Ўзбекистон | 20:17 / 25.11.2020
84441
7 дақиқада ўқилади

Асаджон Ходжаев Kun.uz’ни газ-свет муаммосини ёзгани учун огоҳлантирди. Таҳририят буни босим ўтказиш деб ҳисоблайди

Жойлардаги электр энергияси ва табиий газ билан боғлиқ муаммолар ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган қизиқарли ва танқидий постлар жамланиб, Kun.uz сайтида эълон қилиниши ортидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Ходжаев таҳририятни нохолисликда айблади ва «жиддий ҳуқуқий оқибатлар»дан огоҳлантирди.

Асаджон Ходжаев / Фото: Kun.uz

Ноябр ойидаёқ ҳаво кескин совиб, қорлар ёғиб, Ўзбекистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўлда-жўлда бажарилганини аён қилиб қўйди.

Электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарда авариялар рўй берди ва электр тармоғида узилишлар кузатила бошлади, кўплаб аҳоли пунктларида ток беришга чекловлар жорий этилди.

Албатта, бу одамларнинг кескин норозилигини келтириб чиқара бошлади.

Kun.uz сайти 22 ноябр куни «Халққа свет-газ беринг!» – ижтимоий тармоқларда азалий ва оғриқли мавзу» сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлар жамланган материални эълон қилди.

Мазкур материал юзасидан таҳририятимизга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев томонидан 23 ноябр санаси билан имзоланган огоҳлантириш хати келиб тушди.

Хатда АОКА томонидан Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Дилшод Одилов ва ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг постларидан келтирилган жумлаларга эътироз билдирилади.

«Материалда электр энергия ҳамда табиий газни аҳолига етказиб бериш билан боғлиқ жойлардаги муаммолар бир томонлама ҳиссиётга берилган ҳолда ёритилган», – деб ёзилади огоҳлантириш хатида ва иқтибос келтирилади.

«Таҳририят материалда мамлакатда табиий газ қазиб олишнинг пасайиш сабаблари, ҳукумат томонидан аҳолига электр ҳамда табиий газ ва суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга, хусусан, ёқилғи энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги қатор ислоҳотларга атрофлича тўхталмаган», – деб ёзилади хатда.

Материалда келтирилган пост матнида ҳукумат ҳақида гап бормаган бўлса ҳам, «Ўзбекистон ҳукумати аҳолига нисбатан жиноят содир қилаётганликда айбланган», дея таъкидлаган АОКА раҳбари ўз хатида.

Аслида, материал энергия ташувчилар билан таъминлаш тизимида юзага келган муаммоларга одамлар қандай реакция билдираётгани ҳақида эди. Унда ҳукуматни айблаш мақсад қилинмаган. Материалдан, ОАВга хос равишда, воқеликни – бу ўринда ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан билдираётган фикр-мулоҳазаларни борича кўрсатиб бериш кўзланган.

Бутун республика бўйлаб электр энергияси бот-бот ва соатлаб узиб қўйилаётгани – факт. Буни ижтимоий тармоқлардаги дод-войлар ва таҳририятимизга келаётган минглаб мурожаатлардан ҳам англаса бўлади.

Энди тасаввур қилинг: коронавирус пандемияси ҳали тугагани йўқ, давом этмоқда. Одамларнинг уйида оддий овқат пишириш учун свет ва газ йўқ. Тадбиркорларнинг иши тўхтаб қоляпти, паррандаси, иссиқхонадаги экинлари нобуд бўляпти. Шундай шароитда, ОАВ ёқилғи энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги қатор ислоҳотларга атрофлича тўхталиши керакми?

Ислоҳотларни ўтказишга бевосита масъул идоралар ўз вазифаларини белгиланганидек бажара олмаса ҳам, вазиятни матбуот томонидан ҳаммаси зўр, ҳаммаси жойида деб хаспўшланиши қандай натижага олиб келади? Ҳолва деган билан оғиз чучийдими?

Қолаверса, йил давомида Kun.uz сайтида ёқилғи энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда истеъмол қилиш бўйича қатор мақолалар эълон қилиб борилди. Жойларда янги газ конлари очилгани, табиий газ қазиб олиш ҳажми ошаётгани, электр энергияси узатиш тармоқлари модернизация қилинаётгани ҳақида тинимсиз материаллар эълон қилиб келинди. Энергетика вазирлиги томонидан уюштирилган пресс-турларда Kun.uz мухбирлари ҳам қатнашди ва расмийлар берган маълумотлар аҳолига етказиб борилди.

Иккинчидан, Энергетика вазирлиги ва унинг таркибидаги ташкилот ва корхоналарнинг ахборот хизматлари ўз хабарларида соҳадаги ҳолатни яхшилаш юзасидан қилинаётан ишлар бўйича бериб борган маълумотлари қанчалик ростлиги бугунги кунда савол остида қолмоқда. Аслида, АОКАнинг барча эътирозлари ўшаларга нисбатан бўлиши керак эмасмиди?

ОАВнинг бош вазифаларидан бири – аҳоли муаммоларини юзага олиб чиқиш, эътиборга ҳавола этишдир. Свет ва газ муаммоси давлат раҳбари ўтказаётган йиғилишларда ҳам, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов томонидан ҳам тилга олиб ўтилди.

«Таъкидлаш лозимки, KUN.UZ веб-сайтидаги мазкур материалда муаммога бир томонлама ёндашув, ҳиссиётга берилиш, мамлакат ҳукуматини аҳолига нисбатан жиноят содир этаётганликда айблаш ҳолатлари кузатилди. Бу эса аҳолида мамлакат ҳукумати томонидан ушбу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга нисбатан салбий фикр-мулоҳазалар уйғонишига сабаб бўлиб, мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга фаровон турмуш кечириш учун шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончни сусайтириши мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда таъкидлаш жоизки, умумфойдаланишдаги ОАВ сифатида давлат рўйхатига олинган веб-сайтлар саҳифаларида кенг оммага мўлжалланган материаллар тарқатилишида кўтарилаётган масалалар атрофлича ўрганиб чиқилиши ҳамда ахборотлар холислиги ва ишончлилиги таъминлаши мақсадга мувофиқ ҳисобланади», – деб ёзилган хатда.

Қизиқ парадокс: вазиятни яхшилаш учун масъул мутасаддилар ислоҳотларга ишончни сусайтирмас экан-да, АОКА раҳбарининг фикрича, азият чекаётган халқнинг (ҳа, аламдан бироз) эҳтиросли фикрларини оммага олиб чиққан сайт сусайтирар эканми?

«KUN.UZ веб-сайти раҳбарияти юқорида таъкидлаб ўтилган ахборотни текширмасдан жойлаштирган ҳолатлари келгусида такрорланмаслиги юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрмаса, унинг давом этиши жиддий ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирилади», – дейилади хат сўнгида.

Kun.uz таҳририяти АОКА бош директорининг ушбу хатини журналистик фаолият эркинлигига босим ўтказиш деб баҳолашини маълум қилади.

Бу хатти-ҳаракатдан Эски Ўзбекистоннинг иси келмоқда, десак янглишмаган бўламиз.

Сўнгги пайтларда муаммони яратган мутасаддилар эмас, уни кўтариб чиққан матбуот ходимларини айблаш оддий ҳолга айланиб бормоқда. Ваҳоланки, ушбу «кураш» журналистларга эмас, муаммонинг ечимига қаратилса, аҳолига кўпроқ фойда келтирарди.

Халқнинг катта қисмини қийнаётган муаммо бор. У ёзилди ва ёзилмоқда. Шу боисдан ҳам бу муаммолар керакли инстанцияларда эшитилди. Энди парламент ҳам, ҳукумат ҳам, тегишли вазирлик ва идоралар ҳам муаммони бор бўйича қабул қилиб, уни бартараф этиш чораларини кўриши мақсадга мувофиқ.

Kun.uz қонун билан белгиланган ҳуқуқлари доирасида, мавжуд муаммоларни холис ва шу билан бирга борича ёритишда давом этади.

Kun.uz таҳририяти

Мавзуга оид