабрь ойида мол ўғрилиги билан боғлиқ уч ҳолат содир этилган. Жабр кўрган фуқаролар тергов ва суриштирув ишлари суст олиб борилганидан норози бўлмоқда.
Маҳалла Нурота тоғ тизмалари этагида жойлашган. Атроф қир-адирлик бўлгани сабабли қадоқликлар асосан чорвачилик ва қисман деҳқончилик билан рўзғор тебратишади. Давлат ишида ишлайдиганлар ҳам ўз хонадонида ҳеч йўқса 4-5 бош қўй боқади.
2020 йилнинг декабрь ойида маҳаллада кетма-кет қўй ва эчкилар йўқола бошлайди. ИИБ ходимлари орадан 7 ой ўтса ҳамки, ўғриларни топа олишмаяпти. Kun.uz фуқароларнинг мурожаати асосида ҳолатни жойига бориб ўрганди.
Маҳалланинг Тиконли қишлоғида яшовчи Мамарасул Низомов уйида ёлғиз яшайди. Унинг маълум қилишича, кўпчилик ҳамқишлоқлари ўз чорвасини эрталаб қўрадан чиқариб юборади. Кун бўйи тоғда ўтлаган қўй-эчкилар кечга яқин ўзи қайтиб келади. Ўша куни Мамарасул ака 14 бош эчкисини тоққа чиқариб юборган. Шундан 2 бош эчки қайтиб келган, қолгани ғойиб бўлган.
«Эчкилар тоққа кетганди, кечқурун қайтишмади. Эртаси куни тонгда биттаси келди. Қолганларини куни билан изладим, аммо тополмадим. Кечқурун яна биттаси қайтиб келди. Кейин профилактика инспекторига хабар бердим. У ҳам излади. Бироқ эчкилар топилмади. Яқинда бир йил бўлади бу воқеага. Ҳаракат бўлмаяпти эчкиларни топишга. Ўшанда маҳалламизда бир ойда 4 марта ўғрилик жинояти содир бўлди. Бирортаси ҳам очилмади. Орадан 4-5 ой ўтгач профилактика инспектори бир-икки одам билан келиб, делони ёпиш учун «эчкиларим ўзи келиб қолди», деган мазмунда ариза ёзиб беришимни сўради», дейди Мамарасул ака.
Ҳудуднинг профилактика инспектори Жамшид Дўсматов ишни шу тариқа ёпмоқчи бўлган. Лекин Мамарасул Низомов «Мен қонунни ҳам, халқни ҳам алдамайман», дея айтилган аризани ёзиб бермаган. Умуман олганда, Қадоқ маҳалласи туман ИИБ бошлиғининг сектори ҳудудига кирар экан. ИИБ ходимлари ишидан норози бўлган фақатгина Мамарасул ака эмас. Маҳалланинг Анна қишлоғида яшовчи ўқитувчи Алижон Набиев уйи ёнидаги қўрадан 6 бош зотдор қўйни олиб кетган ўғриларни топишда ИИБ ходимлари сусткашликка йўл қўйган деб ҳисоблайди.
«2020 йил 4 декабрь куни қўрадан 6 бош қўйимни олиб кетишган. Туман ИИБга мурожаат қилганмиз. Лекин улар кеч ҳаракат қилишди. Мен прокуратурага ариза билан мурожаат қилгач, орадан 4-5 кун ўтиб экспертиза қилишяпти. Мана, орадан шунча вақт ўтганига қарамай, натижа йўқ. Фақатгина ИИБ бошлиғидан «қидирилмоқда», деган мазмунда хат келди, аммо ўғрилар топилмаяпти. Ҳозир ҳам тоғда қўйлар йўқолиб турибди», дея таъкидлайди Алижон Набиев.
Орадан бир ҳафта ўтгач, 2020 йилнинг 10 декабрь куни ўғрилар Алижон Набиевнинг қўшниси бўлган Баҳром Давроновнинг қўрасидан ҳам бир бош қўчқор ва бир бош қўйни ўғирлаб кетишган.
Баҳром Давронов ўғриларни топиш учун ИИБ ходимлари ҳали у молбозорга, ҳали бу молбозорга югуртиргани, имзо қўйиш учун туман марказига бир неча бор чақиришгани, бу эса натижасиз ортиқча чиқим бўлганини маълум қилди. Қизиқ томони шундаки, 10 декабрь куни содир этилган ўғрилик ҳолати бўйича орадан 19 кун ўтиб — 29 декабрь куни жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу ҳолатлар бўйича изоҳ олиш мақсадида профилактика инспектори Жамшид Дўсматов билан ҳам учрашдик. Аммо у раҳбарининг (туман ИИБ бошлиғининг – таҳ.) рухсатисиз интервью бера олмаслигини билдирди.
Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Ўктам Усмонов Kun.uz’га ҳолат юзасидан изоҳ бериб, мазкур ўғриликлар бўйича ҳозирги кунга қадар махсус тадбирлар орқали қидирув ишлари амалга оширилиб келинаётганини маълум қилди.
Мухтасар қилиб айтганда, уч оиланинг бозор нархи жами 23 миллион сўм бўлган қўй-эчкилари орадан шунча пайт ўтса-да, топилгани йўқ. Жиноятни содир қилганлар ушланмаган. Хонадон эгалари эса ўғрилар топилишидан ҳамон умидвор. Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
20:17 / 17.09.2024
Эшак гўштини истеъмол учун ишлатиладиган гўшт тоифасига киритиш назарда тутилмаган — Қонунчилик палатаси
16:54 / 17.09.2024
Ўзбекистонда чорва ҳайвонлари идентификация қилинади
16:34 / 13.09.2024
Британия ИИВ раҳбари мамлакатдаги “ўғрилик эпидемияси” ҳақида нутқ сўзлаётганда унинг ҳамёнини ўғирлаб кетишди
18:20 / 24.08.2024