Жаҳон | 16:03 / 11.11.2024
2761
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги дарёда дунёдаги биринчи қутқарувчи робот патруллик қилишни бошлади

Робот сунъий идрок асосида ишлайди, у инсон аралашувисиз кеча-ю кундуз навбатчилик қилиши мумкин.

Фото: Видеодан кадр

Хитойлик олимлар сунъий идрок асосида автоном ишлай оладиган биринчи қутқарувчи роботни яратди. Аппарат Лояна шаҳридаги Лохе дарёсида синовдан ўтказилди, шундан сўнг доимий патрулликни бошлади, деб хабар бермоқда South China Morning Post

Робот катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлай оладиган сунъий идрок тизими томонидан бошқарилади. Бундан ташқари, у инсоннинг назоратисиз кеча-ю кундуз ишлаш имконини берувчи навигация ва кузатув технологиялари билан жиҳозланган.

Хитой илмий академияси вакиллари айтишича, қурилма вазиятни таҳлил қилиб, инсоннинг нима сабабдан сувга тушганини ва унга ёрдам керак ёки йўқлигини аниқлаш имкониятига эга. Роботнинг қутқарув жиҳозлари махсус қалқима ва манипулятор-қўлдан иборат. Улар ёрдамида аппарат мустақил равишда бортга илаша олмаган жабрланувчини сувдан чиқариб олиши мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, одам чўкаётганда овоз чиқармаслиги мумкин, қутқариш учун ҳал қилувчи вақт эса тахминан беш дақиқани ташкил этади. Воқеа жойига одамлардан тезроқ етиб бора оладиган патрул робот ҳаётни сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

Аввал АҚШнинг Техас штатида махсус хизматлар роботи полицияга бўйсунмаган эркакни қалампирли газ билан киберзарарсизлантириб, уни қўлга олишга ёрдам берганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид