Ўзбекистон | 19:14 / 04.08.2021
5066
3 дақиқада ўқилади

Тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилади

Фото: KUN.UZ

Тана ҳарорати 37 даражадан баланд бўлган абитуриентлар тест синовига қўйилмайди. Улар учун қўшимча тест синовлари ташкил қилинади. Бу ҳақда блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев ўз телеграм каналида маълум қилди.

Олий таълим муассасаларига кириш учун пандемия шароитида ўтказилаётган тест синовларига келган абитуриентнинг тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлса, ўша ердаги СЭС ходими ҳамда Давлат тест маркази вакили билан биргаликда далолатнома тузилади ва тестга киритилмайди.

Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабовнинг блогер билан суҳбатда айтишича, ўтган ўқув йили учун ўтказилган тест синовларида бошқа сабабларга кўра (ҳаво иссиқлиги, ҳаяжонланиш, югуриб келиш оқибатида) тана ҳарорати ошиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Бундай вазиятда бироз вақт ўтиб тана ҳарорати ўз ўрнига тушади. Агар ҳарорат пасаймаса, бу абитуриент тиббий текширувга юборилиб, коронавирусга тест топширади. Вирус аниқланган ҳолда у 14 кунлик карантиндан кейин имтиҳон топширади.

Имтиҳонга қадар коронавирусга чалинган абитуриент Давлат тест марказига ариза ва COVID-19 тасдиқлангани тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши керак. Ўтган йилги имтиҳонларда кеч қолган абитуриентлар орасида коронавирусга чалингани сабабли кела олмаганини важ қилиб кўрсатган абитуриентлар ҳам учраган.

«Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бу маълумотлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан текширилади. Тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг бу абитуриентларга қайта тест синови топшириш имконияти берилади. Ўтган йили энг охирги тест синовларидан 4 кун ўтиб қайта имтиҳонга рухсат берилган эди. Жорий йилда бу муддатни бироз чўзиш режалаштирилган. Чунки баъзи абитуриентлар тўлиқ тузалиш босқичида бўлмаслиги мумкин. Бу эса ўз навбатида имтиҳон жавоблари бироз кечикишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қўшимча тест синовларига фақат ва фақат юқоридаги иккала ҳолатдаги абитуриентлар чақирилади. Тестга кечикиб келган ёки бошқа сабаблар (ҳомиладорлиги, жароҳатлангани, операция бўлгани, бошқа касалликлардан даволанаётгани) билан мурожаат қилган абитуриентлар қўшимча тест синовларига қўйилмайди», деган ДТМ мутасаддиси.

Аввалроқ тест ўтказиладиган стадион ва хиёбонлар бўйича маълумотлар эълон қилинган эди.

Мавзуга оид