Ўзбекистон | 16:34 / 13.08.2020
9858
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек ихтирочилари ёпиқ биноларда ҳавони вируслардан тозаловчи қурилма устида ишламоқда

Коронавирусни ҳам ўлдирувчи бу қурилма бир нечта синовлардан ўтказилмоқда. Ҳозир ихтиро рўйхатдан ўтказилган ва патент олиш учун ҳужжатлар топширилган.

Биз ихтиро муаллифларидан бири – Тошкент шаҳри Чилонзор тумани СЭОМ муҳандиси Олимжон Юсупов билан суҳбатлашдик.

– Олимжон ака, қурилманинг иш принципи ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Мазкур қурилмамиз ёпиқ иншоотлар ҳавосидаги турли микроорганизмлар ва вирусларни зарарсизлантирувчи универсал қурилма ҳисобланади. Айни пайтдаги аҳамияти шундаки, у коронавирусга қарши ҳам самарали таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари:

– хавфли патоген вируслар, микроблар, энтеробактериялар, стафилококклар, моғор ва бошқа турдаги биологик ва инфекцион характердаги микроорганизмларни қиради;

– кимёвий бирикмалар: аммиак, дори ва дезинфекцияловчи воситалар, фенол, формальдегид, ацетонли бирикмалар (тутун), азот оксидлари ва бошқа органик асосли моддаларни тутиб қолади;

– Ҳавони кимёвий, биологик, механик жараёнлардан чиққан ҳидлардан, чанг, аэрозоллар, замбуруғлардан тозалайди.

Иш принципи энг замонавий технологияларга асосланган ва ҳавони хавфсиз тарзда тозалайди. Механик, электростатик, фотокаталитик ва хемосорбцион универсал фильтрлар юқори самарадорликни таъминлайди.

– Бу қурилмадан қаерларда фойдаланиш мўлжалланган?

– Унинг қўлланиш доираси жуда кенг. Шифохоналар қабулхоналарида, палаталарда, йўлакларда ва умуман касаллик тарқалиши мумкин бўлган, одамлар гавжум бўладиган барча биноларда фойдаланиш мумкин.

Фаол фильтрларда барча патоген микроорганизмлар тутиб қолинади ва ўлдирилади. Бу зарарли микрофлоранинг хоналар ичида тарқалишининг олдини олади. Муҳими, қурилма фойдаланишга қулай ва портатив. Бемалол кўтариб юриб, керакли жойга ўрнатиб ишлатилаверади. Алоҳида қўлланмаларга ҳожат йўқ.

Айни пайтда қурилмамиз бир банкда, тез тиббий ёрдам машинасида, лабораториялар ва қатор идораларда фойдаланиляпти.

– Тадқиқотлар қачон ва қандай шароитда олиб борилган?

Жорий йилнинг 31 мартида бу технология стерил бактериологик лабораторияда синаб кўрилди ва 15 дақиқа давомида ҳавода сузиб юрган 80 мингдан ортиқ бактерия ва микроблар тутиб қолинди.

2020 йилнинг 9 апрелида бу кўрсаткич 100 мингтага чиқди.

2020 йилнинг 20 апрелида Гематология илмий текшириш институти ва вирусология лабораториясида ижобий натижалар олинди.

Бундан ташқари, қурилма орқали инактивация қилинган ҳаво инсон организмига ижобий таъсир кўрсатиши аниқланди. Асаб, қон айланиши тизими, нафас олиш, моддалар алмашинуви, тана ҳароратига ижобий таъсири ўрганилди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид