Ўзбекистон | 12:33 / 17.08.2024
6796
1 дақиқада ўқилади

Натижасидан норози абитуриентлар учун апелляция саналари маълум қилинди

ОТМларнинг бакалавриат босқичи учун тест натижасидан норози абитуриентлар 18-27 август оралиғида онлайн ариза беришлари мумкин.

Фото: Kun.uz

Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар апелляция аризаларини қабул қилиш бошланади. Абитуриентлар 18-27 август давомида Билимларни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz сайтида (шахсий кабинети орқали) онлайн ариза беришлари мумкин.

Агентликка кўра, абитуриент апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим. Апелляция аризасини берган абитуриентга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади.

Шунингдек, абитуриент хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва хабарнома билан Билимни баҳолаш агентлигига келиши керак. Апелляция шикоятларини кўриб чиқиш 2024 йил 22 августдан бошланади.

Мавзуга оид