Тунда «Милтон» тўфони Флориданинг марказий қисми бўйлаб ўтди ва торнадо ҳодисаларини келтириб чиқариб, ўнлаб уйларни вайрон қилди. 3 миллиондан ортиқ хонадон ва корхоналар электр таъминотидан узилган.

«Милтон» бешинчи тоифали тўфон сифатида бошланганди, аммо қуруқликка етиб келганида метеорологлар унинг даражасини учинчигача туширди, ҳозирда эса у ҳамон жиддий хавф солаётган бўлса-да, энг кучсиз – биринчи тоифадаги тўфонга айланиб қолган.

АҚШ Тўфонларни ўрганиш миллий маркази маълумотига кўра, «Милтон» маҳаллий вақт билан чоршанба куни кечқурун соат 20:30 атрофида Флориданинг Сиеста-Ки оролига етиб келганида, шамол тезлиги 195 км/соатни ташкил этаётганди. Пайшанба куни тонгида шамол тезлиги соатига 150 километргача тушди.

«Милтон»нинг қуруқлик бўйлаб ҳаракати кучли ёмғирлар ва вайронкор бўронлар билан бирга кечди. Тўфон НАСА космодроми жойлашган Канаверал бурнидан тахминан 75 км жануби-ғарбдан ўтган.

Тампа кўрфази ҳудуди, жумладан, Тампа, Санкт-Петербург ва Клируотер шаҳарларида сув тошқинлари хавфи туфайли фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Чоршанба куни Санкт-Петербургда 16,6 422 мм ёғин тушиб бўлганди. Хабарларга кўра, шаҳарда ичимлик суви қолмаган.

«Милтон» Санкт-Петербургдаги 42 минг томошабинга мўлжалланган «Тропикана Филд» бейсбол стадионининг гумбаз шаклидаги томининг бир қисмини бузиб ташлаган. Маҳаллий нашрларга кўра, стадион қутқарувчилар учун бошпана сифатида фойдаланилаётганди, аммо улар орасида жабрланганлар йўқ.

NBC News нашри Сент-Люси округи шерифи Кит Пирсонга асосланиб хабар беришича, Флориданинг шарқий соҳил қисмидаги Форт-Пирс шаҳрида торнадо туфайли кексалар уйида камида икки киши ҳалок бўлган. Пирсоннинг маълумотига кўра, 17 марта торнадо ҳодисаси кузатилган округда 100 та уй вайрон бўлган.

Штатнинг Атлантика океани соҳили қисмидан ҳам жабрланганлар ҳақида хабарлар келган, аммо ҳозирча аниқ рақамлар йўқ. Палм-Бичда беш киши шифохонага ётқизилган, аммо маҳаллий расмийлар жабрланувчилар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Синоптиклар тўфон маркази уч миллион атрофида одам яшайдиган Тампа-Бэй мегаполисидан ўтишини кутишганди. Якунда эпимарказ Тампа-Бэйдан тахминан 100 км жанубда жойлашган, 5400 нафарга яқин аҳоли яшайдиган Сиеста-Ки шаҳридан ўтди.