“Мақсадим пул эмас, болаларга ёрдам бериш” – гапириш ва эшитишда нуқсони бор болалар учун роботлар ясаётган ўзбек йигити
Нутқида ва эшитишда нуқсони болаларга ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилган Нодир Камолов тили чучук болаларнинг гапиришига ёрдам берувчи роботлар сериясини кашф қилган. Бироқ ёш ихтирочи Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон шароитида робототехникадан даромад кўриш қийин эканлигини айтди. “Чунки бу йўналишда буюртма олувчилар йўқ”, — деди у.
Нодир Камолов 29 ёшда. У Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида таҳсил олган. Ҳозирда мазкур таълим даргоҳининг докторантурасида изланишларини давом эттирмоқда. Ўзбек тилида сўзлашувчи роботлар устида тадқиқотлар олиб боради. Шу билан бирга Ал-Хоразмий номидаги Тошкент давлат ахборот технологиялари университетида матбуот котиби сифатида ишлаб келади.
“Эшитиш ва гапиришда нуқсони бор болаларга ёрдам бериш робототехник бўлишга ундади”
6 йилдан буён ўзбек тилида сўзлашувчи роботлар бўйича изланишлар ўтказаман. Бир неча йил аввал эшитиш ва нутқида нуқсони бор болаларга мўлжалланган Олмазор туманидаги бир мактабга тадбирга борганимда ўша ердаги болаларни кузатиб, уларга ёрдам беришни ўз олдимга мақсад қилган эдим. Шундан сўнг тили чучук болаларнинг гапиришига кўмаклашадиган роботларни ихтиро қилиш бўйича чуқурроқ излана бошладим. Ҳозиргача “Nodbot” деб номланувчи роботлар сериясини ихтиро қилдим, унинг 3 та русуми ишлаб чиқилган.
“Nodbot” нинг сўнгги модели мактаб ёшидаги болалар билан ўзбек тилида сўзлашади. Ушбу роботни эшитиш қобилиятида нуқсони бор болаларга кохлеар имплантация амалиётини бажаргандан кейинги реабилитация жараёнида ҳам қўллаш мумкин. “Nodbot”нинг 3 версияси логопед томонидан ўтказиладиган машғулотлар ўрнини муайян даражада боса олади. Робот билан мулоқот геймификация (компьютер ўйинларига хос бўлган техник ёндашувлар) кўринишида бўлгани учун боладаги реабилитация жараёни одатдагидан кўра тезроқ кечади.
Бу роботимизга 1200 доллардан ошиқроқ харажат қилдик. Унга ўзбекча сўзлар, ҳатто мураккаб жумлалар ҳам киритилган. Маълумки, Google, Яндекс хизматлари ўзбек тилидаги ғ, ҳ, қ товушларини қабул қилолмайди, лекин бу робот дастурига айни шу ҳарфлар ҳам жойлаштирилган.
Робототехникада даромад юқори, бироқ…
Соҳада даромад топиш дунё миқёсида яхши, аммо республикамиз доирасида сал қийинроқ масала. Ўзим ҳам бу соҳада даромад учун фаолият юритмайман, робототехника йўналишида ёшларга ёрдам бериш, талаффузида нуқсони бор болаларга кўмаклашишга ҳаракат қиламан, яъни маблағ топиш асосий ҳаракат ричаги эмас.
Ҳозирча соҳадаги даромад миқдори нисбий: ойига 2 млн ҳам ёки 200 млн ҳам топиш мумкин. Кўпроқ пул ишлаш учун мутахассис роботларни ўзи ихтиро қилиши ва ўша ихтироси қаердадир қўлланиши керак. Агар ихтиро ҳақиқатан бирор корхона, завод ёки ташкилотдаги жараёнларни автоматлаштирса, ўша жойдаги ишларнинг тез ва осон ҳал қилинишига ҳисса қўша олсагина, яхши ҳомийлар чиқади ва стартапларни молиялаштиради. Бирор корхонанинг ходими сифатида ишлаш ҳисобида айтадиган бўлсак, ўртача маош 5 млн сўм атрофида бўлади.
