Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистондан илк бор хусусий шахмат жамоаси жаҳон гигантларига қарши ярим миллион евролик турнирда иштирок этади
Сўнгги йилларда Ўзбекистон жаҳон шахмат харитасида энг тез ривожланаётган давлатлардан бири сифатида тилга олинмоқда. 2022 йилда Ченнайда бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги тарихий ғалаба, ёш гроссмейстерлар авлодининг порлаши Нодирбек Абдусатторовнинг жаҳон чемпиони бўлиши, Жавоҳир Синдаровнинг даъвогарлар турнирида ғалаба қозониб, Жаҳон шахмат тожи учун баҳс олиб бориш имкониятини қўлга киритиши каби муваффақиятлар мамлакатни “янги шахмат державаси” сифатида намоён этди. Эндиликда эса бу жараён янги босқичга чиқмоқда — 12 йиллик тарихга эга Sky Chess клуби илк бор хусусий клуб сифатида жамоавий жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда.
16–22 июнь кунлари Ҳонконгда ўтадиган FIDE World Team Rapid & Blitz Chess Championships 2026 турнирида “Sky Chess Team” номи остидаги жамоа дунёнинг энг кучли клуб ва жамоалари қаторида дона суради. Энг муҳими, бу оддий иштирок эмас — жамоа Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Алиризо Фирузжа ва Вишванатан Ананд каби афсоналар қатнашадиган майдонда Ўзбекистон номидан қатнашади.
Ўзбекистон терма жамоаси халқаро мусобақаларда иштирок этиб келган ва бу йил ҳам алоҳида таркиб билан мусобақада қатнашади. Иккинчи жамоамиз эса илк бор халқаро майдонда иштирок этаётган “Sky Chess Team” хусусий шахмат клуби. Жамоада Ҳулкар ва Гулрухбегим Тоҳиржонова каби ўзбекистонлик шахматчилардан ташқари АҚШ ва Арманистондан ҳам легионер аъзолар бор.
“Sky Chess Team” айнан шу жиҳати билан муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Клуб хусусий ташаббус, ҳомийлар кўмаги ва халқаро таркиб асосида жамоавий жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Таркибда Ўзбекистон, Арманистон ва АҚШ вакиллари жамланган.
Мутахассислар фикрича, бу ташаббус Ўзбекистонда шахмат инфратузилмаси давлат тизимидан ташқарида ҳам профессионал даражада ривожланаётганини англатади. Бу эса мамлакатнинг глобал шахмат экотизимидаги ўрнини янада мустаҳкамлаши мумкин.
Бу жараён фонида Самарқандда ўтиши режалаштирилаётган 2026 йилги Олимпиада Ўзбекистонни глобал шахмат марказларидан бирига айлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида кўрилмоқда. “Sky Chess Team”нинг пайдо бўлиши эса айнан шундай катта трансформациянинг давоми сифатида баҳоланмоқда.
Жамоанинг энг катта эътибор марказидаги вакилларидан бири — 17 ёшли Муҳаммадзоҳид Суяровдир. У 2026 йилда Ўзбекистоннинг 31-гроссмейстери сифатида тарихга кирган эди. Ёш бўлишига қарамай, у аллақачон Осиё чемпионлиги, Ўзбекистоннинг рапид ва блиц йўналишидаги чемпионлиги каби ютуқларга эришган.
Мутахассислар Суяровни “ўзбек шахматининг янги тўлқини” рамзи сифатида тилга олишмоқда. Ҳонконгдаги турнир эса унинг фаолиятидаги энг йирик синовлардан бири бўлади.
“Sky Chess Team”нинг энг эътиборга молик жиҳатларидан бири — таркибнинг бир қисми легионерлардан иборат эканлигидадир. Жамоада америкалик гроссмейстер Эндрю Ҳонг, шунингдек арманистонлик гроссмейстерлар Арам Хакобян ва Шант Саргсян ҳам дона суради.
Бу ҳолат спорт дипломатиясининг замонавий кўриниши сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, Арманистон ва Ўзбекистон гроссмейстерларининг бир жамоада бирлашиши шахматнинг миллатлараро интеллектуал кўприк вазифасини ўтаётганини намойиш этади.
25 ёшли Арам Хакобян халқаро майдонда танилган арманистонлик гроссмейстерлардан бири ҳисобланади. Шант Саргсян эса Европа жамоавий чемпионатлари тажрибасига эга кучли гроссмейстер саналади.
АҚШ вакили Эндрю Ҳонгнинг ўзбек клуби сафида ҳаракат қилаётгани ҳам халқаро медиа учун ноодатий воқеа сифатида кўрилмоқда.
Аёллар шахмати вакиллари ҳам таркибда
Жамоа таркибида Ўзбекистон аёллар шахматининг таниқли вакиллари — опа сингиллар — Ҳулкар ва Гулрухбегим Тоҳиржонова ҳам бор. Гулрухбегим Тоҳиржонова икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлиб, Олимпиада бронза медали совриндори ҳисобланади.
ФИДЕ регламентига кўра, аёл шахматчи иштироки мажбурий бўлгани учун жамоа гендер балансига ҳам эътибор қаратган.
Ҳонконгдаги мусобақа жаҳон шахматидаги энг нуфузли жамоавий турнирлардан бири ҳисобланади. Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 500 минг еврони ташкил этади.
Турнирда амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен бошчилигидаги жамоалар, шунингдек Каруана, Фирузжа ва Вишванатан Ананд каби афсоналар иштирок этади. Ана шундай кучли таркиб орасида Sky Chess Team’нинг хусусий клуб сифатида иштирок этиши Ўзбекистон шахматида янги модель шаклланаётганини кўрсатади.
“Sky Chess Team”нинг жаҳон саҳнасига чиқиши iHamkor, Eight Media Maker ва Eman Group ҳомийлиги ҳамда қўллаб-қувватлови билан амалга оширилмоқда.
iHamkor асосчиси Аскар Исмаиловнинг таъкидлашича, шахмат ва бизнес ўртасида муҳим ўхшашлик бор: ҳар иккисида ҳам қарорлар тўлиқ маълумот мавжуд бўлмаган шароитда қабул қилинади. Шу боис компания учун шахматни қўллаб-қувватлаш табиий танлов бўлган.
“Ўзбекистонда интеллектуал спорт узоқ вақт давлатга таяниб ривожланди. “Sky Chess” хусусий академия сифатида жаҳон чемпионати даражасига чиққан илк лойиҳалардан бири. Биз бундай ташаббуслар кўпайиши керак, деб ҳисоблаймиз”, — дейди Аскар Исмаилов.
Маълумот учун, iHamkor — тадбиркорлик субъектлари учун яратилган рақамли платформа бўлиб, компаниялар, бозорлар ва контрагентлар ҳақида ишончли маълумотларни тақдим этади. Тизим бизнес вакилларига ҳамкорларни текшириш, соҳаларни таҳлил қилиш ва молиявий таваккалчиликларни камайтиришга ёрдам беради.