Ўзбекистон | 17:32 / 22.05.2024
22238
3 дақиқада ўқилади

Сут етиштирувчи тадбиркорлар нимадан хавотирда?

Тадбиркорлар соҳа қийин аҳволда қолгани, давлатнинг қўллови тадбиркорларгача етиб бормаётгани, сутнинг улгуржи нархи тушиб кетгани, тартибли тизимнинг йўқлиги, бюрократия ва бошқа қатор ноқулайликлар ортидан соҳа жар ёқасига келиб қолганини айтишди. 

Фото: UNDP

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан ташкил этилган онлайн мулоқотда, сут етиштирувчи тадбиркорлар солиққа тортиш, ерга эгалик ва бюрократия билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганликларини айтишди. Сутчи фермерларнинг сўзларига кўра, уларнниг вақти кўпроқ ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишга кетяпти.

Қизиғи шундаки, қўмита раиси ўринбосари савол ва талабларга жавоб қайтарар экан, йиғилганлардан уни видеотасвирга олмасликни сўради.

Тилга олинган муаммолар қаторида чорвадорлар чорвачиликни ривожлантириш учун кўрилаётган чора-тадбирлар етарли эмаслиги, соҳа замонга, бозор тамойилларига мос фундаментал тадбирларга муҳтож эканини қайд этишди.

Шунингдек, иқтисодий қийинчиликлар сабабли кўплаб фермерлар бир бош қорамол учун лозим бўлган ер нормативларига мос равишда ерга эга бўлолмаётганликларини, бозор муносабатларига тугал ўтиш йўлида тўсиқлар борлигини, тадбиркор ишига бюрократик аралашув йўллари ҳамон мавжудлиги, натижа ўлароқ фермерлар расмиятчилик ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари билан овора бўлиб қолаётганларини айтишди.

Давлат томонидан соҳани субсидиялаш чоралари етарли эмаслиги натижасида ўзбек фермери чет эл фермерлари – ўз давлатидан катта субсидиялар оладиган чорвадорлар билан ўз юртида рақобатда ютқазаётгани, давлат субсидиясини олиш масаласи бюрократ иродасига (қўл қўйиш-қўймаслигига) боғлиқ бўлиб қолаётгани, субсидия олиш жараёни тезда, инсон факторисиз амалга ошиши лозимлиги таъкидланди.

Пахта ва буғдойга ихтисослашган фермерлардан фарқли ўлароқ, чорвадорлар учун электр энергияси истеъмоли учун компенсациялар жорий қилинмаган. Шунингдек, маҳаллий ҳокимлар томонидан чорвадорларнинг ўзларига ажратиб берилган ерда пахта ва буғдой етиштиришга мажбурланаётган ҳолатлар ҳам бор.

Фермерларни ноқонуний равишда қўшимча ишчи олишга мажбурлаб, ҳисобот «яхшиланаётгани» ва «солиқ йиғиш муаммоси ҳал қилинаётгани», бундай ҳолатлар ҳатто фермерга айтилмасдан қилинаётгани ҳам тилга олиб ўтилди.

Тадбиркорлар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан фермерлар ўртасида конструктив алоқа йўлга қўйилмагани, чорва юқумли касалликлари мамлакатга кириб келишининг олдини олиш чоралари кучайтирилиши лозимлигини айтишди.

Шокир Шарипов тайёрлади.

Мавзуга оид