Танзила Норбоева газ ва электр муаммоси тезда ўрганиб чиқилишига ваъда берди
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтаётган тўққизинчи ялпи мажлис вақтида ижтимоий тармоқда газ ва электр энергияси муаммосига эътибор қаратишни сўраб ёзилган изоҳларга ҳам тўхталди.
«Мен ўзим ҳозир ўтириб йиғилишни олиб боряпман, сизларниям эшитяпман ва ҳам йиғилишга нисбатан одамларнинг муносабатини ўқияпман.
Мана ҳозир онлайн берилаётгани учун минглаб фойдаланувчилар газ ва электр энергияси муаммосини қачон ҳал қиласизлар, деган саволлар билан бизга мурожаат қилишяпти.
Бу ерда «камбағалликни қисқартира олмаяпти, ошиб кетяпти», деган гаплар ҳам бор. Бу бўйича алоҳида тушунтириш ўтказишимиз керак.
«Электр йўқ, газ йўқ», ёзилаётган қанча савол бўлса шуларнинг ҳаммаси бир хил мазмунда. «Сизлар блогерлар ва халқнинг танқидларига ҳам эътибор берасизларми, халқни эшитасизларми?», дея савол беришяпти.
Албатта кузатамиз. Шу ерда ўтириб ҳам юзлаб, минглаб изоҳларни ўқиб ўтирибмиз.
Мен сизларга ваъда бераман, бизнинг тегишли қўмитамиз – Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мана шу масалани махсус ўрганиб чиқади», дея Сенат раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Танзила Норбоева Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоевга шу масалада тез кунларда танқидий йиғилиш ўтказиш вазифасини юклаган.
«Сенат ва қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида шу масала бўйича вазирларнинг ҳисоботларини эшитамиз. Нима учун президент ислоҳотлари жойларга етиб бормаяпти?
Мана шу саволга жавоб олишимиз керак. Мутасаддилар жавоб берсин. Маблағдан муаммо йўқ-ку? Ҳеч қандай муаммо йўқ. Нега у (газ ва электр энергияси) жойларга етиб бормаяпти? Нима учун халқ биздан норози? Биз буни тез кунларда кўриб чиқамиз. Биз ялпи мажлисни ҳам кутиб ўтирмаймиз, тезда ахборот берамиз. Давлат раҳбарига албатта бу масала бўйича ахборот берамиз», деган у.
Бундан аввалроқ Kun.uz сайтида айни пайтда онлайн эфирга узатилаётган ушбу йиғилиш эфири остида тармоқ фойдаланувчилари томонидан ёзилаётган изоҳлар бўйича хабар берилган эди.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024