Ўзбекистон | 14:40 / 24.08.2018
110181
2 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan автомобиллар сотувини қайта йўлга қўйди. Нархлар ўртача 7,7 фоизга ошди

Фото: KUN.UZ

Мамлакат ҳукумати кўмагида вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар иштирокида аҳоли фикр ва мулоҳазаларини таҳлил қилиб, «Ўзавтосаноат» АК нарх шаклланиши принциплари ва ишлаб чиқарилаётган автомобилларга нархлар ҳисоблашдаги асосларни ўрганиб чиқди. Бу ҳақда GM Uzbekistan матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, таҳлил натижаларига кўра, ишлаб чиқарилаётган алоҳида моделдаги автомобиллар чакана нархларини 7,7 фоизга ошириш лозимлиги ҳақидаги қарорга келинган.

Шу билан бирга, «Спарк», «Нексия» ва «Кобальт» каби аҳоли ўртасида бирмунча харидоргир бўлган моделлар чакана нархи ўзгаришсиз қолдирилган.

Билдирилишича, ушбу қарорни қабул қилишда «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖнинг оғир молиявий ҳолати ва айрим автомобиль моделлари ишлаб чиқаришнинг норентабеллиги эътиборга олинган. Бироқ, таъкидланишича, акциз солиғи ставкаларини оптималлаштириш ва дилерлик маржасини камайтириш ҳисобидан нархларнинг кескин ўсишига йўл қўйилмаган.

Таъкидланишича, автомобиллар учун чакана нархлар ва акциз солиғи ставкалари сақлаб қолинганида, компания ва асосий акциядор бўлган давлат 2018 йил якунлари бўйича катта йўқотишларга учраши мумкин эди. Бу келгусида оддий солиқ тўловчиларга, машина сотиб олмаган тақдирда ҳам оғир юк бўлиб тушарди.

Хабарда айтилишича, 2018 йил 1 августгача тузилган, жисмоний шахслар томонидан камида 85 фоиз ва юридик шахслар томонидан 100 фоизлик тўловлар амалга оширилган шартномалар бўйича автомобиллар етказиб бериш шартномада кўрсатилган нархлар ва шартлар асосида амалга оширилади.

Мавзуга оид