Ўзбекистон | 14:35 / 24.04.2024
10657
12 дақиқада ўқилади

Мигрантларга янги имкониятлар, “шиширилган” рақамлар ва соҳада сақланиб қолган монополия – экспертлар билан суҳбат

Яқинда мигрантларга қўшимча имтиёз ва имкониятларни назарда тутувчи фармон қабул қилинди. Унда 2 йил ичида 600 минг одамни хорижга ишга жўнатиш, уларнинг айрим харажатлари учун компенсация тўланиши каби янгиликлар кўзда тутилган. Kun.uz соҳа экспертлари билан ҳужжатда қайд этилган вазифалар реализацияси ва эътибордан четда қолаётган муаммолар ҳақида суҳбатлашди.

1 июндан меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг бир қанча харажатлари учун компенсация тўланиши кутилмоқда. Бу президентнинг меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштиришга оид фармонида белгиланди. Бундан ташқари, бу ҳужжат билан яна қатор йўналишларда меҳнат муҳожирларига енгиллик ва янгиликлар бўлиши кутилмоқда.

Аммо ҳужжатни таҳлил қилган мутахассислар инобатга олиниши керак бўлган жиҳатлар ҳақида гапиряпти. Kun.uz фармоннинг шу нуқталарини муҳокама қилиш учун ҳуқуқшунослар Ботиржон Шермуҳаммад ҳамда Шоҳрух Раҳмонов билан суҳбатлашди.

– Кўп ҳолларда мигрантлар масаласи, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш жиддий қабул қилинмайдигандек кўринади. Буни Россиядаги ватандошлар билан бўлаётган ҳолатларга Ўзбекистон ҳукуматининг муносабатидан ёки анча аввал мигрантларни солиққа тортиш таклифи берилганидан бироз англаса бўлади.

Шу ўринда фикрларингиз қизиқ, мамлакатлар учун хориждаги меҳнат муҳожирлигида юрган ёки шу давлатда бўлиб турган бошқа мамлакатдан келган мигрантларнинг ҳуқуқларини таъминлаш қанчалик аҳамиятли?

Ботиржон Шермуҳаммад: Бунинг аҳамияти жуда катта. Ҳар қандай ватандош, Ўзбекистон фуқароси четга чиқадими, мамлакат ичида бўладими, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш – давлатнинг бирламчи вазифаси. Бошқа давлат фуқаролари ҳам улар билан бир хил ҳуқуқларга эга, албатта, қонунчиликда қандайдир ўзгариш ёки чекловлар бўлиши мумкин. Лекин ўзимизнинг фуқароларни оладиган бўлсак, улар Россияда бўладими ёки бошқа қаерга борса ҳам, Ташқи ишлар вазирлиги шулар билан шуғулланиши керак, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиши, хат-ҳужжат билан муаммо юзага келса, ҳал қилиш билан машғул бўлиши лозим.

Аммо афсуски бизнинг Ташқи ишлар вазирлигимизда мана шу йўналиш яхши ривожланмаган. Умуман олганда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ватандошларимиз билан муаммо келиб чиққанида шов-шув бўлган бўлса, муносабат билдиради, ёрдам беради, бошқа қилади. Лекин одатий ҳолатда мана шу йўналиш яхши ривожланмаганини кўрамиз. Консуллар бор, уларнинг асосий вазифаси виза, ватанга қайтариш билан боғлиқ ёки паспорт билан боғлиқ ҳужжатни расмийлаштириш билан ўтади.

Лекин бирор жойда муаммо бўлган вақтда муаммога учраган одамни топиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан муносабатга киришиш масаласи яхши ривожланмаган. Умуман олганда, бу бўйича ишлайдиган ходимларнинг сони ҳам кам. Мисол учун, Россия, Туркияни олсак, у ерда ватандошларимиз сони жуда ҳам кўп. Яъни бир неча миллион одамга у ердаги элчихонада ишловчиларнинг ёрдам бериши қийин масала, жисмонан улгуришмайди. Шунга қарамай ҳам бу йўналиш яққол ривожланмаганини кўрамиз.

Ҳар хил вазиятлар бўлади. Масалан, теракт билан боғлиқ вазиятни оладиган бўлсак, Тожикистон фуқаролари гумонланяпти. Лекин биз 2017 йилда наманганлик бир аёлнинг қамалганини кўрганмиз, шундай вазиятда ким уларнинг ҳуқуқий ҳимояси билан шуғулланади. Мисол учун, Ўзбекистон фуқароси оғир жиноятда айбланаётган бўлса, уларни ким ҳимоя қилади? Шундай вақтларда маҳаллий адвокатлар ҳам анча-мунча ҳимоя қилишни хоҳламайди, қўрқади ёки фуқаронинг уни ёллашга моддий имконияти бўлмайди. Шу вақтда маҳаллий аҳоли, ҳукумат томонидан фуқаромизга нисбатан қандайдир эмоцияга берилаётган пайтда албатта давлат ҳукуматимиз ҳуқуқий ёрдам бериш билан шуғулланиши керак. Бу вақтда фуқаронинг ўзини ҳимоя қилишга имконияти жуда чекланган бўлади, фақатгина давлат томонидан бирор нарсага эришиш мумкин. Бундай вазиятда жамоат ташкилоти ёрдам беролмай қолади.

Ана энди Ўзбекистонга келган мигрантлар ҳақида гапирадиган бўлсак, албатта Конституцион қонун бўйича уларнинг ҳам ҳуқуқлари таъминланиши керак. Агар давлат ўзининг асосий қонунларида биз ҳар қандай ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаймиз деган бўлса, уларнинг ҳам ҳуқуқлари таъминланиши лозим. Лекин давлат биринчи навбатда ўзининг фуқаролари, меҳнат бозорини ҳимоя қилади, уларни иш билан таъминлашга ҳаракат қилади. Ундан кейингина бошқа давлат фуқароларига енгиллик бериши мумкин. Ва бу ерда яна бир жиҳати борки, одатда четдан келган фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бирор лобби бўлмайди. Россияда умуман олганда мигрантларнинг лоббиси йўқ.

Ва сиёсатчиларга жуда бир енгил бўладики, ҳар қандай жамиятдаги муаммолар, теракт бўладими ёки бошқа, уларни муҳожирлар бўйнига қўйиб, айбдор қилишга ҳаракат қилишади. Шу ерда ҳам ҳукуматимизнинг ёрдами керак эканини тушунишимиз лозим. Бизда ҳам шундай, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилайлик деб чиққан бирор сиёсатчини кўрмайсиз. Чунки бу иш билан шуғулланган сиёсатчининг сиёсий статуси ошмайди.

Шоҳрух Раҳмонов: Мигрантнинг ҳуқуқи умуминсоний ҳуқуқларга тегишли. Мигрант бўлишдан қатъи назар фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам умуминсоний ҳуқуқларга эга.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган чет эллик шахслар билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар, масалалар юзага келмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида биринчи ўринда иш берувчилар томонидан ишчилар билан тузилган, ўртада келишилган меҳнат шартномасини кўрсатиш мумкин. Яъни меҳнат шартномаси қонуний тўғри тузилмагани ёки унга иш берувчиларнинг амал қилмаслигини айтиш мумкин.

Бундан ташқари, асосий сабаблардан қонунчилигимиздаги Ўзбекистон фуқаролари, умуман резидент ва норезидентларнинг ҳуқуқлари ўртасидаги фарқларини айтиш мумкин. Мана шу бўшлиқлар ҳам Ўзбекистонда фаолият юритаётган чет эллик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, талаб қилишда айрим масалаларни келтириб чиқармоқда.

Асосий сабаблардан яна бири мигрантлар ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ходимларнинг профессионал билимлари етарли эмаслигида. Яъни чет эллик шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш Ўзбекистон фуқаросиникини ҳимоя қилишдан юридик нуқтаи назардан бироз фарқ қилади. Яъни унинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун айри халқаро ҳужжатларга мурожаат қилиш керак ёки Ўзбекистон уни ратификация қилган бандларига амал қилиш лозим бўлади. Кўп ҳолатларда ундан бехабар бўлишлари ҳам мигрантларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади.

Ботиржон Шермуҳаммад: Энди биринчи навбатда бу Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлари камлигидан. Ўтган йили [2023 йилда Ўзбекистонда ишлаётган бошқа давлат меҳнат муҳожирларининг сони] 17 минг нафар деб эълон қилинган эди, яъни бизда муҳожирлар сони унчалик кўп эмас. Кўпайгандан кейин шунақанги муаммоли вазиятлар келиб чиқади, кейин улар билан ишлаш механизми яратилади, эътибор қаратилади.

Меҳнат муҳожирининг ҳуқуқи инсон ҳуқуқи билан узвий боғлиқ. Иккаласи ҳам инсон, фақат номи бошқа. Фарқи йўқ, ўша давлатнинг ёки чет элнинг фуқаросими, ҳуқуқлар яхши таъминланган бўлса, меҳнат муҳожирининг ҳам ҳуқуқи яхши таъминланади.

Мисол учун, Россия. Нима учун Россияда меҳнат муҳожирларимизнинг ҳуқуқларини таъминлашда муаммо юзага келади. Чунки Россиянинг ўзида ҳам фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлашда етарлича муаммолари мавжуд. Ўзбекистонда ҳам худди шундай, Ўзбекистоннинг ўзида ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари етарли даражада таъминлангани йўқ. Шу билан боғлиқ. Ҳеч қайси жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқлари яхши ҳимоя қилиниб, айнан муҳожирларники ташлаб қўйилмайди.

– Апрел бошида меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштиришга оид президент фармони қабул қилинди. Унда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошларимиз учун қатор янгилик ва енгилликлар ҳақида сўз боради.

Ботир ака, Шоҳрух ака, мана шу фармон билан танишиб чиққанингларни биламан. Ҳужжат билан мигрантлар муаммолари қанчалик ҳал бўлади, сизнингча? 

Ботиржон Шеруҳаммад: Албатта, бу фармон ҳамма муаммога ечим бера олмайди. Миграция муаммоси жуда ҳам кенг қамровли. Бу ерда муаммоларни битта-битта ечиб бориш керак. Асосий нарса таҳлил қилишда. Фармон жуда ҳам катта, 50 вараққа яқин, сиёсий дастур сифатида қабул қилса бўладиган даражада катта фармон қабул қилинган. Бу ерда миграция бўйича тадқиқотлар қилиш ҳақида ҳам алоҳида бандлар бор. Шу тадқиқотлар натижасига асосан Ўзбекистоннинг миграция сиёсати белгиланиши керак, қонунчиликни ишлаб чиқишда ҳам таъсири бўлиши кутиляпти.

Яна бир жиҳати, маълум бир муддатда тегишли органларга Ўзбекистоннинг миграция сиёсати бўйича стратегия ишлаб чиқиш вазифаси берилган. Яъни илгари ҳамма нарса тартибсиз қилинган бўлса, эндиликда тизимлаштириб, қандайдир 10 йиллик стратегия қилиб, нима қилиш кераклиги бўйича ҳаракат бор. Бундан ташқари, биз жуда кўп гапирган жамоатчилик кенгашлари ҳақида гап бор. Ҳозирги кунда мана шу фармон жамоатчилик кенгашлари билан муҳокама қилинганидан хабарим йўқ. Лекин жуда катта ҳужжат қабул қилинган. Умид қиламизки, энди жамоатчилик кенгашлари тузилиб, муҳим ҳужжатлар муҳокамадан ўтказилиб, қабул қилинади.

Энди бу ерда 3 та энг асосий деб ҳисобланган: касб, тил бўйича сертификатлар, йўл чиптаси ҳамда ишчи виза учун компенсация берилиши бор. Бу компенсациялар фақатгина ташкиллаштирилган тартибда борадиган меҳнат муҳожирлари учун ажратилган. Яъни ҳамма учун эмас. Фақатгина Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки хусусий бандлик агентлиги орқали борганларга компенсация тўлаб берилади дейиляпти. Нима сабабдан ўзи кетганларга йўқ?

2023 йил статистикасини олсак, кўп одам хорижга бормаган, 38 минг нафар одам ташкиллаштирилган тартибда кетган. Бутун дунёдаги 2 млн нафар ўзбекистонликни ҳисобласак, юқоридаги рақам 2 фоизини ташкил қилар экан. 2 фоиз ватандошимизни ташкиллаштирилган тартибда жўнатяпмиз хорижга ва уларга шундай компенсацияларни босяпмиз.

Агар давлатимиз кам миқдорда 2-3 фоизини юбора олаётган бўлса, қолганларни ҳам ҳисоблаб ҳаммага бирдек ёрдам қилишимиз керак. Фақат шунча одамга ёрдам қилсак, қолганлар нима қилади деган савол ҳам бор. Қолганлар ҳам бизнинг ватандошларимиз, фуқароларимиз.

Шоҳруҳ Раҳмонов: Ботир ака, тўғри айтиб ўтдилар. Давлат миграция сиёсатида ҳамма ишчиларни қамраб ололмагани сингари, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам ҳаммасини қамраб ололмайди. Юқорида айтилганидек, элчихоналар, консулхоналарнинг ваколатлари чекланган. Бу соҳада кўплаб халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари, Халқаро миграция ёки меҳнат ташкилотининг ваколатхоналари борми? [Уларнинг ҳам ваколати чекланган.]

Мен фаолият юритаётган “Республика Истиқболли авлод” ННТ 20 йилдан ортиқ вақтдан бери чет элда оғир вазиятда қолган мигрантларга ёрдам бериб, ватанга қайтариш билан шуғулланади. Бундай жамоат ташкилотларининг миграция сиёсатида бевосита ҳиссаси катта. Бизнинг ташкилот фармоннинг муҳокамасида иштирок этган, шахсан ўзим иштирок этганман. Унинг муҳокамасида ўзимизнинг таклифларни берганмиз.

Мигрант қандай йўл билан белгиланган давлатга боришидан қатъи назар қўлида Ўзбекистон паспорти борми, унинг Конституцион ҳуқуқлари таъминланиши керак. Қолган масалалар кейинги ўринларда туради. Шунинг учун юқоридаги фармон бунгача бўлган қонунчиликда ҳам мазкур соҳада ўзгартириш киритилишини айтганмиз.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид