Россия ТИВ Тошкент мактабидаги воқеага муносабат билдирди, Алишер Қодиров буни «ички ишларга аралашиш» деб баҳолади
Мария Захарованинг айтишича, Чилонзор туманидаги мактабда рус тили ўқитувчиси 6-синф ўқувчисини ургани юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистондан «расмий тушунтириш» сўраган. Миллий тикланиш партияси раиси Россия томонига «муаммоларга тўла ўз ишлари билан шуғулланиш»ни тавсия қилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаровадан 25 сентябр кунги брифингда Тошкент шаҳридаги 188-мактабда «рус тилида сўзлашувчи ўқувчи билан рўй берган» ҳолат ҳақида сўралди.
«Ролик бола учун қайғуриш ва ҳамдардлик уйғотмай қолмайди.
Биз Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўрадик.
Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Изчил чора-тадбирлар кўриш, жумладан, кўп асрлик алоқаларимизда рус тили қўлланилишининг фойдали таъсирини жамоатчиликка эслатиш, маданий-маърифий, илмий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўзаро бойитиш керак», — деган у.
Ўзбекистон томонидан ОАВдаги материалларга ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосли бўлса, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан зудлик билан чора кўриш сўралган. Бу масала диққат билан кузатиб борилаётгани таъкидланган.
26 сентябр куни Миллий тикланиш партияси раиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ўз телеграм-каналида Россия ТИВ баёнотига муносабат билдирди.
У бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилгани ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилишини эслатган.
«Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса, тўғри бўлар эди. Текис жойда тўполондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди деган хулосага эртароқ шекилли», — дейди Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, 25 сентябр куни ижтимоий тармоқларда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, бу ҳолат 23 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабдаги рус тили дарсида рўй берган.
Боланинг ота-онаси можарога ўқувчи дарс ўзбек тилида олиб борилганига эътироз билдиргани сабаб бўлгани ҳақида айтган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳолат юзасидан суриштирув ишларини бошлаган. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам бу ишни қоралаган. «Таълим муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик, номуносиб муомилага йўл қўяётган шахслар нафақат лавозимидан ёки вазифасидан озод этилиши, балки ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун доирасидаги тегишли жавобгарликка тортилиши шарт», — дея ёзган у.
Алишер Қодиров ҳам ўқитувчи биринчи иш кунидаёқ ўқувчини калтаклаганига муносабат билдириб, педагогларнинг малака даражаси ва психологик ҳолати тезкор, жиддий ва шаффоф таҳлил қилиниши кераклигини айтди.
«Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги рангли статистика ва жарангдор хорижий тажрибалардан олинган хулосалар билан жамоатчиликни овутиш йўлидан воз кечиб, аллақачон келажакка тузатиб бўлмас зарар бераётган тарбиячи ва ўқитувчиларни танлаш, самарали ишлаш учун шароит ва фаолиятни тўғри баҳолаш масалаларида “бақириб ётган” муаммоларни кўриши ва ечим бериши керак», деганди партия етакчиси.
Мавзуга оид
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
16:06 / 11.12.2024
Форишда 64 ёшли эркак ўқитувчи вояга етмаган ўқувчи қизга шилқимлик қилди
22:11 / 04.12.2024
Малта ЕХҲТ билан учрашувдан олдин Мария Захарованинг визасини бекор қилди
14:47 / 04.12.2024