“Орландо ва у ердаги ўзбеклар “Милтон” тўфонидан жабр кўрмади” — Соҳиб Аббосхон
Куни кеча “Милтон” тўфони содир бўлган Флорида штатининг Орландо шаҳрида минглаб ўзбекистонлик оилалар истиқомат қилади. Kun.uz мухбири билан гаплашган Соҳиб Аббосхон бу каби тўфонлар Атлантика қирғоқларида ҳар йили бўлишини айтди. Унга кўра, бу сафар табиий офатнинг кучи кутилганидан анча кам бўлган, асосан Флориданинг соҳил бўйидаги ҳудудлари жабрланган.
Жорий йил 9 октябрдан 10 октябрга ўтар кечаси АҚШ жануби-шарқига ёпирилган “Милтон” тўфони Флориданинг марказий қисми бўйлаб ўтди. Натижада торнадо ҳодисалари, кучли ёмғирлар оқибатида ўнлаб уйларни вайрон қилди, миллионлаб хонадон ва корхоналар электр таъминотидан узилган. “Милтон” бешинчи тоифали тўфон сифатида бошланганди, аммо қуруқликка етиб келганида метеорологлар унинг даражасини қуйироққа туширди. Ҳозирда тўфон аллақачон океанга ўтиб, тарқаб кетиб бўлди.
Kun.uz мухбири Флорида штатининг энг кўп ўзбекистонликлар яшайдиган Орландо шаҳридаги юртдошимиз Соҳиб Аббосхон билан боғланиб, табиий офат ҳақида гаплашди.
– Қанча вақтдан буён АҚШда яшайсиз? Бу каби тўфон, торнадолар каби табиат ҳодисалари АҚШда, айниқса, океанлар бўйида жойлашган штатларда қанчалик тез бўлади, бунга аҳолининг, жамиятнинг муносабати қандай? Одамларда қўрқув бўладими?
– Деярли 8 йилдан буён Қўшма Штатлардаман, Флорида штатига кўчиб келганимга 4 йилдан ошди. Демакки кўпроқ вақтим шу ерда ўтган. Атлантика океанига яқинмиз – 60 мил (96,5 км). Дам олиш кунлари “чорвоққа чиққандек” океанга бориб келамиз.
Бунақа ҳодисалар ҳар йили бўлади, баъзи йилларда 2-3 марта ҳам бўлади. Тўфонларнинг даражалари бор. Масалан, бу “Милтон” тўфонини ҳам бошида юқори – 5 даража деб эълон қилишди. Кейин уни 1-даражага тушириб қўйишди. Лекин барибир одамларни эвакуация қилишди. Мен уйимдан чиқмадим. Кеча кечқурун тўфон бошланганида ҳам танишларимни уйига машина бориб келдим. Орландода бунчалик кучли бўлмади. Пайшанба тонгида бироз кучайди, шамолда кўчадаги баъзи нарсалар ағдарган экан холос.
– Бундай табиий офатлар вақтида эвакуация – мажбурий бўладими ёки хоҳлаганлар қолаверадими?
– Ихтиёрий бўлади, лекин бирор нарса бўлса, жавобгарликни ўзидан соқит қилиш учун огоҳлантирилади. Флорида штатининг губернатори Рон ДеСантис ҳам ОАВ орқали, фуқаролардан чиқиб кетишни қаттиқ илтимос қилиб, эълон берди. Чиқиб кетганларнинг кўплиги туфайли йўлларда ҳам катта тирбандликлар бўлди. Лекин булар ҳаммаси ихтиёрий бўлади. Масалан, 2 йил олдин бўлган "Ian" тўфони Орландога кучли таъсир қилган эди. Асосий трассалардан бошқа кичик йўлларни 1 метргача сув босганди. Лекин бу сафар Орландода ҳамма жой қуп-қуруқ, дарахтларнинг баъзи кичик шохлари синган холос. Штатнинг қирғоқ ҳудудларида бир оз талафотлар бўлган, лекин у ҳам кутилганидек жуда катта зарар келтирмаган.