Талабгир робототехник бўлиш учун бир қанча соҳаларни яхши билиш талаб этилади, хусусан, дастурлаш, схемо-техника, робот-дизайн сингари йўналишлардаги билимларни пухта ўзлаштириш зарур. Робототехниканинг қийин томони ҳам шу: бир вақтнинг ўзида бир нечта соҳада ўз ишининг устаси бўлиш лозим.
Соҳани ривожлантириш учун автоматлаштиришга эҳтиёж етарли бўлиши керак
Бизда айнан робототехника бўйича катта буюртмалар оладиган марказлар йўқ. Соҳанинг мамлакат миқёсида тез суръатларда ривожланиши учун йирик завод-фабрикалар қуриш керак. Ўзбекистонда талабалар, мактаб ўқувчилари ясаётган роботлар ҳали дунёдаги тараққий топган бошқа давлатлар роботлари билан рақобатлаша олмайди, сабаби улар ишлатаётган хомашёлар оддий (нодир хомашёлар катта маблағ талаб этади), ясаган роботларининг интеллект даражаси пастроқ. АҚШ, Япония, Хитой, Жанубий Корея сингари давлатларда робототехника яхши ривожланган, улкан завод-фабрикалар бор, соҳага катта инвестиция киритилади. Аммо уларда ҳам ривожланиш тезда бўлиб қолгани йўқ, ушбу мамлакатларда бир неча ўн йиллардан бери шу соҳада тадқиқотлар ўтказилади. Мисол учун, Японияда робот-гиргиттонлар бор, курерларнику айтмаса ҳам бўлади, бу нарса мижозларга ҳам завқ бағишлайди.
Тиббиёт соҳасида операция жараёнларида роботлардан фойдаланиляпти, бу самарадорликни оширади, сабаби роботларда аниқлик кучли бўлади. Хитойда ҳатто пардоз қилиб қўядиган роботлар ҳам бор. Бундай ихтиролар вақтни тежайди, одам 1 соатда қиладиган ишни 20 дақиқада бажариб тугатади. Мамлакатимизда роботлаштиришга эҳтиёж туғилса, бу соҳа тезроқ ривожланади.
Сохта “олим”лар
Олий мақсадим – академик бўлиш. Ҳозирги вақтгача республика ва халқаро миқёсидаги турли журналларда 20 дан зиёд илмий мақолалар чиқарганман. Илмий изланишлар ҳақида қисқача тўхталмоқчиман – биздаги олимлар анча камтар, қилган ишларини кўрсатиб, етарлича пиар қилишмайди. Ташқаридаги одамлар уларнинг нима иш билан шуғулланаётгани, қандай янгиликларни ишлаб чиқишаётганини билишмайди. Фикримча, олимларимиз оммавий ахборот воситаларида турли видеочиқишлар билан қилаётган ишларини кўрсатишлари керак. Шунда илм соҳасига ёшларда ҳам қизиқиш кўпроқ ортарди.
Тан олиш керак, илмий соҳада бир қанча оғриқли нуқталаримиз бор. Сўнгги вақтларда илмий даражага эришиш учун турли ғирром йўллардан фойдаланиш ҳолатлари кўп учраб турибди. Хусусан, пулга ёздирилган илмий мақолалар, кўчирилган илмий ишлар ва ҳоказо... Scopus, Elsevier каби йирик халқаро журналларга мамлакатимиздаги баъзи изланувчилар томонидан юборилган илмий мақолалар плагиат бўлиб чиқяпти, бу эса халқаро илм жамиятида ўзбек олимларига нисбатан ҳурмат ва ишончни пасайтиряпти.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Абдуқодир Тўлқинов, Жавоҳир Ғайратов,
Монтаж-устаси: Низомжон Тошпўлатов.
Мавзуга оид
10:50 / 04.12.2024
Олимлар спиртдан ёнилғи оладиган мини-роботларни ихтиро қилди
15:44 / 13.11.2024
АҚШда жарроҳ робот видеога қараб операция қилишни ўрганди
16:03 / 11.11.2024
Хитойдаги дарёда дунёдаги биринчи қутқарувчи робот патруллик қилишни бошлади
21:58 / 25.10.2024