Ўзбекистон | 14:52 / 11.10.2021
12172
2 дақиқада ўқилади

Янги Ўзбекистон массивлари қурилади - Шавкат Мирзиёев 

Жорий йилдан бошлаб Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Жорий йилдан бошлаб, “Боғдод тажрибаси” асосида уй-жойлар, ишлаб чиқариш, саноат ва ижтимоий инфраструктура объектларини ўз ичига олган Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади.

Биринчи босқичда вилоятнинг Чироқчи, Шаҳрисабз ва Косон туманларида, иккинчи босқичда Яккабоғ, Қарши ва Ғузор туманларида эҳтиёжга қараб қурилишлар давом этади. Янги массивлар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан тайёр ҳолда фойдаланишга топширилади. 

Аҳолини доимий иш билан таъминлаш мақсадида массивлар ҳудудида 7 та кичик саноат зоналари ташкил этилади. Ҳар бир массивда 20 гектардан иборат “Ёшлар иссиқхона мажмуа”лари қурилиб, у ердаги 14 минг оилага 10 сотихдан тақсимлаб берилади.

Шунингдек, Қарши ва Чироқчи туманларининг 5 минг гектар қир-адирларида “Янги Ўзбекистон массиви” барпо этилиб, 8 минг квартирали 300 та кўп қаватли уй, мактаб, боғча, шифохона, савдо маркази ва бошқа объектлар қурилади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда вилоятда жами 30 минг квартирали қарийб 1 мингта кўп қаватли уйлар ва 2,5 мингта якка тартибдаги уйлар барпо этилади

Бундан ташқари, 6 минг километр электр узатиш тармоқлари, 1,7 минг дона трансформатор ва 13 та подстанцияда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилади. Натижада 729 та маҳалладаги 319 минг аҳолининг электр энергия таъминоти яхшиланади”, деди президентликка номзод.

Мавзуга оид