Тўфон бизнинг устимиздан ўтди, шамол ва ёмғирлар билан. Қўшниларимизда ойналари очилиб кетди. Лекин сув босишлар кузатилмади. Янгиликларда кўрганим, штатда Cleanwater деган соҳил ҳудуди бор. У ерда бир киши чиқиб кузатиб турган, у айтяптики “сув тошқини бўлиши учун дастлаб сув орқага қайтиши керак, кейин у кўтарилиб бирдан қуруқликни босади. Лекин, шундай бўлмаган, сув орқага қайтмаган, мен ҳам шу ерда кузатавердим”, — деди ҳалиги киши.
– ОАВда Орландодаги Disney World'ни сув босгани ҳақида хабарлари ҳам тарқалди. Булар кучли ёмғир натижасими шунда?
– Менимча, бу эски видеолар бўлса керак. Чунки уйимнинг атрофини сув босгани ҳақида эшитмадим ҳам, кўрмадим ҳам [кейинроқ Флоридада сув босган Disney World суратлари сунъий идрок ёрдамида яратилгани маълум бўлди – Таҳр.]. Флорида қадимдан ботқоқлик бўлгани учун Орландо шаҳри ичида ҳам кичик кўллар жуда кўп. Ёмғир бир суткадан ортиқ тўхтовсиз ёғди, лекин шунда ҳам сув тошгани ҳақида хабарлар бўлмади.
Ҳукумат бу борада аҳолини огоҳлантириши 10 кун олдин бошлаган. Ҳамма жойда эълонлар, хабарлар… Шахсан губернатор жуда қаттиқ илтимос қилди. Шундан кейин коммунал хизматлар учун жавоб берувчи ташкилотлар катта сафарбарлик эълон қилди: дарахтларнинг йўлларга, электрга туташ шохларини кесишди, канализация трубалари сув кетиши учун қараб чиқилди. Хуллас яхши тайёргарлик кўрилди, шунинг учун ҳаммаси силлиқ ўтди бизда.
Тўфон бўлган куни кечаси ухламадим. 2 марта чироқ ўчди, атайин санаб ўтирдим. Биринчи ҳолатда 2 секундда ёнди. Иккинчисида 5 секундча ушланиб қолганди, “мана, 8 йилдан бери ток ўчмаган эди, энди ўчди”, деб турсам, у ҳам ёниб кетди. Менимча бу ерда фавқулодда ҳолатларда бўладиган линия алмаштирилган.
– Орландода минглаб ўзбекистонлик юртдошларимиз истиқомат қилади. Улар билан тўфонда бахтсиз ҳодисалар бўлгани ҳақида хабарлар йўқми?
– Бошқа штатдаги ва юртимиздаги кўпчилик танишларимиз чиқиб биздан ҳол-аҳвол сўради, ҳаммасидан миннатдормиз. Орландодаги ўзбекларнинг ҳам ўзаро гуруҳи бор, бу ерда ҳам ҳеч ким муаммога дуч келгани ёки жабрлангани ҳақида ёзилмади. Лекин ҳар хил Telegram гуруҳлар ва изоҳларда ҳамма қарғаб, “сенларни ер ютсин, сув ютиб кетсин”, деб ётибди. Ўртоқлар, бу ерда, АҚШда 200 мингдан ортиқ ўзбеклар бор, уларнинг оиласи ва бола-чақаси бор. 3,5 миллиондан ортиқ мусулмонлар бор…
Тўфон Мексика кўрфазидан келди. Бошида унинг тезлиги 200 милдан бошланган эди, бизга келиб 75 милга тушиши айтилганди. Лекин аслида бундан ҳам пастроқ бўлди шекилли тезлиги. Ҳозир тарқаб ҳам кетган, ҳаёт изига тушмоқда.
Мавзуга оид
11:59 / 22.12.2024
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ билан баённома имзолади
11:30 / 21.12.2024
Қўрқмас жангчи – Саддам Ҳусайннинг набираси америкалик аскарларга қарши қандай жанг қилганди?
19:29 / 20.12.2024
Reuters: Байден администрацияси Украинага охирги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилишга тайёрланмоқда
13:43 / 20.12.2024