Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

2023 йилнинг 8 октябридан буён Исроил Ғазога 85 минг тоннадан зиёд портловчи моддалар ёғдиргани иддао қилинмоқда.

Бир йилдан зиёд вақт мобайнида Исроил бомбардимонлари остидан амаллаб кун кечираётган Ғазо секторидаги экологик фалокат ҳақида Фаластин атроф-муҳит бошқармаси айрим маълумотларни тақдим этди.

85 минг тонна портловчи моддалар ёғдирилгани сабаб, Ғазода қишлоқ хўжалиги экинлари тўлиқ йўқ қилинган, 40 мингдан зиёд инсон қурбон бўлган, яна минглаб инсонлар бедарак йўқолган, дейилади хабарда.

Ғазога ёғдирилган бомбалар «Иккинчи жаҳон уруши давридаги бомбалардан ҳам кучлироқ» экани қайд этилмоқда.

«Исроилнинг доимий бомбалашлари қишлоқ хўжалиги экинларининг катта майдонлари йўқ бўлишига, тупроқнинг эса заҳарли кимёвий моддаларга тўйинишига ва энди ўнлаб йиллар давомида яроқсиз аҳволга тушиб қолишига сабаб бўлди», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, бошқарма Исроил Ғазода инсонлар ва барча тирик организмлар учун хавфли бўлган фосфорли бомбалардан фойдаланганига эътибор қаратган. Ерости сизот сувларига сингиб кирган кимёвий моддалар энди ўнлаб йиллар давомида Ғазо секторидаги ҳаётга салбий  таъсир ўтказади.

Бошқарма бу ҳужумларни тўхтатиш ва батамом атроф муҳит заҳарланишининг олдини учун БМТ ва жаҳон ҳамжамиятини тезкор чоралар кўришга ва халқаро қонунларга риоя қилинишини таъминлашга чорлади.

Исроилнинг Ливанга ҳужуми

Интернетда Исроил ҳарбийлари Ливаннинг жанубидаги Майс-уд-Жабал аҳоли пунктида бир вақтнинг ўзида кўплаб уйларни портлатаётгани тасвирлари пайдо бўлди.

Яҳудий аскарларнинг ўзи суратга олгани гумон қилинаётган видеода портлашлардан хурсанд бўлган ҳарбийларнинг қийқириқлари эшитилиб турибди ва аҳоли яшаш пунктини портлашдан чанг ва тутун қоплаб олаётгани тасвирланган.

Ғазо секторидаги шаҳарлар вайрон қилингач, фаластинликларнинг қонига тўймаган Исроил Ливанга ҳужум қилишда ҳамда мамлакат жанубида ўзининг қўпорувчилик ҳаракатини давом эттирмоқда.