Ўзбекистон | 17:17 / 24.01.2022
57417
3 дақиқада ўқилади

Коррупцион ҳолат тасдиқланди. Фирдавс Абдухолиқов ишини Бош прокуратура ўрганади

Кинематография агентлиги шартномалар тузишда ва давлат субсидияси маблағларини тақсимлашда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани тасдиқланди. Бу ҳақда Kun.uz'даги мақоладан кейин текширув бошлаган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Kun.uz'да эълон қилинган “Сабрия” машмашаси: сериалдаги беҳаё саҳна мавзуси Фирдавс Абдухолиқов шахсига уланиб кетди” сарлавҳали мақоладаги фактларни ўрганиш бўйича хулосаларини эълон қилди.

Ўрганишлар давомида Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов ва “Sevimli” телеканали ўртасида манфаатлар тўқнашуви ҳолати тасдиқланган.

Таъкидланишича, Кинематография агентлиги директори ва бир вақтнинг ўзида субсидия маблағларини тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга Бадиий кенгаш раиси – Фирдавс Абдухолиқов субсидия маблағларининг тақсимланиши ва контрагентни танлаш жараёнида яқин қариндошлари бенефициар бўлган “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ (таъсисчилари: Шарапова Ф.С. – Ф.Абдухолиқовнинг турмуш ўртоғи 70%, Рашидова А.Ф. – Ф.Абдухолиқовнинг қизи 20%, Абдухолиқов А.Ф. – Ф.Абдухолиқовнинг ўғли – 10%) билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлса-да, бу ҳолатни бартараф қилиш чораларини кўрмасдан, мазкур жамият манфаатларини ёқлаб овоз беришда ва қарорлар қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этган.

“Масалан, 2021 йилнинг ўзида Кинематография агентлиги томонидан берилган давлат буюртмалари асосида “Sevimli” телеканали иштирокида “Орзулар палатаси” ва “Тузоқ” сериаллари суратга олинган.

Жумладан, 2021 йилнинг 22 февраль куни Кинематография агентлиги, “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ ҳамда "MY-FILMS” МЧЖ ўртасида “Орзулар палатаси” миллий сериалини суратга олиш мақсадида қиймати 3,0 млрд сўмлик шартнома имзоланиб, Кинематография агентлиги томонидан 1,5 млрд сўм пул маблағлари “MY-FILMS” МЧЖ ҳисобрақамига ўтказиб берилган.

Бундан ташқари, Кинематография агентлиги ва “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ ўртасида “Тузоқ” миллий сериалини суратга олиш учун 2021 йилнинг 18 май куни жами қиймати 1,8 млрд.сўмлик икки томонлама шартнома (dxarid.uz тўғридан тўғри шартнома орқали) имзоланган ва 1,8 млрд сўм пул маблағлари жамият ҳисобрақамига ўтказиб берилган.

Шунга кўра, мазкур ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Ф.Ф.Абдухолиқов яқин қариндошлари таъсисчилигидаги МЧЖнинг манфаатларини кўзлаб, давлат бюджетидан жуда кўп миқдордаги пул маблағларининг ажратилишига эришиб, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган”, дейилади хулосада.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатларни қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборган.

Мавзуга оид