ҲАМАС борасида зиддият, Путиннинг навбатдаги баёнотлари ва Тожикистондаги янги тақиқлар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилади олмайди, чунки у шунчаки ҳаракат эмас, мафкурадир. Бу ҳақда ЦАҲАЛ вакили Даниэл Ҳагари айтиб ўтган.
Унга кўра, Исроилнинг ҲАМАСни узил-кесил йўқ қилиш бўйича ҳарбий режасига эришиб бўлмайди.
“ҲАМАСни йўқ қилишга бўлган уринишлар, ҲАМАСни йўқ бўлишга мажбурлаш — буларнинг барчаси жамоатчилик кўзига қум сепишдан бошқа нарса эмас”, — деган Ҳагари 13 янгиликлар телеканалига берган интервюсида
“ҲАМАС — бу ғоя, ҲАМАС — бу партия. У одамлар қалбидан мустаҳкам ўрин олган. Биз ҲАМАСни йўқ қила оламиз, деб ўйлаётган ҳар қандай одам адашади”, — деган Ҳагари.
Ҳагарининг бу чиқиши Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг қонини қайнатган. Бу Нетаняҳунинг Ғазода уруш олиб бориш бўйича Мудофаа вазирлигининг олий мансабдор шахслари билан муносабатларида таранглик кузатилаётганидан далолат беради.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Нетаняҳудан Ғазони урушдан кейин бошқариш режасини ишлаб чиқишни сўраган. ҲАМАС ўрнига бошқа бирор нарса топа олмаслик Исроилнинг ҳарбий муваффақиятларини йўққа чиқариши, гуруҳ тезда қайта тикланиб, анклав устидан назорат ўрнатишини айтган. Бундан ташқари, Галлант Нетаняҳудан уруш тугагач Ғазода ҳарбий ва фуқаролик бошқарувини ўрнатиш фикридан қайтишни сўраган. Буни Нетаняҳу коалициясининг ултраўнг вакиллари Итамар Бен Гвир ва Бецалел Смотрич талаб қилиб келишмоқда.
Ғазодаги нохуш статистика: урушнинг 258-кунига келиб ўлдирилган фаластинликлар сони 37 минг 431 нафарга етган, ярадорлар сони 85 минг 653 кишини ташкил этмоқда.
Сўнгги сутка ичида исроиллик ҳарбийлар 4 та оммавий қирғин уюштириб, 35 кишининг ўлими ва 130 кишининг яраланишига сабабчи бўлишди.
Исроилнинг Ливанга ҳужум режаси
АҚШ президенти администрацияси Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасида кенг кўламли можаро юз берадиган бўлса, Исроил шимолида жойлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Ливандан учириладиган ракеталар ва пилотсиз парвоз қурилмаларини уриб туширишга улгурмай қолишидан ташвишда эканини билдирган, деб хабар бермоқда CNN ўз манбаларига таяниб.
“Бизнинг маълумотларимизга кўра, “Темир қубба” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими батареяларининг бир қисми зўриқиб қолади”, деган администрациянинг юқори мартабали мулозимларидан бири.
CNN телеканалининг эслатишича, Исроил мудофаа армияси маълумотларига кўра, “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати 150 мингдан зиёд реактив снаярдлар ва ракеталарга эга, уларнинг орасида минглаб юқори аниқликдаги ракеталар ҳам бор.
Россияга қарши янги санкциялар
Евроиттифоқ давлатлари Германия позицияси туфайли кечиккан Россияга қарши янги, 14-санкциялар пакетини келишиб олди. Жазо чоралари, жумладан, Россияга қарши аввал жорий этилган чекловларни четлаб ўтишнинг олдини олиш учун мўлжалланган.
Шунингдек, Россия экспорт қилувчи суюлтирилган табиий газ бўйича кўп миллиард долларлик битимларга нисбатан санкциялар кучайтирилмоқда.
Илк марта Россиянинг суюлтирилган табиий гази (СТГ) билан кўп миллиардлик транзакцияларга қарши Европа Иттифоқининг қаттиқроқ санкциялари ҳам кўзда тутилган. Дипломатларнинг сўзларига кўра, бошқа нарсалар қаторида Россия СТГни учинчи мамлакатларга ташиш учун Белгиянинг Зебрюгге каби портларини ёпиш режалаштирилган. Бу ҳолатда Россия транспорт имкониятларининг етишмовчилиги туфайли суюлтирилган газни камроқ сотади ва шунинг учун Украинага қарши урушни молиялаштириш учун камроқ пул олади, деган умидда амалга оширилмоқда.
Нидерландия ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, санкцияларнинг 14-пакетида Россия нефтини ортган танкерларга Европа портларига кириш ва хизматлардан фойдаланиш ҳам тақиқланади.
Европа Иттифоқи санкцияларнинг 14-пакети доирасида 69 кишини ва 47 та ташкилотни қора рўйхатга киритади, дейилади Reuters хабарида. Шунда қора рўйхатдаги жисмоний ва юридик шахслар сони 2200 га етади.
Украинага ҳарбий ёрдам
Руминия мудофаси олий кенгаши Украинага Patriot зенит-ракета комплексларини беришга қарор қилди, деб хабар бермоқда Reuters.
Руминия бермоқчи бўлган Patriot PAC-3 тизими 2020 йилда харид қилинган ва зенит ракета комплексининг сўнгги модернизацияларидан бири ҳисобланади. У тактик баллистик ракеталар ва қанотли ракеталарнинг жанговар каллакларини, жумладан “стелс” технологиясидан фойдаланиб тутиб олишга мўлжалланган.
АҚШ айни пайтда Patriot ва NASAMS тизимлари учун ишлаб чиқарилаётган ракеталарнинг барчасини Украинага беришга қарор қилди. Бу ҳақда Оқ уй стратегик коммуникациялар координаторди Жон Кирби маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳукумати “қийин, бироқ жуда зарур қарор”ни қабул қилган. Кирбига кўра, янги етказиб беришлар Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кейинги 16 ой учун етарли захиралар билан таъминлайди.
Дастлабки етказиб беришлар яқин ҳафталарда бошланади ва ёз охиригача амалга оширилади. Етказиб бериш йўналишларининг ўзгариши Тайванга қурол-яроғ етказилишига ўз таъсирини ўтказмайди, деб ишонтирмоқда Оқ уй вакили.
Пентагон эса ATACMS тизимларидан Украина Россия ичкарисига зарба бериши мумкин эмаслиги, АҚШдан олган бошқа қуролларни эса Харков области билан чегарадан бошқа ҳудудларда ишлатмаслик кераклигини таъкидлаган.
Дарвоқе, Нидерландиянинг бош вазири Марк Рютте НАТОнинг келгусидаги бош вазири бўлади. Politico нашри хабарига кўра, НАТОга аъзо 32 та давлатнинг барчаси Рюттенинг номзодини тасдиқлашган. Йенс Столтенберг ўрнига ўтирадиган алянс янги бош котибининг номзоди июл ойида Вашингтонда бўлиб ўтадиган саммит чоғида тасдиқланади.
Путиннинг баёнотлари
Бу орада Россия президенти Владимир Путин Виетнамга ташрифи доирасида россиялик журналистлар иштирокида брифингда Ғарб урушдаги барча муваффақиятсизликларни Зеленскийнинг бўйнига қўйиб, уни кетказишини таъкидлаган.
Шунингдек, Путин Ғарбда уруш якуни сифатида Россия жанг майдонида таслим бўлишини кўришаётгани, Москва учун стратегик мағлубият давлатчиликнинг йўқ бўлишини билдириши, шу сабабли охиригача боришга тайёр эканлигини айтган.
Путин Украина бўйича музокаралар “эртагаёқ” бошланишини ҳам маълум қилган, бироқ Россия бу ҳолда фронт чизиғидаги мавжуд вазиятдан келиб чиқишини айтган.
Россия президентининг сўзларига кўра, можарони тартибга солиш бўйича таклифлар “доимо амал қилмайди”, тўқнашув чизиғидаги вазиятдан келиб чиқиб ўзгариб туради.
“Агар Киев музокараларни бошлашни бизнинг қўшинларимизнинг олиб чиқиб кетилиши билан боғламоқчи бўлса, бу ҳеч қачон содир бўлмайди, чунки Киев режими ҳокимиятдан кетишни истамайди. Демак, Киевдагилар бизнинг қўшинларимиз ўша ерда қолаверишидан манфаатдор”, — деган Путин.
Путин Украинага қурол-яроғлар етказиб берилаётганига қарши Россия Ғарбга душманона кайфиятда бўлган бошқа давлатларга қуроллар етказиши мумкинлигини айтиб ўтган. “Ғарб давлатлари кейин бу қуроллардан қаерда ва кимлар фойдаланиши мумкинлиги ҳақида бош қотириши керак”.
Шунингдек, Путин ўзининг ядровий доктринасига ўзгартиришлар киритиш имконияти ҳақида бош қотираётганини ҳам айтган. Бироқ у Россияга ҳозирча огоҳлантирувчи ядровий зарба бериш имконияти у қадар зарур эмаслигини ҳам айтган.
Владимир Путин Шимолий Корея ва ундан кейин Виетнамга сафар қилиб турганда Россия пойтахтида кучли довул юз берди. “Эдгар” деб номланган довул чоғида шамолнинг тезлиги сониясига 25 метргача етган, дўл ёғган.
Кучли шамол дарахтларни ағанатган, кўчадаги буюмларни учирган. Одамлар бу ҳудудлар учун жуда кам кузатиладиган ҳодиса — пўртанани кузатишган. Табиий офат натижасига икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.
Тожикистонда янги тақиқлар
Тожикистон президенти ҳайитлик йиғиш ва миллийликка ёт либосларни тақиқловчи қонунни имзолади.
Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон 20 июн куни 35 та қонунни имзолади. Уларнинг орасида «Маросим ва тадбирларни тартибга солиш тўғрисида», «Болани ўқитиш ва тарбиялаш масъулияти тўғрисида» каби қонунлар бор.
«Маросим ва тадбирларни тартибга солиш тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун миллий маданият қадриятларини ҳимоя қилиш, хурофот ва фанатизмнинг олдини олиш, маросим ва тадбирларни ўтказишда исрофгарчиликка йўл қўйилмаслигини таъминлаш, тожик халқининг маънавиятини кўтариш учун қабул қилинаётгани маълум қилинган.
Жумладан, қонунда «ийдгардак» ва «ёт либослар»ни кийиш тақиқланган.
Таъкидлаб ўтиш керак, «ийдгардак» — ҳайит байрамларида айниқса ёш болаларнинг маҳаллаларда уйма-уй юриб ҳайитлик совғаси йиғишидир.
Бу қонунга риоя қилмаслик учун жарима назарда тутилган, бироқ унда айнан қайси либослар «миллий маданиятга ёт» экани, сотиш ва кийиб юриш тақиқлангани аниқ кўрсатилмаган.
Либосга оид тақиқлар ўрнатилган қонундаги бу моддалар Тожикистон жамоатчилигида мунозара ва баҳслар уйғотган. Мамлакатнинг айрим фуқаролари ҳокимият вакиллари кўчаларда ҳижоб ўраб кетаётган аёлларни тўхтатиб, рўмолини орқадан боғлашни талаб қилишаётганидан шикоят қилишган.
Мавзуга оид
13:12 / 07.11.2024
Ливан қишлоғига ҳужум, Трамп ғалабасидан хурсанд Исроил вазирлари ва Германияда парчаланган коалиция — кун дайжести
14:30 / 06.11.2024
АҚШдаги сайловлар, вазирларини алмаштирган Нетаняҳу ва Эронда қатл этилган Исроил жосуслари — кун дайжести
16:22 / 05.11.2024
Адибларнинг Исроилга бойкоти, Пизишкиённинг баёноти ва Ғазода урушни якунлашни ваъда қилаётган Ҳаррис — кун дайжести
13:18 / 04.11.2024