Ўзбекистон | 11:34 / 28.08.2021
49465
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камбағалликнинг расмий чегараси белгиланди

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланилади. Шу йил май ойида минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўм этиб белгиланганди.

“Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга кўра, минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик мезони (ёки чегараси) сифатида фойдаланилади.

2022 йилдан бошлаб, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб эътироф этиш жараёнида қўлланадиган ва жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилади.

Ҳар йили август ойигача минимал истеъмол харажатлари қийматининг прогноз параметрлари инфляция кутилмаларидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Минимал истеъмол харажатлари ва камбағаллик даражаси ҳар йилги ҳисобот йилида инфляция даражасидан келиб чиқиб, кейинги йилнинг 20 январига қадар эълон қилиб борилади.

Минимал истеъмол харажатлари таркиби камида ҳар 5 йилда қайта кўриб чиқилади.

Қарор билан аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қиймати ва камбағаллик чегарасини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 майида минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўм этиб белгиланганди. Бу қиймат ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига моддий кўмак беришда муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланганди.

Мавзуга оид