Япония дунёда биринчи бўлиб ёғоч сунъий йўлдошни коинотга учирди
Сунъий йўлдош “қайта тикланадиган материалнинг космик имкониятларини” намойиш этиши керак. У орбитада 6 ой қолади.
Япониялик олимлар дунёдаги биринчи ёғоч сунъий йўлдошни ишлаб чиқди ҳамда Американинг SpaceX компанияси миссияси доирасида уни коинотга учирди, деб хабар бермоқда Reuters.
Киото университети ва Sumitomo Forestry қурилиш компанияси томонидан ишлаб чиқилган LignoSat ёғоч сунъий йўлдоши Халқаро космик станцияга етказиб берилади ва Ердан тахминан 400 километр баландликда орбитага чиқарилади.
LignoSat Японияда ўсадиган магнолия турларидан бирининг ёғочидан тайёрланган — ундан анъанавий тарзда қилич қинлари ясашда фойдаланилади. Кафтдек келадиган сунъий йўлдош Ой ва Марсни ўрганишда “қайта тикланадиган материалнинг космик имкониятларини” намойиш этишга мўлжалланган.
“Ўзимиз ишлаб чиқарадиган ёғоч материаллар ёрдамида коинотда уй қуриш, яшаш ва ишлаш имкониятига эга бўламиз”, — деб таъкидлади Киото университети астронавти ва тадқиқотчиси Такао Дои. Унинг жамоаси келгуси 50 йил ичида Ой ва Марсда дарахт ўтқазиш ҳамда ёғоч уйлар қуришни режалаштирмоқда.
Коинотда ёғоч Ердагига қараганда узоқроқ сақланади, чунки у ерда сув ва кислород йўқ. Олимларнинг таъкидлашича, LignoSat хизмат муддати тугагандан кейин ҳам атроф-муҳитни камроқ ифлослантиради: анъанавий металл сунъий йўлдошлар атмосферага қайтганда алюминий оксиди зарраларини ҳосил қилади.
Аппарат 10 сантиметр ўлчамли, 4-5,5 миллиметр қалинликдаги деворлардан ташкил топган куб шаклида бўлиб, унинг оғирлиги бир килограммни ташкил этади.
LignoSat орбитада олти ой қолади, ундаги электрон таркибий қисмлар эса ёғочнинг коинотдаги оғир шароитларга чидамлилигини ўлчаб боради.
Мавзуга оид
22:37 / 04.11.2024
Япония ҳарбий алоқа сунъий йўлдошини орбитага чиқарди
19:45 / 04.11.2024
“Сунъий йўлдош учириш 1 ҳафтада амалга ошадиган иш эмас” – “Ўзбеккосмос”
17:36 / 04.11.2024
Британиялик олимлар “асаб тизими”га эга дронларни синовдан ўтказмоқда
22:55 / 02.11.2024