Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Almaz Tower’да қурилиш нега тўхтади? Янги мажмуадан репортаж
Бугун Тошкент қурилишлар майдонига айланиб қолди. Одамларнинг уй-жойга бўлган талаби кўплиги янги қурилаётган уйларнинг пойдевори қурилмасдан туриб тўлов қилиб, яна йиллаб кутишга ҳам мажбур қилмоқда. Шу сабабдан қурувчи компаниялар ва аҳоли орасида турли низолар чиқиши кўпайиб бормоқда. Пойтахтнинг Яшнобод туманидаги Almaz Tower мажмуаси харидорлари билан ҳам шундай ҳолат юз бергани айтилди.
Хўш, мажмуа қурилиши нима сабаб тўхтатилди?
Мажмуа қурилиши иш бошқарувчиси Юсуф Қосимохуновнинг айтишича, қурилиш жараёни жорий йилнинг апрель ойида расман бошланган. Орадан 2 ойча вақт ўтгач, объектга туташ бўлган ҳовлилар эгалари Президент порталига, Ҳудудий назорат инспекциясига, туман прокуратураси ва ҳокимиятга шикоят аризалари қилишган. Бунинг ортидан Тошкент шаҳар бош архитектураси томонидан берилган ижобий хулоса бекор қилинди – яъни уй қурилиши тўхтатилди:
«Шундан кейин биз ҳам бу аризага нисбатан шикоят аризаси бердик. Олий суд 13 июнда шикоятимизни кўриб чиқиб, бизнинг фойдамизга қарор чиқарди. Шундан бир ой ўтиб, қарор расман кучга кириши билан 14 июлдан иш жараёнлари бошланди. Кечикишга асосий сабаб шу аҳолидан тушган шикоятлар бўлди. Ҳозирда ҳеч қандай тўсиқ йўқ, қурилиш давом этяпти. Уй сотиб олганлар хотиржам бўлишлари мумкин.
Қурилишнинг бир ой тўхтаб қолиши мажмуа топширилиши кечикишига сабаб бўлмайди деб ўйлаймиз. Чунки энди биз ишларни янада жадал олиб борамиз. Қурилиш ишларида чўзилишлар, камчиликлар бўлиб қолиши эҳтимоллари бор. Агар шундай ҳолат юзага келса, биз ҳамкорларимизни оғзаки ва ёзма тарзда огоҳлантирамиз», - дейди компания иш бошқарувчи. Бу ҳақида компаниянинг расмий баёнотида ҳам маълумот берилган.
Айни пайтда бинонинг «А» блоки қурилиши бешинчи қаватга келган, «Б», «В», «Г» блокларда учинчи қават қуриляпти. Орада бир ой муддатда қурилиш тўхтагунга қадар мажмуада 150 нафар қурувчилар фаолият олиб борган.
Юзага келган ҳолат харидорларда қандай муносабатни юзага келтиргани ҳақида уларнинг фикрлари билан қизиқдик.
«Бу қурилиш компаниясидан 2021 йилда бошқа объектдаги бинодан уй олгандим. Бу объектдан ҳам бир нечта уй олдик ака-укалар билан. Апрель ойида бошланганди. Бир ярим ойча олдин телефон қилиб маълум сабабларга кўра қурилиш тўхтатилганини айтишди. Кўнглим хотиржам эди, ўйлаганим йўқ. Ака-укаларимга ҳам айтиб қўйдим. Мана, ҳозир ҳаммаси жойида, қурилиш давом этяпти», - дейди Almaz Tower’дан уй олиш учун тўлов қилган Рустам Алиёров.
Реклама