Иқтисодиёт | 19:16 / 24.05.2021
11999
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан газ кимё мажмуасидаги жорий таъмирлаш ишлари белгиланган муддатдан аввал якунланди

Шўртан газ кимё мажмуасида олиб борилган жорий таъмирлаш ишлари ўз ниҳоясига етиб, технологик қурилма ва ускуналарни босқичма-босқич ишга тушириш ишлари муваффақиятли амалга оширилди ва корхона одатий иш режимида ишлай бошлади.

Таъмирлаш ишлари доирасида корхонанинг технологик жараёнларидаги 900 га яқин қурилма ва ускуналар очилиб, техник текширувлардан ўтказилди ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Шу ўринда, мажмуанинг Этилен ишлаб чиқариш цехида жойлашган пирогаз ва этилен хладагенти компрессорлари, шунингдек, буғ турбиналари Япониянинг "Mitsubishi" компанияси вакиллари ҳамда “Махсусэнергогаз” АЖнинг малакали ишчи-ходимлари иштирокида тўлиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Ушбу компрессор ва буғ турбиналари Япониянинг "Mitsubishi" компаниясида ишлаб чиқарилган бўлиб, тўлиқ таъмирлаш ишлари ҳар 6 йилда бир марта амалга оширилади.

Шунингдек, “Morgan Ceramics Middle East FZE” компанияси вакиллари иштирокида пиролиз печининг радиант қисмидаги шиша толали иссиқликка чидамли ZIT блок футеровка материаллари узоқ йиллар давомида ишлатилиб ўз хусусиятини йўқотганлиги сабабли уларни модернизация қилинган янги турдаги сифатли пироблок футеровка материалларига тўлиқ алмаштирилди.

Технологик жараёнларнинг асосий қурилмаларидан бири бўлган газ турбинасининг PLC компонентлари ҳамда бошқарув тизимининг модернизация қилиш ишлари “Siemens AG” компанияси вакиллари иштирокида амалга оширилди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, жорий таъмирлаш ишлари белгиланган муддатдан 7 кун аввал якунланди. Бу эса, ўз навбатида, қўшимча миқдорда табиий газни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда белгиланган режа ва топшириқларни ортиғи билан бажарилиши имконини беради.

Шу қаторда, режали жорий таъмирлаш ишлари ишлаб чиқариш жараёнларида келгусида вужудга келиши мумкин бўлган кутилмаган узилишларнинг олдини олиш ҳамда технологик қурилма ва ускуналарнинг узоқ муддат сифатли ва самарали ишлашини таъминлаш учун хизмат қилади.

Маълумот ўрнида, корхонада йилига 3,9 млрд куб метргача табиий газни қайта ишлаб, 3,5 млрд куб метр товар гази, 125 минг тоннадан ортиқ полиэтилен грануласи, 100 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ, 100 минг тоннадан ортиқ газ конденсати, 1,5 минг тонна олтингугурт грануласи, 200 минг квадрат метр алюмин композитли панеллар, 4,5 минг тоннадан ортиқ тайёр полиэтилен маҳсулотлари, шу жамладан, 3300 тоннадан ортиқ полиэтилен қувурлар, 1000 тоннадан ортиқ полиэтилен шланглар, уловчи қисм (фитинг)лар, томчилаб суғориш тизимлари ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид